Полезное для бухгалтера в ноябре:
Баъзи жарималарни 50% миқдорида тўлаш мумкин бўлади
2024 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги қоидабузарликлар учун жарималари миқдорини икки баравар камайтиришлари мумкин. Янги тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш учун таъсисчилар энди нотурар жой биноларини излашлари шарт эмас.
Президентнинг 09.01.2024 й. ПФ-8-сон Фармони билан назарда тутилган бу ва бошқа янгиликлар ҳақида батафсил buxgalter.uz сайтида.
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жаримага тортилган юридик шахс 2024 йил 1 мартдан бошлаб қуйидагиларни тўлаш билан чекланиш имконига эга бўлади:
- жарима суммасининг 50%, агар уни белгиланган кундан бошлаб 15 кун ичида тўласа;
- жарима суммасининг 70%, агар 30 кун ичида тўласа.
2024 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда таъсисчининг яшаш жойини почта манзили сифатида кўрсатиш мумкин бўлади. Бугун амал қилаётган тартиб қуйидагича: таъсисчилар янги ташкил этилган корхона жойлашадиган турар-жой бўлмаган биноларни топишлари, бино эгаси билан бўлажак ижара тўғрисида келишиб олиши ва у Е-ijara тизимида эришилган келишувларни рўйхатдан ўтказгунча кутишлари шарт.
Бундан ташқари, Президентнинг 09.01.2024 й ПФ-8-сон Фармонига мувофиқ 2024 йил 1 мартдан бошлаб:
- 22 турдаги лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинади;
- видеоалоқа воситалари ёрдамида талабгорнинг лицензия ёки рухсатнома олиш учун талаб ва шартларга жавоб беришини масофадан туриб баҳолашга рухсат берилади.
2024 йил 1 мартдан 2025 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент сифатида рентген ускуналарини эксплуатация қилиш ва ветеринар лаборатория-ташхислаш ишларини амалга ошириш бўйича фаолиятни бошлаш учун 3 ойгача мослашиш ва ўтиш даврини белгилайдиган махсус «Лицензиясиз бизнес» режими жорий этилади.
Чиқиш туризми хизматларини кўрсатувчи туроператорлар учун Хавфсиз туризм жамғармасига 15 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маблағларни киритиш мажбурияти бекор қилинди. Бунинг ўрнига фавқулодда вазиятлар юзага келганда мажбурий хавф суғуртаси жорий этилмоқда.
Эндиликда юридик шахслар транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун жойни ўзлари танлашлари мумкин (илгари юридик шахсларнинг транспорт воситаларини текшириш учун жойларни Республика ЙҲХХ белгилаган).