Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари 2026 йил 1 январдан бошлаб ўз даромадларидан қатъи назар ҚҚС тўловчилари бўлади. Шунингдек, улар маълум шартларга мувофиқ келганда бюджетга тўланган ҚҚСнинг 80 фоизини қоплаш имкониятига эга бўлади.
Бошқа муҳим ўзгаришлар ҳам бор. Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналга обуна бўлинг.
Президентнинг 26 июндаги ПҚ-207-сон қарори – «Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қуйидаги чора-тадбирларни белгилади:
1. Ҳужжат кучга кирган санадан бошлаб (30.06.2025 й.) заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга Соҳаларни қўллаб-қувватлаш фондига ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларни ҳам қоплашга рухсат берилди:
- заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш жараёнларини халқаро тизимларда сертификациялаш (1 сертификат учун 30 минг АҚШ долларигача);
- машҳур хорижий брендлардан заргарлик буюмлари дизайнларини сотиб олиш ва улар билан франшиза шартларида ҳамкорлик қилиш (тадбиркорлик субъекти учун 30 минг АҚШ долларигача);
- ПҚ-207-сон қарорга 1-сон иловада санаб ўтилган бошқа мақсадлар.
2. 2025 йил 15 июлдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, рўйхатлар бўйича олиб кирилувчи заргарлик саноати учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, комплектловчи ва сарфланувчи материаллар 2028 йил 1 июлгача бож солиғидан озод қилинади.
3. Заргарларга олтин металларни «Навоий КМК» АЖ ва «Олмалиқ КМК» АЖ билан бевосита шартномалар асосида ва бўлиб тўлаш шартида сотиш тартиби 2030 йил 1 январгача узайтирилади. Бунда қимматбаҳо металларни бўлиб тўлашда сотиб олган ва муддати ўтган қарзга йўл қўйган тадбиркорлик субъектларига қарз тўлиқ тўланмагунча қимматбаҳо металлар сотилмайди.
4. 2026 йил 1 январдан бошлаб:
- Қуйидагилар бекор қилинади:
– қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган заргарлик буюмлари ва ярим фабрикатларни сотишдан тушган айланмани ҚҚСдан озод қилиш кўринишидаги имтиёз;
– олтиндан тайёрланган заргарлик буюмларини чакана савдода сотишдан йиғим;
- заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ўз даромадларидан қатъи назар ҚҚС тўловчилари деб тан олинади;
Тавсия:
- 2028 йил 1 январгача заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилари ҚҚС базасини заргарлик буюмлари (ярим фабрикатлар) сотиш нархи билан уларнинг таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи ўртасидаги мусбат фарқ асосида белгилайди. Бунда:
– заргарлик буюмлари ва ярим фабрикатлар сотиш нархидан фақат «Навоий КМК» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖдан сотиб олинган, шунингдек биржа савдоларида бошқа субъектлардан олинган қимматбаҳо металлар нархи ва импорт қилинган қимматбаҳо тошлар нархини айиришга рухсат этилади;
– заргарлик буюмлари ва ярим фабрикатлар таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинадиган нархлар асосида ҳисобланади;
– қимматбаҳо металларни кичик миқёсда қазиб олиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек аффинаж корхоналарига қимматбаҳо металларни биржа савдоларида сотишга рухсат берилади;
- 2028 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ҳар ойнинг 25-санасидан кечиктирмай республика бюджетидан улар томонидан бюджетга тўланган ҚҚС нинг 80 фоизи автоматик равишда қайтарилади. Бунда ушбу тартиб юқоридаги субъектлар томонидан солиқ даврида жами олган даромадининг камида 80 фоизи заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва улар билан чакана савдо қилишдан олинган тақдирда татбиқ этилади.
5. 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади.
6. 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 сентябргача:
- Ўзбекистонга заргарлик буюмларини (ТИФ ТНнинг 7113 ва 7114 товар позициялари) олиб киришда бож солиғи 2 фоиз ставка бўйича қўлланилади;
- заргарлик буюмларини «эркин муомалага чиқариш» ва «экспорт» божхона режимларига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун йиғим ушбу буюмларнинг божхона қийматидан қатъи назар БҲМ 1 баравари миқдорида олинади.
![]()