Тугалланмаган валюта операцияларининг оқибатлари қандай бўлади

preview

«Чет эл валютасидаги кредит маблағлари хом ашё етказиб берувчи норезидентга тўлаш учун йўналтирилган. Лекин, хом ашё олинмади ва кредитни таъсисчи сўндирди, у кредитни тўлаш учун чет эл валютасида нақд пул киритди. Натижада чет эл валютасидаги дебиторлик қарзи ва корхонанинг жисмоний шахс олдидаги қарзи сўндирилмади ва кредит маблағларидан ноўрин фойдаланиш юзага келди.

Бу ҳолатда қандай маъмурий ва солиқ оқибатлари назарда тутилади?» 

Саволга buxgalter.uz илтимосига кўра Солиқ қўмитасининг солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бўлими бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб беради:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Бундай ҳаракатларни амалга оширишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўриш керак.

Ташқи савдо операциялари солиқ ва бошқа ваколатли органларнинг доимий назорати остида бўлади.

Агар сиз қуйидагиларни ҳисобдан чиқаришга қарор қилсангиз, солиқ оқибатлари пайдо бўлади:

  • хом ашё сотиб олиш учун импорт шартномаси бўйича дебиторлик қарзи. Бундай ҳолда корхонангизда зарар юзага келади, бу даромад солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланмайдиган харажат бўлади, чунки уни иқтисодий жиҳатдан оқлаш имконсиз  ;
  • таъсисчи олдидаги кредиторлик қарзи. Бундай ҳолда фойда солиғи ҳисоб-китобида жами даромад таркибига киритиладиган даромад юзага келади .

Валюта дебиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш осон эмас. 

Шунчаки қарор қабул қилиш орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (ТСОЯЭАТ) муддати ўтган дебиторлик қарзларини ҳисобдан олиш имконсиз.

Муддати ўтган дебиторлик қарзлари юзага келганлиги учун қонунчилик томонидан жарималар назарда тутилган.

Ташқи савдо операциялари бўйича активлар репатриация қилишни 45 кундан ортиқ таъминламаган Ўзбекистон резидентлари, кичик тадбиркорлик субъектлари учун эса – 90 кундан ортиқ муддатга, норезидентга тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан кейин республика бюджети даромадларига жарима тўлайдилар:

  • репатриация қилинмаган активлар суммасидан 5% эквивалентда –  активларни репатриация қилишда тўлов ёки норезидентга экспорт қилинган санадан бошлаб 360 кунгача кечиктирилганда;
  • қўшимча репатриация қилинмаган активлар суммасидан 10% эквивалентда –активларни репатриация қилишда тўлов ёки норезидентга экспорт қилиш амалга оширилган санадан бошлаб 360 кундан 545 кунгача кечиктирилганда;
  • репатриация қилинмаган активлар суммасидан қўшимча 35% эквивалентда – активларни репатриация қилишда тўлов ёки норезидентга экспорт қилиш амалга оширилган санадан  545 кундан ортиқ кечиктирилганда.

Ташқи савдо операциялари бўйича активлар ўз вақтида репатриация қилинмагани учун жарималар қўллашнинг бошқа шартлари «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 11-1-моддасида белгиланган.

Барча ҳисобланган жарималар тўлангандан сўнг ҳукумат комиссияси томонидан Давлат солиқ қўмитасининг таклифлари асосида ТСОЯЭАТда қарзларни ҳисобдан олиш тўғрисида қарор қабул қилинишига умид қилиш мумкин .

Бундан ташқари, банкингиз шартнома бўйича норезидентга тўловлар ва ташқи савдо операцияси бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига юбориши шарт. Улар ўз навбатида чет эл валютасидаги пул маблағлари чет элга ўтказиш асосли эканлигини текширадилар ва зарур бўлганда мониторинг материалларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборишлари мумкин .  

Кредит маблағларидан мақсадли фойдаланиш кредит берган банк назорати остида бўлади, жавобгарлик эса кредит шартномаси шартларига боғлиқ. 

Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишнинг белгиланган тартибини бузиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 8 бараваридан 12 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида ушбу ҳуқуқбузарликни қайта  содир этиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 12 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади .

 

 

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text195963_tugallanmagan_valyuta_operaciyalarining_oqibatlari_qanday_buladi