Рақамли маркировка қоидаларидаги бўшлиқлар қонуний бизнесга қандай зарар етказмоқда

preview

2024 йилда рақамли маркировка бўйича Вазирлар Маҳкамасининг иккита қарори қабул қилинди. Улар асосан жавобгарликни кучайтиришга қаратилган, бир пайтнинг ўзида техник масалалар ҳал этилмай қолмоқда. Улар орасида -- маркировка қилинган товарларни муомаладан чиқариш муаммолари мавжуд.

Buxgalter.uz илтимосига кўра "ICONSULTANT" Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Иродахон АББОСХОНОВА ўз таклифлари билан ўртоқлашди:

Мутахассиснинг керакли тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Муаммолар қаерда пайдо бўлмоқда

– Ўзбекистонда товарларни рақамли маркировкалаш жорий этилганига 3 йилдан ошди. Унинг хуфёна иқтисодиёт ва контрафакт билан курашишдаги аҳамияти шубҳасиз, аммо уни амалга ошириш қонунга амал қилиб фаолият юритаётган бизнесда бир қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Қоидаларда бизнеснинг ўз фаолиятини қонуний олиб бориш қобилиятига таъсир қилувчи бўшлиқлар мавжуд.

Солиқ қўмитаси бизнес билан муаммоларни муҳокама қилди, маркировка қилинган товарларни муомаладан чиқаришнинг вариантларини таклиф қилди. Масалан, донабай сотиладиган таблеткалар ва қуйиб сотиладиган спиртли ичимликларни муомаладан чиқариш қоидалари. Аммо якуний қарор қабул қилинмаган, бу эса тиббиёт соҳаси, умумий овқатланиш ва меҳмонхона бизнеси корхоналари учун ноаниқлик яратмоқда.

Беморларни даволашда тиббиёт муассасалари томонидан ишлатилган дори воситаларини муомаладан чиқариш учун техник имкониятлар йўқ.

Аванс ва кредит тўловлари чекларида маркировка қилинадиган товарларни (маиший техника) акс эттириш муаммоси алоҳида хавотир уйғотмоқда. 23.11.2019 йилдаги ВМҚ-943-сонли қарорга кўра бу чекларда маркировка белгисини акс эттириш керак, аммо буни қандай қилиш – ноаниқ. Бўнак ва кредит тўловлари чекларида маркировка белгисини акс эттириш шарт эмаслиги ҳақида солиқ идораларининг оғзаки тушунтиришлари ВМҚга мос келмайди.

Эслатиб ўтаман, амалдаги қонунчиликка кўра, солиқ тўловчининг Солиқ қўмитаси томонидан номаълум шахслар доирасига тақдим этилган солиқ қонунчилигини қўллаш бўйича ёзма тушунтиришларга амал қилиши бу шахснинг солиқ ҳуқуқбузарлигини содир этишдаги айбини истисно қилади. Шунинг учун қўмита  оғзаки эмас, балки айнан ёзма тушунтиришлар бериши муҳим.

 

Нималарни қилиш мумкин ва зарур

Кўрсатилган техник масалаларни тезкор ҳал қилиш ва тадбиркорларга аниқ расмий ёзма кўрсатмалар бериш зарур. Шунда рақамли маркировка талабларини виждонан бажариш учун шарт-шароитлар яратилгани ҳақида гапириш мумкин. Акс ҳолда, назоратнинг кучайтирилишига қарамай, тизимнинг самарадорлиги шубҳа остида қолади, қоидаларга амал қиладиган  бизнес эса асоссиз хатарларга дуч келади.

Бизнеснинг хавотирлари асоссиз эмас, ҳар қандай, ҳатто аҳамиятсиз қоидабузарлик учун чорак йиллик соф тушумнинг 2 фоизи миқдоридаги жарима тўлаш зарурлиги хавотир уйғотмоқда. Бизнес бу жарималар техник ечими бўлмаган вазиятларда ҳам қўлланилишидан қўрқмоқда. Бунда ҳар бир ҳолатни шикоят қилиб, вазиятни идора юқори раҳбариятига етказиш имкониятлари  кам.  Бу масъулиятли корхоналарнинг адолатсиз жазоланиши хавфини яратади.

Солиқ қўмитасида рақамли маркировка қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш ва солиқ тушумларининг тўлиқлигини таъминлаш учун 7 та штат бирлигидан иборат махсус тузилма яратилмоқда. Рақамли маркировка тизимининг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш учун зарур бўлган ёзма қўлланмани ишлаб чиқиш ва солиқ тўловчиларга етказиш вазифасини унга юклаш мантиқан тўғри бўлар эди.

Аммо аввал бизнес вакиллари билан учрашув ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бу TADAT (солиқ маъмуриятчилигини диагностик баҳолаш воситаси) тавсияларига мос келади, у ўзининг учинчи компонентида (POA3) солиқ тўловчилар талабларга ихтиёрий риоя этиш учун зарур маълумот ва қўллаб-қувватлаш билан қанчалик таъминланганини баҳолайди.

Хуфёна иқтисодиёт ва контрафакт билан кураш, шубҳасиз, қўллаб-қувватлашга лойиқ ва муҳим давлат вазифаси ҳисобланади. Аммо яна бир бор таъкидлайман: барча кўрсатилган масалалар ҳал этилмагунча ва аниқ, тушунарли ва техник жиҳатдан амалга ошириладиган қоидалар яратилмагунча, бизнесдан рақамли маркировканинг барча талабларига риоя қилишни кутиб бўлмайди.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Товар ва хизматлар кодлари Товар ва хизматлар кодлари Товар ва хизматлар кодлари /ru/publish/doc/text202058_raqamli_markirovka_qoidalaridagi_bushliqlar_qonuniy_biznesga_qanday_zarar_etkazmoqda