Бухгалтер 10 апрелгача нима қилиши керак

preview

9 апрель – 2019 йилнинг II чораги учун Фойда солиғининг суммаси ҳақида маълумотнома тақдим этишнинг сўнгги куни (Солиқ кодексининг 164-моддаси 2-қисми).

Бу - муҳим! ЯСТни тўлашдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган солиқ тўловчилар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган биринчи чорак учун фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашдан озод қилинади (Солиқ кодексининг 354-моддаси 3-қисми).

Яъни 2019 йил 1 январдан ЯСТни тўлашдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган солиқ тўловчилар преференцияни қўллаб, жорий йилнинг I чораги учун фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўламадилар.

Энди, преференция тугагач, улар қуйидагиларни амалга оширишлари шарт:

– 9 апрелгача жорий йилнинг II чораги учун Жорий тўловлар ҳақида маълумотнома тақдим этишлари; 

– ҳар ойнинг 10-кунидан (жорий йилнинг 10 апрели, 10 майи, 10 июни) кечиктирмай чорак бўйича фойда солиғи суммасининг 1/3 қисми миқдорида жорий тўловларни тўлашлари шарт (Солиқ кодексининг 164-моддаси 3-ва 4-қисмлари). II чоракда тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойдаси 200 ЭКИҲдан кам миқдорни (чоракда 202 730 сўм х 200 = 40 546 000 сўм) ташкил этадиган солиқ тўловчилар жорий тўловларни тўламайди. 

Айрим бухгалтерлар I чорак учун жорий тўловларни тўламаслик тарзида берилган преференцияни унча тўғри тушунмаганлар. Зеро у солиқ тўловчиларда янги солиқ солиш тизимига кўникиш ва фойда солиғи бўйича тегишли ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкони бўлиши учун фақат жорий тўловларни (авансларни) тўламасликка нисбатан қўлланган (қўлланмоқда). Шу сабабли I чорак учун фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиб, 25 апрелдан кечиктирмай тўлашингиз зарур.

Батафсил – «Тўланмайдиган тўловлар бўйича маълумотнома нима учун керак», «Топшириш керакми ёки йўқми – мана масала қаерда», «2019 йил I чорак учун фойда солиғи бўйича жорий тўловлар юзасидан маълумотномани ким топшириши керак» материалларида.

Бундан ташқари, 9 апрель – йиллик сумманинг 1/12 қисми миқдорида, микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан эса – 2019 йил учун йиллик сумманинг 1/4 қисми миқдорида ер солиғини тўлаш муддатининг сўнгги куни (Солиқ кодексининг 286-моддаси 1-қисми). ЯЕС тўлашга ўтмаган, ер солиғини йилда 2 марта қуйидаги тартибда тўловчи қишлоқ хўжалиги корхоналари бундан мустасно:

  • ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар;
  • ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар.

 Шуни ҳам эслатиб ўтамизки, 10 апрель:

  • 2019 йил апрель ойи учун фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашнинг сўнгги куни **

 (Солиқ кодексининг 164-моддаси 3 ва 4-қисмлари);

  • 2019 йил март ойи учун Акциз солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлашнинг сўнгги куни

 (Солиқ кодексининг 239-моддаси ва 240-моддаси 1-қисми);

  • 2019 йил апрель ойи учун мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашнинг сўнгги куни ***

(Солиқ кодексининг 271-моддаси 5-қисми);

  • 2019 йил март ойи учун бозорлар ва устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 51%дан кам бўлмаган савдо комплекслари томонидан олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш ва маблағларни бюджетга ўтказишнинг сўнгги куни

(Солиқ кодексининг 387-моддаси 5, 6 ва 7-қисмлари).

___________________ 

** Ҳисобот даврида тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойдаси 200 ЭКИҲдан кам миқдорни ташкил этадиган корхоналар бундан мустасно.

*** Жорий тўловларни йилнинг ҳар чораги учинчи ойининг 25-кунидан кечиктирмай тўлайдиган микрофирмалар ва кичик корхоналар бундан мустасно.


Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text149365_buhgalter_10_aprelgacha_nima_qilishi_kerak