Полезное для бухгалтера в ноябре:
ID-картани қандай ва қаердан олиш мумкин бўлади
Президентнинг 22.09.2020 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. ID-карталарини олиш механизми қандай ишлаши ҳақида юридик масалалар бўйича “Норма” эксперти Олег ЗАМАНОВ гапириб берди:
- Эслатиб ўтамиз, ID-карталар 2021 йилдан бошлаб 2011 йилги намунадаги биометрик паспортлар ўрнига жорий этилади. Бунда биометрик паспорт тизимининг амалдаги инфратузилмасидан фойдаланилади.
ID-картани олиш ва алмаштириш юзасидан қуйидагиларга мурожаат қилиш мумкин:
- Ўзбекистон фуқаролари - ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ИИБнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига (олиш ва алмаштириш учун) ёки давлат хизматлари марказларига (алмаштириш учун);
- мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар - доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилдаги МваФР бўлинмасига –олиш учун, ва ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган бундай бўлинмаларга - алмаштириш учун.
2020 йил якунига қадар ЯИДХПда ID-картасини олиш учун мурожаат қилиш, электрон навбатга туриш ва онлайн тўловни амалга ошириш имкониятини жорий этишлари керак.
Карта ҳужжатлар топширилганидан эътиборан 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади, ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга - 15 кун муддатда уларнинг яшаш манзилига борган ҳолда карта расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди. Ҳукумат илгари ID-карталарни расмийлаштириш ва бериш учун давлат божини белгилаган эди – БҲМнинг 89%и миқдорида. Фармон эса ушбу масалада “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ҳавола беради (у ерда ҳозирча бундай ставка мавжуд эмас, таҳр.).
Шунингдек, таъкидлаб ўтамизки:
- ID-картасининг бланкасида эгасининг миллати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмасдан унинг чипига киритилади;
- ўз ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда, жаримага тортилмайди.
Бундан ташқари, ID-карталари боланинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим қилинганидан сўнг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) ихтиёрига кўра расмийлаштирилиши мумкин. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома эса ID-картасини олиш учун мурожаат этилганда ФҲДЁнинг ягона электрон архиви орқали олиниши мумкин.
Қачон ҳамма ID-картага ўтиши шарт
Биометрик паспортлар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини ID-карталарига алмаштириш икки босқичда амалга оширилади:
- 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабрга қадар - ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра;
- 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабрга қадар - мажбурий тартибда.
Амалдаги биометрик паспорт ва Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом 2030 йил 31 декабрга қадар ҳақиқийдир. 2011 йилги намунадаги биометрик паспорт 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Norma.uz материаллари асосида