Камайиш томонга тузатилган солиқ бўйича ҳисоб-китоб қандай топширилади?

preview

Кўпгина бухгалтерлар солиқ органи томонидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини, айниқса унинг кўрсаткичлари камайиш томонга тузатилса, қабул қилинмаслиги билан дуч келишади. Жўнатилган ҳисоб-китобни очишганда, нима учун солиқ солинадиган базанинг камайиши рўй берганлигини тушунтириш сўралган хабар пайдо бўлади. Бухгалтер бундай вазиятда қандай йўл тутиши керак?

Энг аввало, ваҳима қилманг! Бундай хабар умуман сиз қайта ҳисоб-китобни топшира олмаслигингизни билдирмайди.

Эслатиб ўтамиз, агар сиз солиқ ҳисоботини телекоммуникация алоқа каналлари  орқали жўнатсангиз, ДСХО сизга у қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқномани юбориши керак.  Солиқ ҳисоботи дастлабки тарзда камерал назорат қилинмасдан ва унинг мазмуни муҳокама этилмасдан қабул қилинади.

Агар солиқ тўловчи солиқ ҳисоботи тақдим этилган даврга тааллуқли хатоларни ўзи мустақил равишда аниқласа, у солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати давомида (5 йил) ўша давр юзасидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Мазкур норма ДСХО томонидан молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) доирасида текшириш ўтказилган давр учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасининг камайишини назарда тутувчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этиладиган ҳолларда қўлланилмайди.

Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботида солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси ижро этилган солиқ мажбурияти суммасидан кам бўлган тақдирда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан бошлаб:

  • ШКда солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммасининг оғиш миқдорига камайиши акс эттирилади;
  • ҳосил бўлган солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва пеняларнинг ортиқча тўланган суммалари СКда белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши лозим.

Кўриб турганимиздек, агар сизнинг солиқ ҳисоботингиз даъво қилиш муддати доирасида тақдим этилса, солиқ органлари уни қабул қилмасликка ҳақли эмас. Бундай хабар ёрдамида ДСХО сиздан солиқ солиш базасининг камайиш сабабини қўшимча равишда тушунтиришни сўрайди. Масалан:

  • бухгалтернинг хатоси (ортиқча ноль қўйган ёки суммани киритишда тийинни ажратиб кўрсатмаган);
  • айнан битта ҳисобварақ-фактура суммасини икки марта кўрсатгансиз;
  • қўлда киритиладиган сатрда имтиёз суммасини кўрсатишни унутгансиз;
  • аудиторлик текшируви якунига кўра қайта ҳисоб-китоб қиласиз;
  • бухгалтерия ҳисобини тиклаш натижасида қайта ҳисоб-китоб қиласиз ва ҳоказо.

Нима қилиш лозим?

ДСИга ҳисоб-китоб сабабларини кўрсатган ҳолда тушунтириш хати юборишни тавсия қиламиз. Буни солиқ тўловчининг шахсий кабинетида “Мурожаатни юбориш” хизмати ёрдамида бажариш мумкин. Хатни ЭРИ билан имзолаш даркор.

Хатга рўйхатга олиш рақами берилади. Шу ернинг ўзида ижрочи ва  боғланиш учун унинг телефонини кўрасиз. Кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилиб, хат керакли жойга тушганига ишонч ҳосил қилиш ортиқчалик қилмайди.

Шундан кейин ДСИнинг камерал бўлими сизнинг аниқлаштирилган солиқ ҳисоботингизни кўриб чиқади.

Қайта ҳисоб-китоб “Қабул қилинди” мақомини олгандан кейин ШКда сизнинг кўрсаткичларингиз ҳам ўзгаради.

Ушбу барча босқичдан ўтгандан кейин, сиз қайта ҳисоб-китобни муваффақиятли топшириб оласиз. Бунда солиқ органига бориш шарт эмас.

  Татьяна Лимарева

Солиққа тузатиш киритиш Солиққа тузатиш киритиш Солиққа тузатиш киритиш /ul/publish/doc/text155737_kamayish_tomonga_tuzatilgan_soliq_buyicha_hisob-kitob_qanday_topshiriladi