Қарзлар МҲХС бўйича қандай акс эттирилади

preview

Ўзбекистонда халқаро молиявий ҳисобот стандартлари фаолроқ қўлланиладиган вақт яқинлашмоқда. Бухгалтерлар ҳозирданоқ ушбу мураккаб соҳа билан яқиндан танишишга ҳаракат қилмоқдалар. Ўқувчиларимизни қизиқтирадиган саволлардан бири – МҲХСни қўллаганда қарзларни қандай акс эттириш мумкин? «Норма» етакчи эксперти Наталья МЕМЕТОВА buxgalter.uz илтимосига кўра унга жавоб берди:


– «Олинган ва берилган қарзлар халқаро молиявий ҳисобот стандартларида қарзга оид молиявий дастаклар сифатида таснифланади, уларнинг ҳисобини юритиш 9-МҲХС (IFRS) «Молиявий дастаклар» билан тартибга солинади.

Қарз берувчининг мақсади – бўш айланма маблағларини бериб, бундан даромад (фоиз) олиш. Бунда муайян вақт ўтиб қарзга берган маблағлари ҳам ўзига қайтади.

Қарз берувчи маблағларни бераётганда молиявий активни тан олади.

Қарз олувчининг мақсади – керак пайтда ўз фаолиятида фойдаланиш учун зарур айланма маблағларини олиш. Қарз олувчи қарз маблағларидан фойдаланганлиги учун фоиз тўлайди. Бу унинг харажати. Бунда муайян вақт ўтиб қарз маблағларини қайтариб бериши керак.

Қарз олувчи маблағларни олаётганда молиявий мажбуриятни тан олади.


Қарз қандай қиймат бўйича акс эттирилади

Дастлаб қарзни адолатли қиймати бўйича, қилинган харажатларни ҳисобга олган ҳолда баҳолаш зарур. Улар ушбу битим билан бевосита боғлиқ бўлган харажатлар бўлиши мумкин. Масалан, қарз олувчининг молиявий аҳволини, кафолатларни баҳолаш, қарзга оид ҳужжатларни тайёрлаш ва уларга ишлов бериш, гаровни ёки бошқа таъминотни расмийлаштириш хизматлари ва ҳ.к. учун тўланадиган ҳақ.

Оддий шартли мисолларни кўриб чиқамиз.

1. Қарз берувчи корхона йиллик 15% тўлаш шарти билан 1 500 000 минг сўм миқдорида бир йилга қарз берди. Бунда ушбу битимни тайёрлаш учун кредит хавфини баҳолаш ва бошқалар билан боғлиқ қўшимча харажат (50 000 минг сўм) қилди.

Қарз берувчида қарзнинг бошланғич баҳоси:

1 500 000 + 50 000 = 1 550 000 минг сўм.

2. Қарз олувчи корхона йиллик 15% тўлаш шарти билан 1 500 000 минг сўм миқдорида бир йилга қарз олди. Бунда ушбу битимни тайёрлаш учун гаровни расмийлаштириш билан боғлиқ қўшимча харажат (50 000 минг сўм) қилди.

Қарз бўйича мажбуриятнинг бошланғич баҳоси:

1 500 000 – 50 000 = 1 450 000 минг сўм.


Келгусида баҳолаш

Келгусида қарзлар амортизацияланган қиймати бўйича баҳоланади. Дастлаб тан олинган қарз қиймати билан сўндириладиган сумма ўртасидаги фарқ амортизацияланади.

Қарз амал қиладиган муддат давомида ушбу суммани бир маромда сўндириш учун самарали фоиз ставкаси қўлланилади. Бу – қарз шартномаси амал қилган муддат давомида ҳисоб-китоб қилинган келгуси пуллик тўловларни ёки тушумларни дисконтловчи ставка.

Самарали фоиз ставкасини ҳисоб-китоб қилиш чоғида корхона шартномада қайд этилган барча шартларни (олдиндан ҳақ тўлаш, тўловни кечиктириш имконини бериш, бонуслар, битим бўйича харажатлар, чегирмалар, мукофотлар ва ҳ.к.) эътиборга олган ҳолда кутилаётган пул оқимларини баҳолаши керак.

Мисолларимизда йил давомида 50 000 минг сўмлик сумма амортизацияланиши керак.


Қарз берувчи корхона учун ҳисоб-китоб:

Қарзнинг бошланғич қиймати – 1 550 000 минг сўм.

Олинадиган фоизлар шартнома бўйича қарз суммасидан ҳисобланади:

1 500 000 х 15% = 225 000 минг сўм.

Қарз берувчининг фоизли даромади:

1 550 000 – 1 500 000 – 225 000 = 175 000 минг сўм.

Самарали фоиз ставкаси:

175 000 : 1 550 000 х 100 = 11,29%.

Олинадиган фоизлар билан қарз берувчининг фоизли даромади ўртасидаги фарқ:

225 000 – 175 000 = 50 000 минг сўм – қарз берувчи битим бўйича сарфлаган қўшимча харажатлар.


Қарз олувчи корхона учун ҳисоб-китоб:

Қарзнинг бошланғич қиймати – 1 450 000 минг сўм.

Тўланадиган фоизлар шартнома бўйича қарз суммасидан ҳисобланади:

1 500 000 х 15% = 225 000 минг сўм.

Қарз олувчининг фоизли харажати:

1 450 000 – 1 500 000 – 225 000 = –275 000 минг сўм.

Самарали фоиз ставкаси:

275 000 : 1 450 000 х 100 = 18,97%.

Тўланадиган фоизлар билан қарз олувчининг фоизли харажати ўртасидаги фарқ:

275 000 – 225 000 = 50 000 минг сўм – қарз олувчи битим бўйича сарфлаган қўшимча харажатлар.

1 йиллик қарз муддати билан чекланиб, оддий мисолларни кўриб чиқдик.

Амалиётда ҳаммаси мураккаброқ тусга эга бўлади, албатта, кўп омилларни ҳисобга олиш керак бўлгани сабабли самарали фоиз ставкасини аниқлаш ҳам осон бўлмайди.

Уни аниқлаш учун турли кредит калькуляторлари мавжуд, сиз улардан фойдаланишингиз мумкин.


Бухгалтерия ҳисоби

Қарз берувчида ҳисоб юритиш варианти:

Операция

Сумма,

минг сўмда

Дебет

Кредит

Қарз берилди

1 500 000

Қарз

Пул

Битим бўйича қўшимча харажатлар қилинди

50 000

Қарз

Пул,

Етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоблар

Фоизли даромад ҳисобланди

1 550 000 х 11,29%

175 000

Қарз

Фоизли даромад

Шартнома бўйича фоизлар олинди

1 500 000 х 15%

225 000

Пул

Қарз

Қарз қайтарилди

1 500 000

Пул

Қарз

Қарз олувчида ҳисоб юритиш варианти:

Операция

Сумма,

минг сўмда

Дебет

Кредит

Қарз олинди

1 500 000

Пул

Қарз бўйича мажбурият

Битим бўйича қўшимча харажатлар қилинди

50 000

Қарз бўйича мажбурият

Пул,

Етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоблар

Самарали фоиз ставкаси бўйича фоизлар ҳисобланди

1 450 000 х 18,97%

275 000

Фоизли харажат

Қарз бўйича мажбурият

Фоизлар тўланди

225 000

Қарз бўйича мажбурият

Пул

Қарз қайтарилди

1 500 000

Қарз бўйича мажбурият

Пул

Халқаро молиявий ҳисобот стандартларини қўллаётганда 21-сон БҲМСдаги одатдаги счётларни мослаштириб олишингиз мумкин.

Жадвалларда бир йилда ҳисобланган ва тўланган фоизларнинг суммалари акс этган. Амалиётда эса фоизлар ҳар ой, ҳар ойдаги қарздан фойдаланилган календарь кунлари сонидан келиб чиқиб ҳисобланади. Қарз тўланадиган ва қайтариладиган, шунингдек фоизлар тўланадиган саналар шартнома шартлари билан белгиланади.


Молиявий ҳисоботда-чи?

Қарз муддати ҳисобот йилига тўғри келди, дейлик. Фоизлар тўланган. Қарз ҳисобот санасидан кейин келувчи кунда қайтарилади.

Ҳисобот санасида балансда қуйидагилар акс эттирилади:

  • қарз берувчида – шартномадаги суммасига тенг бўлган қарзнинг амортизацияланган қиймати:

1 550 000 – 225 000 + 175 000 = 1 500 000 минг сўм.

  • қарз олувчида – қарз мажбуриятининг амортизацияланган қиймати:

1 450 000 – 225 000 + 275 000 = 1 500 000 минг сўм.

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда қуйидагилар акс эттирилади:

  • қарз берувчида – самарали фоиз ставкаси бўйича ҳисоблаб чиқарилган фоизли даромад:

1 550 000 х 11,29% = 175 000 минг сўм.

  • қарз олувчида – самарали фоиз ставкаси бўйича ҳисоблаб чиқарилган фоизли харажат:

1 450 000 х 18,97% = 275 000 минг сўм.


Солиқ солиш

Қарз берувчида фоизлар солиқ солиш мақсадида жами даромадга киритилади.

СКга мувофиқ, илгари билдирилган (белгиланган) ҳар қандай даромад, шу жумладан ҳар қандай турдаги қарз мажбуриятлари бўйича дисконт тарзида олинган даромад (уни расмийлаштириш усулидан қатъи назар), шу жумладан пул омонатлари бўйича олинган даромад фоизлар деб эътироф этилади.

Яъни қарз берувчи солиқ солиш мақсадида жами даромадга: 1 500 000 х 15% = 225 000 минг сўмлик суммани киритади.

Қарз олувчининг бутун фоизли харажати 275 000 минг сўм фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида чегириладиган харажат деб ҳисобланади, агар ушбу харажатлар:

  • капиталлаштирилмаса;
  • назорат қилинадиган қарз билан боғлиқ ҳолатда белгиланган нормативлардан ошмаса».

МҲХС МҲХС МҲХС /ul/publish/doc/text161434_qarzlar_mhhs_buyicha_qanday_aks_ettiriladi