Қандай қилиб карантин даврида навбатдан ташқари таътилга чиқиш мумкин

preview

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан МТМлари ва умумтаълим мактабларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили бериш тартиби тасдиқланди (рўйхат рақами 3227, 28.03.2020 й.).

Навбатдан ташқари ҳақ тўланадиган таътил – ходимнинг хоҳишига биноан

Назарда тутилган тартиб – вақтинчалик, коронавирус пандемиясига оид чоралар бекор қилингунга қадар амал қилади. Унга кўра, ходимлар - мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиси бўлган болаларнинг ва умумтаълим мактабларининг бошланғич синф, яъни 1-синфдан 4-синфгача бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) ўз хоҳишига кўра йиллик ҳақ тўланадиган таътил олишга ҳақли. У ташкилот томонидан тасдиқланган таътиллар жадвалидан қатъи назар, агарда таътил биринчи иш йили учун тақдим этилаётган бўлса, ишланган ойлар сонидан қатъи назар берилади. Эслатиб ўтамиз, МКнинг 143-моддаси 1-қисмига мувофиқ йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин берилади.

Таътил олиш учун ташкилот раҳбари номига меҳнат таътилини берилиши бўйича сабаби ва санасини кўрсатган ҳолда ёзма ариза тақдим этилади. Ходим хоҳишига биноан, аризада сўралаётган меҳнат таътилининг давомийлигини кўрсатиши мумкин. Бунда у корхонанинг жамоа шартномаси ёки бошка локал ҳужжатларда белгиланган, меҳнат шартномаси шартларига асосан меҳнат таътили кунларидан ошиб кетмаслиги керак. Ушбу қоида ҳам асосий, ҳам узайтирилган меҳнат таътиллари, шунингдек йиллик қўшимча таътилларга нисбатан татбиқ этилади.

Таътилнинг давомийлиги 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига тўғри келадиган ва меҳнат таътили муддатини аниқлашда иш куни ҳисобланмайдиган байрам кунлари ҳисобга олинмайди, таътил берилиши куни эса якшанбага тўғри келмаслиги керак.

Иш берувчи ходимдан ариза олган куни таътилнинг бошланиш ва тугаш санасини кўрсатган ҳолда ходимга таътил бериш тўғрисида буйруқ чиқаради. Ходимни ҳақ тўланадиган таътилдан чақириб олиш мумкин эмас.

Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади. Агар таътил ариза берилган кундан кейинги кун ёки кейинги 2 кун ичида талаб қилинган ҳолатларда, ҳақ ариза олинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида тўланади. Иш берувчи таътил ҳақини ходимнинг яшаш жойига етказиб берилишини таъминлаши ёки иш ҳақи ва даромадлар билан боғлиқ бошқа тўловларни олиш учун мўлжалланган ходимнинг банк картасига тўлаши шарт.

Агар ходим меҳнат таътилида бўлган вақтда болалар боғчаси ёки мактабнинг фаолияти тикланса ёхуд ходимнинг таътилда қолиш эҳтиёжи бўлмаса, у муддатидан олдин ишга чиқиш тўғрисида ариза бериши мумкин. Иш берувчи бундай аризани қаноатлантириши шарт. Айтилган қоида тасдиқланган жадвалга асосан меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳолларига татбиқ этилмайди.

Муддатидан олдин ишга чиқишда таътилнинг фойдаланилмаган қисми илгари таътиллар жадвалида белгиланган вақтга ёки тарафлар келишувига кўра бошқа муддатга, шу жумладан кейинги календарь йили учун меҳнат таътилига қўшиш орқали кўчирилади. Меҳнат таътилидан муддатидан олдин ишга чиқилган тақдирда таътил учун ортиқча тўланган ҳақ белгиланган тартибда қайтарилади.

Агар ходим мактаб ва болалар боғчаларининг фаолияти тўхтатилишидан олдин таътилни олган бўлса ва карантин даврида таътилни олишни

хоҳламаса, иш берувчи ходимнинг розилиги билан:

  • уни масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказади; 
  • иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил беради.

“Иш ҳақи сақланмайдиган таътил” ёки “масофадан ишлаш”дан кейин

Агар таътилнинг тугаш куни болалар боғчалари ва мактабларнинг фаолияти тикланмаса  ва тегишинча, ишга чиқишнинг имконияти бўлмаса, иш берувчи номига қуйидаги аризалардан бирини юборади:

  • муддати ва бошланиш санаси кўрсатилган иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил олиш бўйича;
  • масофавий иш усули, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиш бўйича.

Бу ҳолда иш берувчи ходимга аризасида кўрсатилган санадан бошлаб тўлиқ муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил беришга мажбур. Мазкур таътил, унинг давомийлигидан қатъи назар, ходимнинг иш стажига қўшилади. Ушбу таътилга нисбатан карантин даврида энг кўп давомийлиги – йил мобайнида 3 ойдан кўп бўлмаслигига доир чеклов татбиқ этилмайди . Бунда иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил муддати МТМ ва умумтаълим мактаблари фаолиятининг тўхташи муддатидан ошмаслиги керак.

Агар болалар боғчалари ёки мактаблар ўз фаолиятини тикласа, ходим иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилдан муддатидан олдин чиқишга, шунингдек ўзининг одатдаги графигига ўтишга (масофадан ишлаш ўрнатилганда) ҳақли. Бунинг учун у ёзма равишда ариза беради, иш берувчи уни қаноатлантириши шарт.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.03.2020 йилдан кучга кирди.

Ленара ХИКМАТОВА

Карантин Карантин Карантин /ul/publish/doc/text158725_qanday_qilib_karantin_davrida_navbatdan_tashqari_tatilga_chiqish_mumkin