Қандай МХИК кўпроқ мос келишини ким ҳал қилиши керак

preview

Солиқ тўловчиларда илгаригидек МХИКни бериш ва уни қўллашда талай саволлар туғилмоқда. Аммо – уларга жавоб топиш имконини берадиган норматив ҳужжат мавжуд эмас. Мисол учун, бу 28.04.2021 йилдаги 249-сон ВМҚ билан назарда тутилган Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини юритиш тартиби бўлиши мумкин бўларди. 

Бундай ҳужжатни қабул қилишда қандай муҳим жиҳатларни аниқлаштириб олиш лозимлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:

 

– Энг долзарб масалалар орасида – товар ёки хизматга тўғри ва аниқ МХИКни танлаш масаласи бор. Бунга иккита вазият имкон туғдирди:

  • 2023 йилнинг 1 мартидан бошлаб ЭҲФда ёки касса чекларида олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг турига мувофиқ бўлмаган МХИК акс эттирилганлиги учун СКнинг 223-моддасига биноан жарима қўлланилади. Унинг миқдори кам эмас, бироқ яна солиқ базасини камайтириб кўрсатиш ва яшириш тўғрисидаги моддага киради. Бу МХИКдаги хатолар солиқ базасини яшириш ва камайтириб кўрсатишга тенглаштирилишини англатади, ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳам МЖТКнинг 174-моддаси ва ЖКнинг 184-моддасига мувофиқ жазоланади;
  • солиқ органларининг ахборот тизимлари “кирим”да аниқламаган товарнинг сотилишини чекловчи функционалнинг қисқа муддатга жорий этилиши. Ушбу янгилик атиги бир неча соат ишлади, шундан сўнг барча чекловлар қандай жорий этилган бўлса, шундай тўсатдан олиб ташланди. Бундай натижага, афтидан, солиқ тўловчиларнинг норозилиги ёрдам берган. Аммо солиқ тўловчилар қандайдир вақтдан кейин солиқ маъмуриятчилигининг ушбу нормасини, эҳтимол, яна ва энди доимий асосда жорий этишларидан хавотирланишмоқда.

 

Донли нон (хлебци) – бу оддий нон эмас, лекин буни исботлашнинг имкони йўқ

Тадбиркорларнинг хавотирлари МХИКни танлаш ва қўллаш юзасидан аниқ қоидалар, МХИК билан ишлаш регламентларининг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Амалиётда бу низоли вазиятларга олиб келади.

Шу кунларда менга донли нон ишлаб чиқарувчи мурожаат қилди, у ўз маҳсулотини tasnif.soliq.uzда МХИК базасидан мустақил равишда танлаган МХИК “01904001002000000 дон ва бошоқли ўсимликлардан иборат бўлган тез тайёр бўладиган нонушталар” билан ишлаб чиқаради. Ушбу МХИК – унинг маҳсулоти учун энг мос келадигани, сабаби бошоқли ўсимликлар дони ёки бошоқли ўсимликларни қиздириш ёки қовуриш орқали олинган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлар учун мўлжалланган. Аммо тадбиркор тўғри йўл тутаётганлигига ишонч ҳосил қилишга қарор қилди ва солиқ органларига сўров билан мурожаат қилди. Ва – МХИК “01905002004000000 Бошқа нон турлари”дан фойдаланиш тавсия қилинган жавобни олди.

Жавобни тайёрлаган идоранинг ходими бу турли рецептура, ишлаб чиқариш технологияси ва мақсадига эга бўлган мутлақо иккита турли хил маҳсулот эканлигини унчалик синчиклаб текширмай,  “нон” ва “донли нон” (хлебци) маҳсулотлари номидаги ўхшашликка мўлжал олган кўринади. У томонидан таклиф қилинган МХИК печенье ва бошқа нон ва унли қандолат маҳсулотлари, вафли пластиналар учун мўлжалланган. Солиқ органлари вакилини ишонтиришнинг имкони бўлмади. Бунинг устига, у нафақат ўз сўзида туриб олган, балки мазкур товарга илгари тақдим этилган барча ЭҲФга гўёки нотўғри МХИК сабабли тузатилган ҳисобварақ-фактуралар тақдим этишни тавсия қилмоқда. Мазкур вазиятда қандай йўл тутиш лозим? Судга бормайсизку... Тадбиркор тавсияга амал қилмади, масалани кейинга қолдирди, сабаби унга ҳеч ким эътироз билдирмади. Ҳолатнинг ўзи эса бундай низо текширув чоғида бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

 

Агар МХИК ҳақиқатан нотўғри бўлса, нима қилиш керак?

Шубҳасиз, нон ва донли нон (хлебци) билан боғлиқ кўрсатилган вазият – бу ягона низоли ҳолат эмас. Лекин шундай бўлиши мумкинки, қандайдир вазиятда тадбиркорнинг ноҳақлиги маълум бўлади. Ва бу ҳолда савол туғилади – илгари расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар ва чекларни нима қилиш керак? Уларга қайси сана билан тузатиш киритишни амалга ошириш лозим?

Шуниси аниқки – бундай янгиликдан барча контрагентлар, айниқса – чакана савдо тармоғи хурсанд бўлмайди.

Умумий овқатланиш ва хизматлар соҳасида янада мураккаб  вазият юзага келган. Улар учун ҳам МХИК мақбуллаштирилганлигига қарамай, уларга мўлжал олиш барибир жуда қийин. Чунки ушбу соҳанинг ўзига хос хусусиятлари шундайки, қарор аниқ мижозга хизмат кўрсатиш жараёнида қабул қилинади. Натижада мураккаб аралашма ҳосил бўлади, унга аниқ МХИКни танлаб олишнинг имкони йўқ.

Умумий овқатланиш ва хизматлар соҳаси учун мавжуд ҳар бир МХИКга турли вазиятларда солиқ маъмуриятчилигида қўллаш бўйича йўриқномани тасдиқлаш лозим, деб ҳисоблайман.

 

Қандай чоралар вазиятни тартибга солишга ёрдам беради

28.04.2021 йилдаги 249-сон ВМҚ билан Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини юритиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича топшириқ берилган, лекин у ҳануз мавжуд эмас. Албатта у жуда зарур, тартиб МХИКни бир хил қўллашга кўмак беради ва амалиётда юзага келадиган кўп сонли масалаларни ечишга ёрдам беради:

  • Классификаторда мос келадиган МХИК бўлмаса, нима қилиш керак?
  • Янги МХИКни жорий этиш учун аризани қандай кўриб чиқиш зарур?
  • Янги МХИКни бериш учун аризалар бўйича қабул қилинган қарорлар юзасидан низолар қандай кўриб чиқилади?
  • МХИК қандай ҳолларда ва қай тартибда ўзгартилиши мумкин ва МХИКни алмаштиришнинг оқибатлари қанақа?

Саволлар – талай ва ҳозир улар айрим мутахассислар қандай лозим топишса, шундай ҳал қилинмоқда.

Ушбу ҳужжатсиз биз МХИКни солиқ маъмуриятчилигининг воситаси, айниқса – санкциялар назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш учун восита сифатида  тўлиқ ҳажмда қўллаш учун тайёр эмасмиз, деб ҳисоблайман.

Ушбу ҳужжат билан МХИК бериш қоидаларини жорий этиш лозим. МХИК, ЖШШИР жисмоний шахслар, СТИР – юридик шахслар идентификатори ҳисобланишига ўхшаш тарзда, товарлар ва хизматлар учун ҳисоб маълумотлари мақомини олиши керак. Шундай қоидани мажбурият сифатида юклаш тўғри бўларди, унга асосан МХИК:

1) товар ва хизматнинг мажбурий реквизитига айланиши керак;

2) товарлар ва хизматлар билан боғлиқ хўжалик операцияларини амалга оширишда расмийлаштириладиган барча ҳужжатларда кўрсатилиши лозим.

Солиқ тўловчи МХИКни бир тизимдан бошқасига қўлда ўтказиши керак бўлмаслиги учун солиқ органлари ва бошқа органларнинг ахборот тизимларини созлаш лозим. Масалан, ЭҲФдан – онлайн-НКТга. Ушбу жараённи бутунлай автоматлаштириш мумкин.

Бунда товарга МХИК бериш жараёнини ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчининг ихтиёрига бериш мумкин эмас. Бир хилликни таъминлайдиган, инсон омилини истисно қиладиган механизмни назарда тутиш керак.

Ушбу вазифани ҳал қилиш 2023 йилнинг август ойида кучга кирадиган 27.02.2023 йилдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ЎРҚ-819-сон Қонунга боғлиқ бўлиши ўринлидир. 249-сон ВМҚнинг 4-бандига мувофиқ 2023 йил 1 январдан маҳсулотларни сертификатлаш жараёнида маҳсулотлар (товар ва хизматларнинг) идентификация кодини (МХИК) мажбурий акс эттириш тартиби амал қилмоқда. Ушбу регламентга мувофиқ ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот билан чиқиши керак бўлган МХИКни бевосита техник регламентларда ёзиш ўринли, деб ҳисоблайман.

Мажбурий сертификатлаш талаби татбиқ этилмайдиган маҳсулотлар учун МХИК беришнинг аниқ тартибини ўйлаш лозим.

Қуйидаги вазиятларда маъмуриятчилик воситаларини аниқ ёзиш ва яратиш муҳим:

  • ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида товарлар харид қилинганда;
  • сотувчи харид қилинган товарлар ва хизматларни комплект ёки тўпламда реализация қилганда.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади