Полезное для бухгалтера в ноябре:
Яқин ойларда солиқчилардан нимани кутиш мумкин?
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 2020 йил учун давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилиши учун зарур чора-тадбирлар қабул қилиш топширилди. Бошқалар қаторида - солиқлар йиғилиши даражасини ошириш ҳисобига. Бу фаол текширувлар ва солиқларни олдиндан тўлаш юзасидан илтимос қилишлар бошланишини билдирадими?
1. 2020 йилнинг дастлабки ҳафталарида солиқ органларида фаол текширувлар учун зарур ҳуқуқий база мавжуд бўлмайди, сабаби ҳужжатлар ишлаб чиқиш жараёнида.
Солиқлар йиғилишини оширишга, хусусан, қуйидагилар кўмак бериши лозим:
- қурилишда ёлланма ишчиларнинг норасмий фаолиятини легаллаштириш ;
- жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи кўчмас мулкнинг кадастр қиймати асосида ва юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғини – унинг бозор қиймати асосида ундириш ;
- солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасидаги ҳужжат айланишини рақамли шаклга ўтказиш ;
- онлайн-НКМ ва электрон кассаларни жорий этиш;
- бошқа инструментлар, жумладан солиқчилар томонидан назорат функцияларини, энг аввало, камерал текширувлар шаклида амалга оширилиши.
Бироқ, солиқ текширувлари фақат Солиқ кодексида назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини тартибга соладиган НҲҲ қабул қилингандан кейин ўтказилиши мумкин.
Яқин ойларда солиқчилар қуйидагиларни қабул қилишлари лозим:
1. Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги низом;
2. Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги низом;
3. Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низом.
Шундай экан, 2020 йилнинг дастлабки ҳафталарида солиқ органларида фаол текширувларни ўтказиш учун зарур ҳуқуқий база мавжуд бўлмайди, деб дадил айтиш мумкин, сабаби ҳужжатлар ҳали ишлаб чиқиш босқичида.
2. Бундан буён солиқчилар солиқ тўловчиларга олдиндан солиқ тўлашни “сўраб” анча камроқ мурожаат қилишади
Гап фақат маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бюджет даромади прогноз кўрсаткичларини ортиқча тўланган ва ундирилган солиқ суммалари ҳисобига бажарилишига йўл қўймасликлари бўйича огоҳлантирилганликларида эмас. 2020 йил январь ойидан бошлаб солиқларнинг ва молиявий санкцияларнинг барча ортиқча ундирилган суммалари МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар тўланган ҳолда солиқ тўловчига қайтарилиши лозим.
3. Солиқчиларда солиқ тўлашни рағбатлантиришнинг янги қонуний усуллари мавжуд
Ортиқча ундирилган суммалар учун санкцияларга зид тарзда, солиқ органлари солиқ тўловчини “рағбатлантиришнинг” янги усулларига эга бўлишди. Ва 2020 йилга бюджет даромадларининг 30,5%га ўсиши режалаштирилганлигини инобатга олган ҳолда, солиқчилар янги имкониятларни “тўлиқ” ишга солади. Бу:
- камерал текширув доирасида ҳужжатларни талаб қилиб олиш имконияти;
- текширилаётган контрагент билан битим тўғрисидаги ҳужжатларни ёки бошқа ахборотни сўраб олиш ҳуқуқи, “муқобил текширувлар”нинг янги шаклда қайтиши;
- ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва ҳатто “талабномага” жавоб мавжуд бўлмаган тақдирда солиқ аудитини тайинлаш;
- мол-мулкни хатлаш. Ва солиқлар бўйича қарздорлик тўланмаган тақдирда у ушбу мол-мулк ҳисобига сўндирилади;
- солиқ органлари солиқ тўловчининг ҳисобварағини блокировка қилишлари мумкин бўлган сабаблар рўйхатини кенгайтириш.
Хулоса қиламиз:
Солиқ тўловчиларга бу йил айниқса қийин кечади. Солиқчиларда солиқ тўловчиларни назорат қилиш учун инструментлар анча кўпайди. Шу боис солиқ мажбуриятларини бажаришда ва солиқ органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишда ўзингизнинг барча ҳаракатларингизни СК талаблари билан солиштирган ҳолда обдон ўйлаб кўришингиз лозим.
P.S.: Агар сиз солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятларига киритилган ўзгартиришлар, шунингдек солиқ назоратининг янги инструментлари билан батафсил танишмоқчи бўлсангиз, сизни “Солиқ маъмуриятчилигидаги янгиликлар” семинарларига таклиф этамиз, уни юрист, солиқ маслаҳатчиси, I даражали ҳакамлик судьяси, «Norma» компаниясининг жамоатчи эксперти Абдуғани МУҲАМЕДБАЕВ ўтказади.