Ответы на ваши вопросы есть в Buxgalter Pro:
Хизматлар экспортида айланмадан олинадиган солиқдан ҚҚСга ўтиш: қадамма-қадам йўриқнома

Вазият: МЧЖ тижорат фаолияти масалалари бўйича маслаҳат бериш (консалтинг) билан шуғулланиб, фақат экспортга – хорижга хизмат кўрсатади. Компания 2023 йил апрель ойида ташкил қилинган ва рўйхатга олинган пайтидан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлаш билан махсус солиқ режимини қўллаган. 2023 йил учун айланмаси 800 млн сўмни ташкил қилган, яъни 1 млрд сўмдан ошмаган.
2024 йил давомида компания 4 фоизли ставка бўйича айланмадан олинадиган солиқни қўллашда давом этган. Бироқ 2025 йил март ойида солиқ органларидан 2023 йилда (рўйхатга олинган йил) чекланган йиллик айланмаси ошиб кетганлиги ва компания 2024 йил 1 январидан бошлаб умумбелгиланган солиқларга ўтиши кераклиги тўғрисида хабарнома олган.
Ушбу вазиятда энди қандай тўғри йўл тутиш кераклигини buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтириб берди:
Мутахассиснинг зарур тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Кўриб чиқилаётган вазиятда бухгалтер 2023 календарь йили учун айланма 1 млрд сўмдан ошмаса, компания айланмадан олинадиган солиқни тўлашда қолиши мумкин деган нормани нотўғри талқин қилган. Бу солиқ тўловчининг хатоси, чунки чегаравий қийматни СК 462-моддаси 10-қисмидаги формула бўйича индивидуал ҳисоблаш керак.
Ушбу нормага кўра, агар янги ташкил этилган юридик шахсда ёки янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад суммаси рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар, 365 га бўлинган ва рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар бўлган кунлар сонига кўпайтирилганда 1 млрд сўмга тенг суммадан ошса, у ҳолда бундай шахслар рўйхатдан ўтилган йилдан кейинги йилдан эътиборан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
Агар МЧЖ 2023 йил 1 апрелда ташкил этилган бўлса ва унинг фаолияти кунлари сони 275 кунни ташкил этса, ҚҚС ва фойда солиғига ўтиш учун чегаравий қиймат қуйидагича бўлади: 1 000 000 000 : 365 × 275 = 753 424 658 сўм.
МЧЖнинг тушуми 800 млн сўмни ташкил қилгани учун у умумбелгиланган солиқ режимига ўтиши керак эди.
Албатта, агар солиқ органи бундан олдинроқ хабар берганида, солиқ оқибатлари ҳам камроқ бўларди. Бироқ солиқ тўловчининг хатоси учун жавобгарликни солиқ органига юклаш нотўғри бўларди, чунки солиқларни тўғри ҳисоблаш ва тўлаш, ҳисоботларни топшириш солиқ тўловчининг ўз мажбурияти ҳисобланади СК 22-м..
ҚҚСга ўтиш зарурлиги тўғрисида хабарнома олган бўлсангиз, нима қилиш керак
1-қадам: ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш
ҚҚС тўловчиси сифатида мажбурий тартибда рўйхатдан ўтиш керак. Буни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга ошириш мумкин.
2-қадам: Хизматлар экспортида ҚҚС бўйича имтиёзларни қўллаш
ҚҚС тўловчиси мақомини олгандан сўнг, агар хизматлар экспорти реализация жойи Ўзбекистон ҳисобланмайдиган хизматларга тегишли бўлса, СК 266-моддаси 5-қисмига кўра ҚҚС ҳисобга олиш мақсадида солиқ солинадиган айланма деб эътироф этилади.
3-қадам: Солиқ органининг хабарномасига жавоб бериш
Хабарномага жавоб бериб, ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олинишга киришаётганингизни, шунингдек сиз экспортчи эканлигингизни ва хизматларингиз реализация қилиш жойи Ўзбекистон эмаслигини кўрсатишни тавсия этаман.
Солиқ оқибатлари
Йил бошидан (мисолимизда – 2024 йил 1 январидан) мажбурий равишда умумбелгиланган солиқларга ўтишда ўтган давр учун солиқ мажбуриятларини қайта ҳисоблаш керак бўлади. Бу МЧЖ:
- 2024 йил 1 январидан бошлаб бутун давр учун солиқларни қайта ҳисоблайди;
- солиқ ҳисоботларини топширади;
- солиқ қонунчилигига мувофиқ солиқларни ўз вақтида тўламаганлик учун пеняларни тўлайди.
Мисолимиздаги компания ҚҚС тўлаши шарт эмас, лекин солиқни ҳисобга олиш ва қайтариш ҳуқуқини қўллаши мумкин. Ва айланма солиғи ўрнига у солиқ солинадиган фойдадан 15 фоизлик ставка бўйича фойда солиғини тўлайди.
Агар сизда ҳам шунга ўхшаш вазият бўлса, имкон қадар тезроқ ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш жараёнини бошлашни ва параллел равишда мумкин бўлган солиқ оқибатларини минималлаштириш учун хизматларнинг экспорт хусусиятини ва уларнинг реализация жойини тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлашни тавсия қиламан.
Юлия ТАРШИЛОВА тайёрлади