Полезное для бухгалтера в декабре:
Дилшод СУЛТОНОВ пенсия тўлови юзасидан саволларга жавоб берди
Молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ buxgalter.uz портали сўровига биноан пенсия тўлови юзасидан саволларга жавоб берди. Улар қандай тартибда тўланади? Корхоналар талабнома бермаган пенсиялар нима бўлади? Агар пенсия умуман “йўқолиб қолган” бўлса, қандай йўл тутиш керак?
- “Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш учун маблағларни олиш, уй-жой коммунал хизматлари учун компенсациялар, шунингдек ун ва нонга компенсациялар учун талабномалар бериш шарт эмас.
Халқ банки ва бошқа тижорат банклари Пенсия жамғармасининг ахборот тизими маълумотлари асосида банк карталарини очади ва уларни пенсионерларнинг яшаш жойларига етказиб беради. Шу боис хавотир олмасликни ва уйда қолишни сўраймиз!
Кейинчалик корхона ва ташкилотлар қуйидаги тўловлар учун талабномани тақдим этишлари мумкин:
- бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа;
- дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа;
- 16 ёшгача бўлган ногирон болаларнинг ота-оналаридан бирига қўшимча дам олиш кунларига ҳақ тўлаш;
- Пенсия ёшига тўлмаган, бироқ уй-жой коммунал хизматлар учун компенсация олиш ҳуқуқига эга шахсларга компенсация.
Май ва кейинги ойларда пенсиялар қандай тўланади
Ишловчи пенсионерлар апрель ва май ойлари учун пенсияларини ўзларининг банк карталарига бир йўла – май ойида олишади. Кейинчалик улар пенсияларини ҳар ойда карталарига олишади.
Ҳозирги вақтда “Пенсия” ПКда ишловчи пенсионерлар ва пенсия тўловига талабномаларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилган. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ишловчи пенсионерларга илгари тўланмаган даврлар учун (талабномалар топширилмаган) қўшимча пенсияларни тўлаб беради.
Агар пенсия “йўқолиб қолган” бўлса
Агар пенсионер қандайдир сабабларга кўра ўтган давр учун ўз ташкилоти орқали пенсия олмаган ва май ойида у Пенсия жамғармаси орқали тўланмаган бўлса, бу ҳақда Пенсия жамғармасининг 1140 рақамли “ишонч телефони” орқали хабар қилиш зарур.
Агар ташкилот Пенсия жамғармасига, масалан, март ойи учун талабнома топширмаган бўлса, Пенсия жамғармасининг маълумотлар базасида пенсия тўланмаган сифатида акс этади. У пенсионерга апрель ва май ойлари учун пенсиялар билан бирга қўшимча тўлаб берилади”.