Солиқ аудити қоидалари муҳокама қилинмоқда

preview

Солиқ қўмитаси Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низом лойиҳасини жойлаштирган. Ҳужжатни муҳокама қилиш 20 мартга қадар давом этади. Гап нима хусусида бормоқда?

Қайси давр учун текширишлари мумкин

Солиқ аудити – бу муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланиши ва тўланишини текшириш ҳисобланади. У 30 кун муддат давом этиши мумкин.  Зарурат бўлганда муддат ярим йилгача узайтирилиши мумкин. Лойиҳада муддатни узайтиришнинг асослари ва қоидалари белгиланган.

Якунланган солиқ даври бўйича сизни кейинги 5 йил ичида (3 йил – ихтиёрий тугатилишда) текширишлари мумкин.

Солиқ аудити олдин текширилган давр бўйича ўтказилиши мумкин эмас.

Текширилган давр учун такрорий текширувлар фақат солиқчиларга илгари маълум бўлмаган янги ҳолатлар бўйича ўтказилиши мумкин.

Солиқ аудитини ўтказиш учун асослар

Солиқ тўловчини агар у:

  • солиқ органларининг аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ва топширилган солиқ ҳисоботига қўшимчаларни тақдим этиш юзасидан талабномасига муносабат билдирмаса;
  • солиқларни тўламасликнинг юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб бўлса;
  • ихтиёрий тугатилаётган бўлса, текширишлари мумкин.

Сизни қандай хабардор қилишади

Солиқ органи  (жойлардаги солиқ инспекциялари, йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси) солиқ аудити ҳақида у бошланишидан камида 30 кун олдин огоҳлантиради. Хабарнома солиқ тўловчининг шахсий кабинетига ёки буюртма хат билан жўнатилади. Жўнатилган хабарнома солиқ тўловчининг шахсий кабинетига жўнатилган кундан бошлаб 3 кундан кечиктирмай ва буюртма хат билан жўнатилган кундан бошлаб 5 кундан кечиктирмай солиқ тўловчи томонидан олинган ҳисобланади.

Хабардор қилмасликка ҳақлари бор

Солиқ аудити:

  • агар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса (аудит ДСҚ билан келишувга кўра тайинланади);
  • корхонани ихтиёрий тугатишда хўжалик юритувчи субъектни олдиндан хабардор этмасдан ўтказилиши мумкин.

Солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлган солиқ тўловчилар СКнинг 223 ва 224-моддаларида ҳамда ЖКнинг 184-моддасида назарда тутилган қонунбузарликдан келиб чиқиб аниқланади.

Солиқ органлари  рўйхатга олувчи органдан ахборот олган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида ихтиёрий равишда тугатилаётган тадбиркорлик субъектларини текширишни тайинлайди.

Нимани талаб қилиб олишлари мумкин

Текширувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • мол-мулкни инвентаризация қилишни ташкиллаштириш (БҲМС қоидаларига мувофиқ) ;
  • солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш бўйича  ҳужжатларни, шу жумладан электрон шаклда ҳам талаб қилиб олиш;
  • банклардаги барча ҳисобварақларида пул маблағлари ҳаракати тўғрисида маълумотларни талаб қилиш;
  • товарлар ёки хизматларни реализация қилиш бўйича ҳисобварақ-фактураларни ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олиш;
  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кассани ва ТМҚ сақланадиган жойларни 2 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга муҳрлаш (ушбу муддатдан ортиқ муддатга - суд қарори асосида);
  • ҳужжатларнинг давлат тилидаги таржимасини талаб қилиш;
  • заруратдан келиб чиқиб сайёр солиқ текширувини ташкиллаштириш.

Нима учун ҳисобварақни музлатишлари мумкин

Агар:

  • солиқ тўловчи текширувчиларнинг солиқ аудитини ўтказиш учун ҳудудларга ёки биноларга киришига тўсқинлик қилса;
  • рўйхатга олинган манзил бўйича йўқ бўлса, солиқ органлари 10 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриши мумкин.

Солиқ органининг қарори электрон шаклда банкка юборилади, хўжалик юритувчи субъект эса  ўзининг солиқ тўловчининг шахсий кабинетида бунинг сабаблари кўрсатилган хабарномани олади.

Солиқ органлари судга мурожаат қилганда солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни 10 иш кунидан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

Бошқа шахслардан қачон сўраб олишлари мумкин

Солиқ тўловчи солиқ аудити учун талаб қилинаётган ахборотни талабнома олинган кундан эътиборан 5 иш куни ичида тақдим этиши шарт.

Текширувчилар контрагентлар ёки бошқа шахслардан ҳужжатлар ёки ахборотни талаб қилиб олиши, шунингдек солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжатлар солиқ ҳуқуқбузарликлари фактларини тасдиқлаш мақсадида олиб қўйиши мумкин.

Далолатнома ва қарор

Аудит натижалари бўйича текширувчилар далолатнома расмийлаштиради. Унинг бир нусхаси солиқ тўловчига топширилади.

Солиқ органи раҳбари аудит натижалари бўйича қарорни далолатнома имзоланган кундан эътиборан 10 иш куни ўтгач, лекин 15 беш иш кунидан кечиктирмай қабул қилади.

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text158208_soliq_auditi_qoidalari_muhokama_qilinmoqda