Полезное для бухгалтера в декабре:
Ўзбекистонда 2024 йил 1 январдан нималар ўзгаради
Бизнинг биринчи санадан кучга кирадиган янгиликларга оид анъанавий шарҳимизнинг ҳажми катта бўлди. Аммо ушбу янгиликларни билмай туриб, янги йилда иш юритиш қийин бўлади.
Шундай қилиб, 2024 йил 1 январдан бошлаб:
Айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот автоматик тарзда шакллантирилади
Ҳосил қилинган ҳисобот солиқ тўловчининг шахсий кабинетида акс эттирилади (18.10.2023 й. 548-сон ВМҚ). Солиқ тўловчи Солиқ кодексида белгиланган муддатларда ҳисоботни топшириш учун ҳисоботни текшириши ва уни солиқ органларига юбориши керак бўлади. Агар у хато ёки ноаниқликларни аниқласа, уларни фақат ҳисобварақ-фактура, маркетплейс, онлайн-НКМ чеклари ва БЮДда тузатиши мумкин бўлади.
❖
Биз Солиқ қўмитасида автоматлаштирилган айланмадан олинадиган солиқнинг мовий сатрлари қандай тўлдирилишини аниқлаштирдик.
Юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ солиш базаси оширилди
2024 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ базасини аниқлаш учун фойдаланиладиган кўчмас мулкнинг 1 кв. метрнинг энг кам қиймати ўзгарди.
У:
- Тошкент шаҳрида – 3 млн сўмни (ҳозир – 2,5 млн сўм);
- Нукус ва бошқа вилоят марказларида – 2 млн сўмни (1,5 млн сўм);
- бошқа шаҳар ва қишлоқларда – 1,2 млн сўмни (1 млн сўм) ташкил этди.
2024 йил учун ижаранинг энг кам ставкалари белгиланди
2024 йил 1 январдан кўчмас мулк ва автотранспортни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари кучга кирди.
Ижарага берувчи ва ижарага олувчи ижара шартномасининг ҳар қандай суммасини ёки текин ижара ҳақида келишиб олишлари мумкин. Аммо шартнома бўйича ижара тўлови суммаси энг кам ставкалар бўйича ҳисоблаб чиқарилган суммадан кам бўлса, ЖШДС белгиланган ижаранинг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
❖
2024 йил янгиликларини ҳисобга олган ҳолда ижаранинг энг кам ставкаларини қандай қўллаш керак – Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан сиз учун тушунтириш олдик.
Ишларни тафтиш тартибида кўриш жорий қилинди
25.12.2023 йилдаги ЎРҚ-887-сон Қонунга асосан:
- ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилди;
- юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланди;
- ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилди;
- иш юритишни тугатиш тўғрисидаги суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилишига рухсат берилди.
Маъмурий судлар қарорлари устидан шикоят қилишда давлат божи ундирилмайди
8.05.2023 йилдаги ПФ-67-сон Фармонга асосан маъмурий судларга шикоят қилишда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларидан давлат божини ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этилди.
Микроқарзнинг энг юқори миқдори 100 млн сўмгача оширилди
10.11.2023 йилдаги ПҚ-364-сон қарорга асосан микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилди.
Шу ҳужжат билан микромолия ташкилотларига:
- норезидентлардан хорижий валютада қарз маблағларини жалб қилиш ҳамда юридик шахсларга хорижий валютада молиявий хизматлар кўрсатишга рухсат берилди;
- жисмоний шахс бўлган иштирокчилардан (акциядорлардан) устав фондига (устав капиталига) киритилган ҳисса суммасининг ёки уларнинг эгалигидаги акциялар номинал қийматининг икки бараваридан ошмайдиган миқдорда қарз маблағларини жалб этишга рухсат берилди;
- тегишли лицензияни олгандан кейин тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.
Статистика ҳисоботи шакллари сони қисқарди
Статистика агентлиги томонидан 2024 йил учун давлат статистика ҳисоботи шакллари тасдиқланди (10.11.2023 й. АВ рўйхат рақами 3475-сон).
Хусусий сектор Рақамли технологиялар вазирлиги лойиҳаларида иштирок этади
24.05.2023 йилдаги ПФ-76-сон Фармонга асосан хусусий сектор қуйидаги имкониятга эга бўлди:
- Вазирлик буюртмасига асосан бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
- маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро тармоқларни лойиҳалаштириш.
Хусусий сектор йўл қурилишида иштирок этади
10.10.2023 йилдаги ПҚ-330-сон қарорга асосан 2024 йилдан бошлаб қишлоқ, вилоят ва шаҳар йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат “Менинг йўлим” дастури орқали ажратилади. Бунда хусусий компаниялар автомобиль йўлларида бажариладиган иш турларида, шу жумладан қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда сақлашда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Темир йўлда ташишга чегирмалар бекор қилинди
10.10.2023 йилдаги ПҚ-329-сон қарорга асосан темир йўлда юкларни маҳаллий, экспорт ва импорт йўналишларида ташиш тарифларига тақдим этилган чегирмалар 1 январдан бекор қилинади, бундан икки ёки ундан кўп хорижий мамлакатларнинг темир йўл маъмуриятлари билан келишувларга асосан тақдим этилган чегирмалар мустасно. Энди чегирмалар фақат Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тақдим этилади.
Давлат юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш ҳамда юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини тартибга солишни тўхтатади.
Маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини кафолатли харид қилиш муддати узайтирилди
12.10.2023 йилдаги ПФ-168-сон Фармонга асосан 2024 йил 1 январдан давлат бюджети маблағлари миқдори доирасида маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини кафолатли харид қилиш муддати 3 йилдан 10 йилгача узайтирилди. Ижобий клиник синовлар натижаларининг мавжудлиги, давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда сертификатлаш жараёнларига нисбатан талаблар ўзгаришсиз қолдирилди.
Катта юк ташувчи транспортларнинг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши учун янги йиғим жорий этилди
Юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3 тоифасидаги автотранспорт воситалари (юк ташиш учун мўлжалланган) ва О4 тоифасидаги тиркамалар учун автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиш ҳуқуқи учун йиғим белгиланди (25.12.2023 й. ЎРҚ-886-сон).
Қурилиш лойиҳаларига нисбатан экологик талаблар кучайтирилди
Атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи янги объектлар юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатишни ўз ичига олиши керак. Уларнинг ўрнатилиши кўзда тутилмаган лойиҳаларни давлат экологик ва шаҳарсозлик экспертизаларидан ўтказиш ҳамда қурилиши тугалланган объектларни, уларни ўрнатмаган ҳолда фойдаланишга қабул қилиш ман этилади (31.05.2023 й. ПФ-81-сон).
Янги ўзини ўзи банд қилганлар пайдо бўлади
Уй шароитида ёки касаначилик асосида дарахт ва бута кўчатларини (ниҳол) етиштириш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади (31.05.2023 й. ПФ-81-сон).
Ўрмон фондининг ерларини E-ijara орқали ижарага олиш мумкин
Ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, давлат органлари билан келишиш “E-ijara” ахборот тизими орқали амалга оширилади
Давлат қуйидагилар учун ижара тўловининг ноль ставкасини қўллайди:
- ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари учун, агар сиз ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этсангиз – 3 йил давомида;
- ўрмон фондининг чўл ҳудудларида жойлашган, сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкаларини ўзлаштирсангиз, бу ерларда чўл ва яйлов ўсимликлари (саксовул, черкез, қандим, қорабуроқ ва бошқа) плантацияларини барпо этсангиз (21.12.2023 й. 674-сон ВМҚ);
- ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари учун, агар сиз бу ерларни ўзлаштириб, ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) ва тез ўсувчи дарахтлар (павлония, терак ва бошқа) плантацияларини барпо этсангиз – 5 йил давомида.
Оилавий тадбиркорлик учун кредит ажратишда янги шартлар
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар 3 йилгача муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратилади (14.09.2023 й. ПҚ-306-сон).
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари суғурталаш учун субсидия олишлари мумкин
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳосилни суғурта қилишда суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия олишлари мумкин (11.09.2023 й. ПФ-158-сон).
Кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайтирилди
2024 йил 1 январдан бошлаб тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнида кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қаноатлантиришда уларга мутлақ устунлик берилади.
Бунда ундирув қаратилган гаровга қўйилган мол-мулкнинг очиқ кимошди савдосида сотилишини гаровга қўювчининг илтимосига асосан кечиктирилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, қарздорнинг ихтиёрий равишда тугатилиши жараёни бошланиши муносабати билан ижро ишини тамомлаш ҳамда мол-мулкни тасарруф қилишга доир чекловларни олиб ташлаш амалиёти бекор қилинди (29.04.2023 й. ПФ-63-сон).
Ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати узайтирилди
2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати узайтирилди. Илгари олинмаган пенсияни 12 ойлик давр учун талаб қилиб олиш мумкин эди. Энди ушбу муддат 24 ойгача узайтирилди (28.02.2023 й. ПФ-27-сон).
Уяли телефонларни божсиз олиб кириш қоидалари ўзгарди
Янги мобиль қурилмаларни олиб киришда мажбурий декларациялаш жорий этилмоқда. Жисмоний шахслар ҳар бир олиб кирилаётган қурилма учун декларация тўлдирадилар. Бунда умумий қиймати 2 минг АҚШ долларидан қиммат бўлмаган 2 тадан ортиқ бўлмаган қурилмани божсиз олиб кириш мумкин. Лимитдан ортиқча сумма учун 30% бож тўлаш керак бўлади.
Шу ҳужжат билан мобиль қурилмалар IMEI-кодларининг рўйхатдан ўтказмасдан фойдаланиш муддати 30 календарь кунидан 60 календарь кунига узайтирилди (26.10.2023 й. 563-сон ВМҚ).
УЖКХ бўйича қарздорлар ҳисоб-китоб қилмагунча кўчмас мулкни сотишлари мумкин эмас
2024 йил 1 январдан бошлаб квартиралар билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш нотариуслар томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг тизими орқали мулкдорнинг мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги текширилгандан кейин амалга оширилади (15.08.2023 й. ПҚ-278-сон).
Ёнғин аудити тўғрисидаги низом қабул қилинди
2024 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш тартиби (ёнғин аудити) жорий этилди. Махсус Низом тасдиқланди. Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини баҳолаш натижалари бўйича расмийлаштирилган хулосанинг амал қилиш муддати – 1 йил (25.12.2023 й. 679-сон ВМҚ).
Ёнғин аудити бўйича ижобий хулосасини олган, ёнғин ва бошқа хатарлардан ўзига тегишли бино ҳамда иншоотларни суғурталаган тадбиркорлик субъектларига нисбатан бир йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширувлар ўтказилмайди (04.08.2023 й. 332-сон ВМҚ).
Қонун ҳужжатларидаги ўзгартиришлар ҳақида Buxgalter PROнинг қуйидаги юридик тавсияларида ҳам ўқинг:
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади