Ўзбекистонда иштирокчини МЧЖ таркибидан қандай чиқариш мумкин: йўриқнома

preview

МЧЖ иштирокчиси мунтазам равишда умумий йиғилишларни эътиборсиз қолдирса, муҳим қарорларни блокласа ёки бизнесга зарар етказса, корпоратив низо ҳал қилиб бўлмайдиган даражага етиши мумкин. Бундай ҳолларда охирги, лекин қонунда назарда тутилган чора муассисни МЧЖ таркибидан чиқариш чораси қўлланилади.

Қонун қачон иштирокчини МЧЖ таркибидан мажбурий равишда чиқаришга рухсат беришини, судга даъво аризаси бериш учун қандай ҳужжатлар зарурлигини, иштирокчи томонидан қоидабузарликларни қандай исботлашни ва суд қароридан кейин унинг устав капиталидаги улуши билан нима содир бўлишини кўриб чиқамиз.

 

Материалда: 

иштирокчини МЧЖдан чиқаришга қачон йўл қўйилади;
ким чиқариб ташлаш ташаббускори бўлишга ҳақли;
МЧЖдан иштирокчини қандай чиқариб юбориш керак: тартиб;
чиқариб юборилган иштирокчининг улушини қандай тасарруф этиш керак.

 

Қачон иштирокчини МЧЖдан чиқариш мумкин

Ўзбекистонда муассисни жамиятдан мажбурий равишда чиқаришга фақат иқтисодий суд орқали йўл қўйилади  .

«Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги Қонун бунинг учун иккита шартни назарда тутади :

– жамият иштирокчисининг мажбуриятларини қўпол равишда бузиш;

– МЧЖ фаолиятини имконсиз қиладиган ёки уни сезиларли даражада қийинлаштирадиган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик.

Судга мурожаат қилиш учун одатий асосларга мисоллар:

  • мунтазам равишда узрли сабабларсиз умумий йиғилишларга келмаслик, айниқса, таъсисчи йўқлиги сабабли принципиал масалаларни ҳал қилиш учун кворум тўплашнинг иложи бўлмаса. Масалан, бундай ҳолларда жамиятга зарар етказаётган директорни алмаштириш мумкин эмас;
  • компания фаолияти тўғрисидаги махфий маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилиш. Тижорат сирини рақобатчиларга бериш бизнесга тўғридан-тўғри зарар етказади;
  • жамият активларини пасайтирилган нархда чиқариш. МЧЖ мол-мулкини аффилланган тузилмалар фойдасига бозор нархидан паст нархда сотишга кўмаклашиш;
  • жамият ресурсларидан фойдаланган ҳолда рақобатдош бизнесни яратиш. Иштирокчи худди шу соҳада ўз фирмасини очади, мижозлар ва ишчиларни ўзига жалб қилади;
  • мол-мулкни текинга олиб чиқишга сабаб бўладиган битимларни маъқуллаш. Активларни тўловсиз ёки бошқа компенсациясиз топшириш учун овоз бериш.

Шуни тушуниш муҳимки, таъсисчилар ўртасидаги корпоратив низо фактининг ўзи иштирокчини МЧЖ таркибидан чиқариш учун асос бўлмайди. Суд иштирокчининг аниқ ҳаракатлари ва уларнинг жамият фаолиятига таъсирини баҳолайди.

 

Иштирокчини жамиятдан чиқариш ташаббуси билан чиқишга ким ҳақли

Иштирокчини МЧЖ таркибидан чиқариш тўғрисидаги даъво билан фақат улуши жами жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида 10 фоизини ташкил этувчи иштирокчилар судга мурожаат қилишлари мумкин . Жамиятнинг ўзи юридик шахс сифатида таомилни бошлашга ҳақли эмас.

Қонуний даъвогарлар қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • устав капиталида 10% улушга эга бўлган битта иштирокчи
  • 6% ва 4% улушга эга иккита таъсисчи (жами 10%).
  • ҳар бирининг улуши 4% дан бўлган учта иштирокчи (жами 12%).

Чиқариб юборилаётган муассис улушининг миқдори аҳамиятга эга эмас.

 

Ўзбекистонда МЧЖдан иштирокчини чиқариш тартиби:

1. Далилий базани тўплаш

Судга мурожаат қилишдан олдин, далиллар базасини тўплаш керак. Қоидабузарликлар ҳужжатлар билан тасдиқланмаса, суд даъво аризасини қабул қилмайди.

Керакли ҳужжатлар ва далиллар:

  • иштирокчиларнинг умумий йиғилишлари баённомалари. Улар чиқариб юборилаётган иштирокчининг йўқлигини ва кворум йўқлиги сабабли қарор қабул қилишнинг имкони йўқлигини қайд этадилар;
  • йиғилишларда иштирокчиларни рўйхатга олиш журнали. Келмасликнинг мунтазамлигини тасдиқлайди;
  • йиғилишлар ўтказилиши тўғрисида билдиришномалар олинганлиги ҳақида белги қўйилганлиги муассис йиғилиш ўтказиладиган сана ва жой, йиғилишнинг кун тартиби тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тарзда хабардор қилинганлигини исботлайди;
  • иловалар рўйхати билан почта квитанциялари. Иштирокчининг манзилига хабарномалар юборилганлигини тасдиқлайди;
  • МЧЖ устави. Қарор қабул қилиш тартибини ва бир овоздан ёки кўпчилик овоз билан ҳал қилиниши керак бўлган масалалар рўйхатини ўз ичига олади;
  • жамиятга зарар етказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар. Масалан, ноқулай шартлардаги шартномалар, инвентаризация далолатномалари, ёзишмалар.

2. Даъво аризасини ёзиш

Даъвода иштирокчининг қоидабузарликлари ва жамият учун салбий оқибатлари ўртасидаги сабаб-оқибат боғлиқлигини кўрсатиш муҳим.

Йиғилишга келмаслик фактларини санаб ўтишнинг ўзи етарли эмас.

Айнан шу таъсисчининг йўқлиги туфайли муҳим қарорни қабул қилиш барбод бўлганини исботлаш керак.

Масалан, бундай ҳолларда мулкнинг олди-сотди битимини тасдиқлаш, йирик шартнома тузиш ёки директорни алмаштириш мумкин бўлмаган.

Даъво аризаси МЧЖ жойлашган ердаги иқтисодий судга берилади .

Даъво аризасига даъвогарларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи барча далиллар ва ҳужжатлар: устав, таъсис шартномаси, registr.stat.uz, my3.soliq.uz сайтларидан иштирокчилар таркиби тўғрисидаги кўчирма нусхалари илова қилинади.

 

3. Ишни судда кўриш

Судья тақдим этилган далилларга баҳо беради ва жавобгарнинг ҳаракатлари мажбуриятларни қўпол равишда бузиш, фаолиятни имконсиз қиладиган ёки уни жиддий равишда қийинлаштирадиган ҳаракатлар қилиш ёки ҳаракат қилмаслик мезонларига тўғри келишини аниқлайди. Йиғилишларга келмаслик сабабларининг узрлилиги, жамият фаолиятига таъсир даражаси, қасднинг мавжудлиги ҳисобга олинади.

Суднинг чиқарилган ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган бўлса, қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради. Шу вақтдан бошлаб иштирокчи таъсисчилар таркибидан чиқарилган ҳисобланади.

Эътибор беринг!

МЧЖдан иштирокчини чиқариш охирги чорадир. Судга мурожаат қилишдан олдин, низони музокаралар билан ҳал қилишга ҳаракат қилиш тавсия этилади. Иштирокчига улуш қийматини тўлаган ҳолда ихтиёрий равишда чиқишни ёки улушни бошқа таъсисчиларга сотишни таклиф қилиш мумкин.

Суд низолари вақт ва маблағ талаб қилади. Жараён бир неча ой давом этиши мумкин. Бундан ташқари, жамиятдан чиқарилган иштирокчи ўз улушининг ҳақиқий қийматини олиш ҳуқуқини сақлаб қолади, бу эса жамиятга молиявий юкни келтириб чиқаради.

Сифатли тузилган устав низоларнинг олдини олишга ёрдам беради. МЧЖни ташкил этишда иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, қарорлар қабул қилиш тартибини, муассисларнинг чиқиб кетиш ва чиқариб ташлаш тартибини, улушларнинг бошқа шахсга ўтиш қоидаларини батафсил баён этиш муҳимдир.

 

Чиқариб юборилган иштирокчининг улуши нима бўлади

Суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг, чиқарилган муассиснинг улуши жамиятга ўтади.  Бунда жамият жамиятдан чиқарилган иштирокчига улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қийматини тўлаши ёки, агар жамият уставида камроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, улуш (улушнинг бир қисми) жамиятга ўтган пайтдан эътиборан бир йил ичида худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт .

Улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қиймати жамият соф активларининг қиймати билан унинг устав фонди (устав капитали) миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади. Агар бундай фарқ етарли бўлмаса, жамият ўзининг устав фондини (устав капиталини) етишмаётган суммага камайтириши шарт .

 

Тўлов усуллари

Чиқариб юборилган иштирокчининг банкдаги ҳисоб рақамига пул ўтказиш асосий вариант ҳисобланади.

Мол-мулкни топшириш – томонларнинг розилиги билан мумкин бўлган муқобил вариант. Жамият улуш қийматига тенг суммадаги асосий воситалар, материаллар ёки бошқа активларни бериши мумкин.

Тўлов муддати – қарор кучга кирган кундан бошлаб 1 йил. Жамият уставида камроқ муддат, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган муддат белгиланиши мумкин. Уставнинг бир йилдан ортиқ тўлов муддати тўғрисидаги қоидалари ҳақиқий эмас .

 

Иштирокчилар таркибининг ўзгариши  

Улуш жамиятга ўтганидан сўнг МЧЖнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш лозим  . Таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарор қолган иштирокчиларнинг умумий йиғилишида қабул қилинади.

Қайта рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар улушни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида тақдим этилади.

 

 

Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи /ru/publish/doc/text213004_uzbekistonda_ishtirokchini_mchj_tarkibidan_qanday_chiqarish_mumkin_yuriqnoma