Полезное для бухгалтера в ноябре:
Аграрчилар ва озиқ-овқат корхоналари агросубсидияни қандай олади
Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини субсидиялаш тўғрисидаги низом тасдиқланди . Агросубсидиялар аграр ва озиқ-овқат соҳаларида фаолият кўрсатувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Уларни олиш механизми – Buxgalter.uz шарҳида.
Субсидия олиш учун:
1. Ариза берувчи ахборот тизими орқали агросубсидия ажратишни тартибга солувчи ишчи гуруҳга ариза ва бошқа ҳужжатларни топширади;
2. Ишчи гуруҳ ариза берувчининг фаолият кўрсатиш жойига чиқади ва агросубсидиянинг тури бўйича бажарилган иш ва хизматларни (маҳсулотларни) ўрганиб чиқади ҳамда натижалари бўйича субсидияни ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани тайёрлайди;
3. Хулоса тақдим этилгандан кейин 3 иш кунида ариза берувчи аризани кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хат олади;
4. Худди шу муддатда тўлов ҳужжатлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасига юборилади;
5. Ғазначилик хизмати қўмитаси тўлов ҳужжатларини олгандан сўнг 1 иш кунида тегишли субсидия суммасини агросубсидия олувчининг банк ҳисобварағига ўтказади.
Субсидиялар “2+1” тамойили асосида ажратилади, бунда субсидияланган маблағлардан 2 йил давомида фойдаланиш натижалари ижобий баҳоланса, субсидиянинг амал қилиш муддати қўшимча 1 йилга узайтирилади.
Агросубсидия ажратишни тартибга солувчи ишчи гуруҳ бир йилда камида икки марта маблағлардан мақсадли фойдаланилганлиги бўйича мониторинг юритади. Агар мақсадсиз фойдаланилганлиги, субсидиялаш шартларига риоя қилинмаганлиги ёки ҳужжатларнинг сохталаштирилганлиги аниқланса, ажратилган маблағлар Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича фоизлар (пеня) тўлаш мажбурияти билан олувчидан қайтариб олинади.
Низом 2023 йил 4 августдан кучга кирди.