Солиқ соҳасида низоларни ҳал қилиш механизмида нималар ўзгармоқда

preview

2024 йил август ойида Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти якунлари бўйича қабул қилинган Амалий тадбирлар режасида  Савдо-саноат палатаси ҳузурида Эксперт кенгашини ташкил этиш ва солиқ соҳасида низоларни судгача ҳал қилишнинг ягона тартибини жорий этиш назарда тутилган.

Экспертлар фикрига кўра, бу солиқ органлари доирасида низоларни ҳал қилишнинг мавжуд тизими самарасиз эканлигини, у бизнес ҳамда давлат эҳтиёжларини қондирмаслигини аниқ кўрсатмоқда. Ва бу солиқ органлари учун жиддий синовдир.

«ICONSULTANT» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Иродахон АББОСХОНОВАнинг бу масала бўйича шарҳини эълон қиламиз:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Фикримча, муҳим муаммо шундаки, солиқ органлари судга мурожаат қилмасдан ва ташқи тузилмалар аралашувисиз ўз хатоларини ўз вақтида тузатиш учун мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаяпти. Бунинг ёрқин мисоли – “автокамерал” формулаларининг нотўғри ишлаши туфайли келиб чиқадиган кўплаб суд процесслари. Кўп масалалар судгача етиб боради, ваҳоланки улар судгача ҳал қилиш босқичида Солиқ қўмитаси томонидан ҳал этилиши мумкин.

Бунда мен ССП ҳузурида Эксперт кенгашининг ташкил этилиши вақтинчалик ечим бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Узоқ муддатли истиқболда солиқ органлари солиқ тизимининг барқарорлиги ва прогноз қилинишини таъминлаш учун низоларни самарали ва адолатли ҳал қилиш бўйича ўз ваколатларини ривожлантиришлари керак.

Агар ДСХО бирон бир ташқи тузилмаларсиз солиқ низоларини самарали ҳал қилишни ўрганмаса, бу ҳақиқатан ҳам самарали ва адолатли солиқ маъмуриятчилиги тизимини яратишга имкон бермайди, чунки:

1) бизнеснинг солиқ органларига ва умуман давлат тизимига ишончи пасаяди;

2) тадбиркорлар низоларни ҳал қилиш учун қўшимча тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик қилишларига тўғри келиши боис бизнесга маъмурий юк ортади;

3) солиқ органлари низоларни ҳал қилиш соҳасидаги ваколатларини йўқотадилар, бу эса узоқ муддатли истиқболда уларнинг иш сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин;

4) турли тузилмалар ўртасида судгача ҳал қилиш учун жавобгарлик ноаниқ бўлади;

5) эҳтимол, қўшимча инстанциялардан ўтиш зарурияти туфайли низоларни ҳал қилиш муддатлари узаяди.

Айтганча, бу 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон Фармонда назарда тутилган солиқ органлари ва солиқ тўловчиларнинг ўзаро муносабатлари муаммоларини ҳал қилишга қаратилган ягона чора эмас. Шу жумладан – “автокамерал” билан боғлиқ муаммоларни. Жамоатчилик “автокамерал”нинг барча формулаларини Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилишни анча олдин таклиф қилганди. Декабрь ойига қадар улар эълон қилиниши керак. Бу солиқ органлари ва жамоатчилик ўртасида формулалар сифатини яхшилашга қаратилган мулоқотга ёрдам беради, деб ҳисоблайман. Формулалар барча эҳтимолий вазиятларни ҳисобга олиши ва “автокамерал” хатоларини муҳокама қилиш учун солиқчилар ҳамда солиқ тўловчилар вақтини сарфламаслиги учун.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text202848_soliq_sohasida_nizolarni_hal_qilish_mehanizmida_nimalar_uzgarmoqda