Савдо автомати остидаги жой - аукцион орқали

preview
Савдо автоматлари орқали кўчма савдони ташкил этишнинг янги қоидалари кучга кирди. Бу ҳақдаги қарор 4 июнда имзоланди (04.06.2021 йилдаги ПҚ-5136-сон қарор). Тафсилотлар - buxgalter.uz шарҳида.


Янги тартиб 2021 йил 1 декабрдан амал қилишни бошлайди.

Савдо (вендинг) автомати орқали савдо қилиш учун тадбиркор:

  • уни "K - SAVDO" автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиши (рўйхатдан ўтказиш бепул);
  • савдо автоматини жойлаштириш учун худди шу электрон тизимда аукцион орқали жой сотиб олиши керак.

Жойлаштириш ўрнининг бошланғич нархи тегишли туман (шаҳар)даги ер участкасининг ер солиғи миқдорида белгиланади.

Аукцион ғолиби томонидан кўчма савдо жойининг қиймати тўлиқ тўланганидан сўнг унга "K - SAVDO" ААТ орқали автоматик равишда QR-код қўйилган гувоҳнома берилади. У мазкур жойдан 36 ой муддатга фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Савдо жойидан фойдаланиш бўйича шартнома тузиш талаб этилмайди.


Вендинг автомати орқали савдо қилишда касса онлайн техникасидан фойдаланиш зарурми

Автомат орқали савдо қилишда онлайн-НКМдан фойдаланиш - шарт эмас.


Агар шунчаки савдо автоматини рўйхатдан ўтказмасдан ўрнатиб қўйса, нима бўлади

Савдо автоматларидан фойдаланувчи юридик шахслар, улар томонидан реализация қилинаётган ва (ёки) кўрсатилаётган хизматлар туридан қатъи назар, чакана савдо субъектлари ҳисобланади.

Тизимда рўйхатдан ўтказилмаган кўчма савдо объектини аниқлаган ҳолда биринчи марта солиқ  органлари ходимлари шунчаки тушунтириш ишларини олиб боради ҳамда зарурат бўлганда рўйхатдан ўтказиш бўйича ёрдам кўрсатади.

Такрорий ҳуқуқбузарликлар, афтидан, чакана савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.


Қачон аукцион зарур эмас

Аукцион тўғрисидаги талаб хусусий мулкдорларга тегишли бўлмаган потенциал савдо жойига татбиқ этилади.

Яъни, мисол учун, агар сизда хусусий бино мавжуд бўлса ёки уни ижарага олган бўлсангиз ва фойеда ўз ходимларингиз ва мижозлар учун ичимликлар билан савдо автоматини қўйишга қарор қилган бўлсангиз, бундай савдо жойини аукцион орқали ўтказиш шарт эмас. Савдо автоматини эса рўйхатдан ўтказишга тўғри келади.

Агар  ҳамкорингиз сизнинг жойингизда ўз автоматини қўйишни хоҳласа ҳам - худди шундай. Аукцион шарт эмас, рўйхатдан ўтказиш зарур.

ПҚ-5136-сон қарорда ёзилишича, яқин вақтда автоматлар орқали савдони амалга ошириш тартиби ишлаб чиқилади, шунингдек мазкур масала билан боғлиқ ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилади.