Полезное для бухгалтера в ноябре:
МҲХСга ўтишнинг бош режаси: кадрлар қандай тайёрланади
24 февраль куни Президент томонидан МҲХСга ўтиш режаси ва “Йўл харитаси” тасдиқланди. Бинобарин, тадбиркорлар солиқ соҳасидаги янгиликларни ўзлаштираётган пайтда, бухгалтерия ҳисобида ҳам кенг кўламли ислоҳот бошланди.
- 2020 йил 1 октябрга қадар:
- солиқ ҳисоботининг МҲХС бўйича тайёрланган молиявий ҳисоботга мослаштирилган шакллари ишлаб чиқилади.
- 2020 йилнинг ўртасидан бошлаб:
- бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини қайта кўриб чиқиш ва МҲХСга уйғунлаштириш бошланади.
- 2021 йил 1 январдан бошлаб:
- АЖ, банклар, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисобини юритадилар ва 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни фақат у бўйича тайёрлайдилар. 2021 йил якунига қадар улар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини (АССА ва унинг дипломлари, СРА, CIPA, DipIFR) муваффақиятли топширган камида 3 нафар мутахассисга эга бўлиши шарт. Бунда ушбу юридик шахслар учун (қонун ҳужжатларида МҲХСга олдинроқ ўтиш муддатлари назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно), 2021 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш тўғрисидаги талабни инобага олган ҳолда, IFRS 1 га мувофиқ ўтиш санаси 2020 йил 1 январь ҳисобланади.
Бошқача айтганда, 2021 йил якунлари бўйича МҲХС бўйича ҳисобот топшириш учун МҲХСга 2020 йилнинг бошидан ўтиш керак;
- давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг МҲХСга ўтиш жадвали ҳар йили 1 июнга қадар эълон қилинади.
- молиявий ҳисоботни МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари БҲМС бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилади.
- Бундан ташқари:
- бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шу жумладан – МҲХС бўйича молиявий ҳисобот ўз вақтида эълон қилинмаганлиги ва корхонада минимал нафар сертификатланган мутахассисларнинг мавжуд эмаслиги учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади. Ўтишнинг барча жараёнлари устидан давлат назорати кучайтирилади. Buxgalter.uz маълумотларига кўра, хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгар шахсларини эгаллаган лавозимидан озод этиш сўнгги чора ҳисобланади.
- Молия вазирлиги МҲХС ҳужжатларини давлат тилига таржима қилишни бошлайди;
- солиқ ва молия органлари ходимлари МҲХСни махсус ташкил этилган ўқув курсларида ўрганишни бошлайди.
Мутахассисларни ўқитиш харажатлари давлат бюджетидан қопланади:
2020-2025 йиллар давомида аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитиш, малака ошириш, интерфаол усулларни қўллаган ҳолда ўқитиш, шунингдек, бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистон Республикасида дастлабки рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтказиш харажатлари республика бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади. Бу қуйидагиларга тааллуқли:
- олий таълим муассасаларининг “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича педагог кадрлари имтиҳон топшириши учун биринчи марта – тўлиқ ҳажмда, иккинчи марта – имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50%и миқдорида қопланади;
- олий таълим муассасаларининг талабалари ва битирувчилари (ўқишни тугатгандан сўнг 6 ой ичида) имтиҳонни муваффақиятли топширган тақдирда, биринчи марта – тўлиқ ҳажмда, иккинчи марта – имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50%и миқдорида қопланади;
- давлат органларининг ходимлари имтиҳон топшириши учун биринчи марта – тўлиқ ҳажмда, иккинчи марта – имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50%и миқдорида қопланади.
Бакалавриат таълими йўналишлари ва магистратура мутахассислигидаги “бухгалтерия ҳисоби” ва “аудит” фанлари бўйича ўқув дастурларига тузатиш киритилади. Уларни анча интенсив қилиш ва вақтини камайтириш кўзланмоқда.
МҲХСга ўтиш компаниялардан қўшимча меҳнат, молиявий ва вақт ресурсларини ажратишни талаб этади. Ўтиш иштирокчилари яқин вақтда:
- маслаҳатчилар хизматига ҳақ тўлаш, ўзлариинг камида уч нафар ходимларини ўқитишлари ёки тегишли билим ва кўникмаларга эга янги ходимларни топишлари;
- дастурий таъминотни модернизациялашлари;
- ички назорат тизимини ташкил этишлари лозим бўлади.
Шунингдек, улар танлашларига тўғри келади: ёки улар БҲМС бўйича ҳисоботни МҲХСга трансформация қилишади ёхуд уларда параллел ҳисоб юритишлари учун ўз ахборот тизимларини созлатишади. Иккала вариантда ҳам кўп маблағ ва меҳнат талаб қилинади.
Ходимларни қаерда ўқитиш мумкин
2021 йилдан бошлаб МҲХС ва халқаро аудит стандартларига ўқитиш фақат бухгалтерия ҳисоби соҳасида халқаро ташкилотда аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан амалга оширилади.
Бундай ўқув марказларининг сони яқин йилларда кўпайиши кутилмоқда, бироқ айни пайтда уларнинг сони тўртта:
1) Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Республика бизнес ва бошқарув олий мактаби;
2) GRBS ўқув маркази;
3) IBS Uzbekistan ўқув маркази;
4) «Profi Training» бизнес-мактаби.
Ўқув маркази аккредитация қилинганлигини бу ерда текшириш мумкин.
Шунингдек, «Alterra» халқаро методология ва бухгалтерлар, аудиторлар, молия мутахассислари ва бошқарувчилари малакасини ошириш маркази ҳам масофадан ўқитади. Мазкур ташкилот Ўзбекистон Аудиторлар палатаси қошидаги «AUDIT FORVARD» ўқув маркази билан ҳамкорликда ишлайди.