Ишларни вахта усулида ташкил этиш тўғрисида Низом қабул қилинди

preview

Вазирлар Маҳкамаси 09.10.2020 йилдаги “Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 636-сон қарорни қабул қилди. Norma.uz портали ушбу ҳужжатнинг шарҳини тайёрлади.

Қабул қилинган Низом:

  • узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини ташкил қилиш;
  • вахта усулида ишлаётган ходимларнинг дам олиш вақтида ҳаёти ва иш фаолиятини таъминлаш учун вахта шаҳарчаларини ташкил қилиш;
  • ишларни вахта усулида ташкил қилишда меҳнат ва дам олиш режими, иш вақти ҳисобини юритиш;
  • вахта усулидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, имтиёзлар ва компенсациялар;
  • ишларни вахта усулида ташкил қилишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатлар тақдим этиш тартибини белгилайди.

Бунда:

  • ходимларнинг меҳнат фаолияти амалга ошириладиган ишлаб чиқариш объектлари вахта усулида ишлаш жойи ҳисобланади;
  • иш жойи ўзгаргани бошқа ишга ўтказилиши деб ҳисобланмайди;
  • ходимнинг вахтага жўнатилиши хизмат сафари ҳисобланмайди;
  • объект жойлашган ҳудудда ишларни бажариш ва сменалараро дам олиш даврлари вахта вақти ҳисобланади;
  • вахтанинг давомийлиги бир календарь ойдан ошмаслиги лозим.

Агар ходимлар ишлар вахта усулида ташкил этилган жойгача етиб олиш ва у ердан қайтиш учун 3 соатдан кўпроқ вақт сарфлайдиган бўлса ёки фавқулодда вазиятларда, ташкилотларнинг раҳбарлари бу иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашса, қонуний ҳисобланади.

Шунингдек, Низомда қуйидагилар баён этилган:

  • ишларни ташкил этиш;
  • имтиёзлар ва компенсациялар;
  • ижтимоий-маиший таъминот;
  • тиббий ёрдамни ташкил этиш.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.10.2020 йилдан кучга кирди.

Norma.uz материаллари асосида

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text163929_ishlarni_vahta_usulida_tashkil_etish_tugrisida_nizom_qabul_qilindi