Солиқ узилиши коэффициенти оммавий бўлишни тўхтатди: бу нимани ўзгартиради

preview

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда солиқ тўловчиларга деярли 2 йил давомида кўплаб кўнгилсизликлар ва сарсонгарликлар олиб келган tax gap тизимини 1 октябрдан бошлаб бекор қилиш қарорини айтиб ўтди. Солиқчилар ташаббусни амалга оширишни кечиктиришмади. Шу ҳафтадан бошлаб электрон ҳисобварақ-фактураларда солиқ узилиши коэффициенти акс эттирилмаяпти.

Мазкур ўзгартиришлар солиқ солиш ва тадбиркорларнинг солиқчилар билан ҳамкорлигига қандай таъсир қилишини солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди.

 

Амалиётчи мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Қабул қилинган қарорларни Президентнинг 10.02.2023 йилдаги ПФ-21-сон Фармони доирасида ўтказилган тажрибанинг якуни сифатида баҳолаш мумкин. Эслатиб ўтаман,

ҚҚСни қоплаш тартибини янада такомиллаштириш, шунингдек, солиқни ноқонуний қоплаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2023 йил 1 октябрга қадар тажриба тариқасида товарларни, хизматларни етказиб бериш занжирида иштирок этган контрагентларга нисбатан ҚҚСнинг кам тўланганлиги (солиқ узилиши) аниқланганда, Солиқ қўмитаси солиқ назорати тадбирларини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди.

Мазкур солиқ узилиши коэффициенти нимаси билан ёмон эди? Энг аввало, тизим у ёки бу тарзда ишлаган деярли 2 йил давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги у ҳақдаги ягона қайд юқорида кўрсатилган ПФ-21-сон Фармондаги норма бўлди. Низомлар, йўриқномалар, расмий  шахсларнинг батафсил тушунтиришлари, у қандай ҳисоблаб чиқарилишини тушунишга имкон берадиган эълон қилинган формулалар бўлмади. Ҳаммаси сўзларда,  тушунтиришлар эса юзаки бўлди.

Бунда солиқчилар солиқ узилиши коэффициенти асосида ҚҚСни қайтармасликка уринган вазиятлар юзага келди. Аммо тадбиркорларда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бор, ким судгача етиб келган бўлса, ишни ютган. Судьялар солиқ узилиши коэффициенти тизим қандай тузилганлигини тушунишга имкон бериши мумкин бўлган қонуний асосга эга эмаслигини важ қилиб, тадбиркорлар фойдасига қарор қабул қилишган.

Tax gap амалиётининг яна бир катта камчилиги солиқ узилиши коэффициентининг оммавийлиги бўлди. Айтганча, ушбу камчиликни чет эллик экспертлар – мамлакатда ўтказилган солиққа оид форумлар иштирокчилари бир неча марта кўрсатиб ўтишган. Улар шунга ўхшаш воситалар кўп мамлакатларда борлиги, бироқ уларнинг натижалари оммавий эмаслигини қайд этишган. Мазкур ахборотдан солиқ тўловчилар фойдалана олишмайди ва фақатгина солиқ маъмурлари тасарруфида бўлади.

Бизда эса солиқ узилиши коэффициенти ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилади ва юқори кўрсаткичга эга бўлганларни ҳақиқатда назардан қолдиришган. Тадбиркорларни, агар уларнинг контрагентлари юқори узилиш коэффициентига эга бўлса, улар билан алоқа қилмаган яхши, деб ишонтиришган. Тадбиркорларнинг иштирокида формулада хатолар топилган ва тузатилган ҳамда тадбиркорлар “тўқ қизил” рангдан “яшил” рангга айланган вазиятларга мисоллар бўлган. Тизимнинг мукаммал эмаслиги тадбиркорлар томонидан жиддий обрў йўқотилишига олиб келган. Шу боис ҳозир солиқ узилиши коэффициентидан барча фойдаланиши мумкин эмаслигида фақат ижобий жиҳатлар кузатилади. У тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларни бузмайди.

Шу билан бирга, бўшашишга асос йўқ. Солиқ узилиши коэффициенти – ҳуқуқбузарликни аниқлаш усулларидан бири. Ҳуқуқбузарликларни аниқлашнинг талай бошқа усуллари мавжуд, жумладан  худди шу текширувлар... Ҳуқуқбузарликларни – агар улар мавжуд бўлса, ҳеч ким, ҳеч қандай ҳолатда аниқлай олмайдиган тарзда яширишнинг деярли имкони йўқ. Шу боис, ҳатто солиқ узилиши коэффициентини ҳисоблаб чиқарувчи дастур солиқчиларнинг оммавий бўлмаган воситаси бўлиб қолса ҳам, бунда ҳеч қандай ёмон нарса бўлмайди.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

 

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text192687_soliq_uzilishi_koefficienti_ommaviy_bulishni_tuhtatdi_bu_nimani_uzgartiradi