Полезное для бухгалтера в ноябре:
Карантин даврида иш ҳақини қандай камайтириш мумкин
Иш ҳақи билан боғлиқ масала – ҳозирги вақтда ҳам иш берувчи, ҳам ходимлар учун энг оғриқли масалалардан бири. Форс-мажор, ёмон молиявий аҳвол ва ҳисобварақда пуллар мавжуд эмаслиги сабабли иш берувчи ташаббусига кўра иш ҳақини камайтириш имконияти ҳақида buxgalter.uz га юридик фанлар номзоди, Меҳнат кодекси муаллифларидан бири Михаил ГАСАНОВ сўзлаб берди.
- Меҳнат шартлари, шу жумладан унга ҳақ тўлаш миқдори ҳам улар қандай тартибда ўрнатилган бўлса, шундай ўзгартирилади. Бунда меҳнат тўғрисидаги шартномалар шартлари, агар қонунда бошқача назарда тутилмаган бўлса, бир томонлама тартибда ўзгартирилиши мумкин эмас.
Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори меҳнат шартномасининг зарур шарти эканлиги боис, умумий қоидага кўра, иш берувчи томонидан ходимнинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас. Ушбу қоидадан истисно МКнинг 89-моддасида назарда тутилган. Фақат ушбу моддада кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда иш берувчи меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини бир томонлама тартибда ўзгартиришга ҳақли.
Иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир.
- Барча бошқа ҳолларда, жумладан форс-мажор ёки корхонанинг ҳисобварағида пуллар мавжуд бўлмаганда ходимнинг розилигини олишга тўғри келадими?
- Ҳа. Иш берувчи меҳнатга ҳақ тўлашнинг илгариги даражасини сақлаб қолиш имконини бермайдиган сабабларни тушунтириши лозим. Агар иш берувчи бу вақтинчалик хусусиятга эгалиги ва муайян вақт ўтгандан кейин меҳнатга ҳақ тўлаш илгариги даражага қайтишини тушунтирса, кўп ҳолларда ходимлар бундай чорага кўнишади.
Агар иш берувчи ходимларни ишонтира олса, улар билан меҳнат шартномасига қўшимча келишувлар тузилади. Қўшимча келишувда қуйидагиларни кўрсатиш зарур:
- ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори;
- у белгиланган сана;
- у жорий этилган муддат;
- иш берувчининг ушбу муддат ўтгандан кейин ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг илгариги миқдорини ўрнатиш юзасидан мажбурияти.
Шартларни муайян чегарадан паст даражада ёмонлаштириш мумкин эмас
1. Қўшимча келишувнинг шартлари ходимнинг ҳолатини қонунчиликка нисбатан ёмонлаштиришига йўл қўйиб бўлмайди. Демак, унга қуйидаги шартлар киритилиши мумкин эмас:
- иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномаси билан белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимга қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан паст ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш тўғрисида;
- тунги вақтдаги иш учун бир ярим баравар миқдордан, дам олиш ёки байрам кунлари, шунингдек иш вақтидан ташқари ишлар учун икки ҳисса миқдордан кам ҳақ тўлаш тўғрисида;
- бюджет соҳаси ходимларига мансаб маошларини (тариф ставкаларини) қонунчилик билан белгиланган миқдорларга (тегишли тариф сеткасига) нисбатан камайтириш;
- ходим томонидан қонун ҳужжатлари билан кафолатланган қўшимча ҳақ, устама, компенсация тўловларини олишнинг рад этилиши ёки уларнинг миқдорини қонунчилик билан белгиланган миқдорга нисбатан камайтириш тўғрисида.
Агар кўрсатилган ёки уларга ўхшаш шартлар барибир қўшимча келишувга киритилган бўлса, ходим уни имзолаганига қарамай, бундай шартлар МКнинг 5-моддасига мувофиқ ҳақиқий эмас деб топилади, юридик кучга эга бўлмайди.
2. Қўшимча келишув шартлари ходимлар аҳволини корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирмаслиги керак.
Масалан, корхонада касаба уюшма қўмитаси (ходимларнинг бошқа вакиллик органи) билан келишилган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисида, мукофотлаш тўғрисида, йил учун иш якунлари бўйича мукофотлаш тўғрисида ва бошқалар тўғрисида низомлар тасдиқланган. Қўшимча келишувда ходимнинг аҳволини бундай локал ҳужжатларга қараганда ёмонлаштирадиган шартлар киритилиши даркор эмас.
Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини вақтинча камайтириш учун, иш берувчи:
- касаба уюшма қўмитаси (ходимларнинг бошқа вакиллик органи) билан келишилган ҳолда локал ҳужжатларга меҳнатга ҳақ тўлаш (мукофотлар, бошқа тўловлар) миқдори, у ўрнатиладиган сана, у қўлланадиган муддат ва иш берувчининг ушбу муддат ўтгандан кейин ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг илгариги миқдорини ўрнатиш юзасидан мажбуриятини кўрсатган ҳолда ўзгартиришларни тасдиқлаши;
- ходимларнинг розилигини олган ҳолда улар билан меҳнат шартномаларига қўшимча келишувлар тузиши лозим.
3. Меҳнат соҳасида камситишнинг тақиқланиши ва тенг аҳамиятли меҳнатга тенг ҳақ тўлаш тамойилларига риоя қилиш лозим.
МКнинг 6-моддасида кўрсатилган жинси, ёши, эътиқоди, бошқа камситувчи асосларга боғлиқ ҳолда, шунингдек уларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб иш ҳақини ошириш ҳам, камайтириш ҳам мумкин эмас.
Бинобарин, битта ходимга нисбатан шундай ишчанлик қобилиятларига, иш стажига ва бир хил меҳнатининг натижаларига (ҳажми ва сифати бўйича) эга бўлган бошқа ходимга қараганда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш мумкин эмас.
- Агар корхонада карантин туфайли ишлаб чиқариш ҳажмлари қисқарган бўлса, бу ходим билан меҳнатга ҳақ тўлашни камайтиришни келишмаслик учун сабаб бўладими?
- Ҳа, ходимлар сонининг қисқаришига олиб келиши мумкин бўлган ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги унга биноан МКнинг 89-моддаси иш берувчига ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини ўзгартиришга имкон берадиган сабабларидан биридир. Бу ҳолда ишдан бўшатишларнинг олдини олиш учун меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори камайтирилади.
Шу билан бир вақтда МК билан белгиланган бундай ўзгартиришлар тартибига қатъий риоя қилиш ва ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатларни тақдим этиш жуда муҳим ҳисобланади.
МКнинг 89-моддасига асосан ходим билан келишмаган ҳолда меҳнат шартларини ўзгартириш чоғида, иш берувчи:
- меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт;
- огоҳлантиришнинг бутун муддати мобайнида илгариги меҳнат шартларини, жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолиши шарт. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади;
- ходимларнинг анча тоифаси учун меҳнат шартлари ноқулай ўзгартирилганда маҳаллий меҳнат органига бундай ўзгартиришлар сабаблари тўғрисида ахборот тақдим этиши шарт;
- ходим томонидан меҳнат шартлари ўзгартирилиши устидан шикоят берилган ҳолатда илгариги шартларни сақлаб қолиш имконсизлигини исботлаши шарт. Айтайлик, агар меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ўзгаришига ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги сабаб бўлса, иш берувчи, биринчидан, ҳақиқатан шундай қисқариш бўлганлигини; иккинчидан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг илгариги шартларини сақлаб қолиш ходимлар сонини қисқартиришга олиб келган бўлиши мумкинлигини исботлаши даркор. Агар иш берувчи ишонарли далилларни келтира олмаса, суд уни ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг илгариги шартларини тиклашга мажбур қилади.
- айрим тоифадаги ходимлар (ногиронлар, 14 ёшга тўлмаган боласи ва ногирон боласи бор кўп болали ота-оналар ва ёлғиз ота, ёлғиз она, пенсия олди ёшидаги шахслар ва юқори ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа шахслар) учун меҳнат шартларини ўзгартириш хусусида корхонадаги ходимларнинг вакиллик органлари билан олдиндан маслаҳатлашиб олиши шарт;
- Агар огоҳлантирилган кундан 2 ой ўтгандан кейин ходим меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларида ишлашни рад этса, қандай йўл тутилади?
- Ходим меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларида ишлашни рад этишга ҳақли. Бундай рад этишга у томондан меҳнат интизомини бузиш сифатида қаралмаслиги керак. Бинобарин, иш берувчи янги шартларда ишлашни рад этаётган ходимга нисбатан интизомий жазо қўллашга ҳақли эмас.
Шу билан бирга, шуни билиш жоизки, бундай ходим билан меҳнат шартномаси МКнинг 89-моддаси 4-бандига асосан - янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилиниши мумкин. Бу ҳолда меҳнат шартномаси янги меҳнат шартлари ўрнатилиши муносабати билан эмас, балки ходимнинг ушбу шартларда ишлашни рад этиши сабабли бекор қилинади.
Мазкур асосга кўра меҳнат шартномасининг бекор қилинишига меҳнат муносабатларини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш сифатида қаралмайди. Шу боис буни касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишмаган ҳолда амалга оширса бўлади.
Меҳнат шартномасини МКнинг 89-моддаси 4-бандига асосан бекор қилиш чоғида ходимга олинмай қолган иш ҳақи ва фойдаланилмаган меҳнат таътилидан ташқари, унинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Бундан ташқари, иш берувчи МКнинг 67-моддасида назарда тутилган моддий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча кафолатларини тақдим этиши шарт:
- иш қидириш даврида меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб иккинчи ой учун ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади;
- агар ходим шу даврда ишга жойлаштирилмаса, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам сақланиб қолади.
- Агар иш берувчи 2 ой кута олмаса, нима қилиш лозим?
- Битта йўли бор: ходимларга, аввал айтганимдек, юзага келган вазиятни ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш вақтинчалик хусусиятга эга эканлигини тушунтириш ва уларнинг розилигини олиш зарур. Шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солувчи локал ҳужжатларга улар қандай тартибда қабул қилинган бўлса, шундай тартибда ўзгартиришлар киритиш лозим.
- Мукофотлар ва устамаларни бекор қилиш мумкинми?
- Ҳаммаси қандай мукофотлар ва устамалар хусусида гап бораётганлигига боғлиқ. Агар бу тўловлар қонунчиликда (масалан, Вазирлар Маҳкамаси қарорида) назарда тутилган бўлса, иш берувчи уларни бекор қилишга ҳам, уларнинг миқдорини камайтиришга ҳам ҳақли эмас. Таъкидлаб ўтилганидек, меҳнат шартлари қандай тартибда ўрнатилган бўлса, шундай тартибда ўзгартирилади.
Агарда мукофотлар, устамалар ёки бошқа рағбатлантириш тарзидаги тўловлар локал ҳужжатлар билан белгиланган бўлса, аниқлаб олиш зарур, тегишли локал ҳужжатларда ушбу тўловлар учун қандай шартлар ва кўрсаткичлар назарда тутилган. Масалан, МКнинг 153-моддаси 2-қисмига мувофиқ касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинган мукофотлаш тўғрисидаги локал низомда бевосита маҳсулотларни реализация қилиш билан банд бўлган ходимларга сотиш режаси камида 90%га бажарилган тақдирда маошининг 30%и миқдорида ойлик мукофот белгиланиши назарда тутилган. Агар ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги муносабати билан сотиш режаси бажарилмаса, ушбу мукофот ходимга тўланмайди.
Қачонки локал ҳужжатлар уларнинг тўланишини бўлинмалар ёки бутун корхонанинг аниқ кўрсаткичларга эришиши, фойданинг, рентабелликнинг мавжудлиги ва ҳ.к.билан боғласа, мукофотлар, устамалар ва бонуслар тўғрисидаги масала ҳам худди шу тарзда ҳал қилиниши керак. Агар белгиланган кўрсаткичларга эришилмаса, ходимларга тўловлар амалга оширилмайди.
Агар локал ҳужжатда мукофотлар (ҳар ойлик, ҳар чораклик ва ҳ.к.) тегишли вақт даврида ишлаган барча ходимларга тўланиши назарда тутилган бўлса, қийинроқ кечади. Ёки агар ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши туфайли корхонанинг молиявий аҳволи ёмонлашганда ходим локал ҳужжатга асосан у ёки бошқа рағбатлантириш тарзидаги тўловларни олиши учун зарур бўлган кўрсаткичлар ва шартларни бажарса.
Мазкур ҳолларда тегишли локал ҳужжатга у қандай тартибда қабул қилинган бўлса, шундай тартибда ўзгартиришлар киритиш лозим. Бундан ташқари, бундай ўзгартиришларга ходимларнинг розилигини олиш зарур. Агар меҳнат шартномасида мукофотлар, устамалар ёки бошқа рағбатлантириш тарзидаги тўловларнинг миқдори айтиб ўтилган бўлса, меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузиш зарур.
Кўпинча меҳнат шартномаларида фақат ходимнинг маошининг ёки тариф ставкасининг миқдори кўрсатилади ва ходимга мукофотлар ва устамалар иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда тасдиқланган локал ҳужжатга (мукофотлаш тўғрисида, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисида низом ва б.) мувофиқ тўланиши айтиб ўтилади.
Амалиётда кўп иш берувчилар хато равишда тегишли локал ҳужжатга ўзгартириш киритиш ва уни ходимларнинг вакиллик органи билан келишиш етарли, ходимнинг розилигини олишнинг зарурати йўқ деб ҳисоблашади. Бироқ бу ундай эмас.
Меҳнат шартномасини тузиш чоғида тарафлар ҳақ тўлаш тўғрисидаги шартларни бошқа ҳужжатларга ҳавола келтириш йўли билан келишиб олганликларига қарамай, бундай шартлар меҳнат шартномасининг шартлари бўлиб қолаверади.
МКнинг 213-моддаси 1-қисмига асосан иш берувчи меҳнат шартномасини тузишда ва бошқа ишга ўтказишда ходимни меҳнат шароитлари тўғрисида хабардор қилиши керак. Шу жумладан ходимни мазкур ташкилотдаги мукофотлаш тизими билан таништириши лозим.
Меҳнат шартномасини имзолаган ҳолда ходим ўзи таништирилган ходимлар учун мукофотларни белгиловчи айнан ўша локал ҳужжат унга нисбатан қўлланилишига ўз розилигини билдиради. Агар ушбу ҳужжатга мукофотлар миқдорига таъсир кўрсатадиган ўзгартиришлар киритилса, ходимни тегишли локал ҳужжат билан таништириб, унинг розилигини олиш зарур.
Модомики, меҳнат шартномасида келишиб олинганидек, мукофотлар, устамалар ва бошқа рағбатлантириш тарзидаги тўловлар, илгаригидек, ходимга иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда тасдиқланган локал ҳужжатга (мукофотлаш тўғрисида, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисида низомга ва б.) мувофиқ тўлашда давом этилар экан, мазкур ҳолатда қўшимча келишув тузиш зарурати йўқ. Ходим тегишли локал ҳужжат билан танишган ҳолда унга мукофотлар ёки бошқа рағбатлантириш тарзидаги тўловлар ушбу ҳужжатга мувофиқ амалга оширилишига ўз розилигини билдирган аризани бериши етарли.
- Компенсация тўловларига нисбатан қандай йўл тутиш лозим?
- Компенсация тўловлари – бу ходимларга ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида белгиланган пул тўловлари. Бундай тўловларни тайинлаш ходим меҳнат шартномасида келишилган ишни бажариши билан боғлиқ ҳақиқатда амалга оширадиган харажатларни қоплашдан иборат.
Масалан, масофадан ишлашга ўтишда ходимга иш жойига бориш ва уйга қайтиш учун йўлкира ҳақи харажатлари компенсация қилиниши керак эмас. Бироқ, агар ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун шахсий ускуналари, техник воситалари, алоқа воситалари ва Интернет тармоғидан фойдаланса, у харажатларни қоплаш ҳуқуқига эга бўлади.