Полезное для бухгалтера в ноябре:
Божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш режимида нималар ўзгаради
2022 йил 1 майдан бошлаб Президентнинг ПФ-115-сон Фармонига мувофиқ божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишининг соддалаштирилган тартиби жорий қилинади.
Божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш бўйича операциялар қуйидагилардан иборат:
- олиб кирилган товарни унинг дастлабки хоссалари ва индивидуал кўрсаткичларини ўзгартириб, лекин қайта ишлаш маҳсулотида уни идентификациялаш имконини берувчи товар хусусиятларини сақлаган ҳолда бевосита қайта ишлаш ёки унга ишлов бериш;
- олиб кирилган товардан фойдаланган ҳолда бошқа товар тайёрлаш, монтаж қилиш, йиғиш ёки қисмларга ажратиш, товарни таъмирлаш, шу жумладан уни тиклаш ва таркибий қисмларини алмаштириш;
- қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга кўмаклашувчи ёки уларнинг ишлаб чиқарилишини енгиллаштирувчи бошқа товарлардан, агар бу товарлар қайта ишлаш жараёнида тўлиқ ёки қисман ишлатилса, хомашё сифатида фойдаланиш.
Янги соддалаштирилган тартибнинг шартлари:
- Товарларни қадоқлаш, ўраш, қайта ўраш, саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари ҳисобланади.
- Товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштиришда товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги НҲҲлар талабларига мувофиқлигини мажбурий тасдиқлаш ҳамда санитария-эпидемиологик хулосани тақдим этиш талаб этилмайди.
- Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормалари агар ушбу нормалар белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса, уларни қайта ишлаш технологияси, ишлаб чиқариш ва (ёки) юк операцияларидаги йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда, қайта ишловчи субъект томонидан тасдиқланади ва божхона органига тақдим этилади. Ушбу чиқиш нормалари божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатномаларда қайд этилади ҳамда унинг ҳаққонийлиги учун қайта ишловчи субъект жавобгар ҳисобланади.
- Айнан бир хил турдаги товарларни қайта ишлаш бўйича, контрактлар сонидан қатъи назар, 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга божхона органи томонидан умумий рухсатнома берилади. Бунда, ҳар бир қайта ишлаш операцияси (контракт) учун чиқиш нормаси тақдим этилади.
- Махсус иқтисодий зона иштирокчилари ва ваколатли иқтисодий операторлар учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тартиби қўлланилмайди.
- Қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштиришда божхона божи ундирилмайди.
- Товарларни қайта ишловчи ваколатли шахслар ҳар чоракда ДБҚнинг ахборот тизими орқали божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига риоя қилинганлиги тўғрисида ҳисоботларни тақдим этади.
- Товарлар экспорти учун қонунчилик билан белгиланган божхона йиғимлари ставкалари, имтиёзлар, преференциялар ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа чоралар, шу жумладан темир йўлда ташиш тарифлари, субсидиялар ва компенсациялар "реэкспорт" божхона режимида олиб чиқиладиган қайта ишлаш маҳсулотларига ҳам татбиқ этилади.
- Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашнинг мақсади товарларни таъмирлаш бўлса, товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга рухсатнома талаб этилмайди.
- Товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатнома ТИФ иштирокчиси томонидан кейинчалик бошқа шахсга, агар ушбу шахс мазкур рухсатнома бўйича барча мажбуриятларни ўз зиммасига олса, ўтказилиши мумкин.
- ТИФ иштирокчисининг аризасига асосан божхона органи товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатномаларда қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаларига, қайта ишлаш манзилига, томонларнинг реквизитларига, қайта ишлаш муддатига қонунчиликка зид бўлмаган ўзгартиришлар (қўшимчалар) киритиш ҳуқуқига эга.