Полезное для бухгалтера в декабре:
Меҳнат жароҳати сабабли етказилган зарар қандай тўланади
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса натижасида ходим меҳнат жароҳати олди. Унга қандай тўловлар тўланиши лозим, етказилган зарар учун тўловни ҳисоб-китоб қилиш чоғида иш ҳақининг қандай турларини ҳисобга олиш зарур, меҳнатга оид ҳуқуқ масалалари бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА махсус buxgalter.uz учун шу ҳақда тушунтириш берди:
– Ходим меҳнат вазифаларини бажараётган вақтида меҳнат жароҳати олган бўлса, иш берувчи унга етказилган зарарни, башарти жабрланувчининг ўз айби билан зарар етказилганлигини исботлаб беролмаса, тўлиқ ҳажмда тўлаши шарт .
Меҳнат жароҳати – ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида ходимнинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёки бутунлай йўқотиши.
Иш берувчи томонидан соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш тадбирлари таъминланмаганлиги (меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги, саноат санитарияси қоидалари ва шу кабиларга риоя қилмаслик) туфайли олинган меҳнат жароҳати унинг айби билан содир этилган деб ҳисобланади .
Иш берувчи зарарни тўлашни рад этганда, ушбу масала суд томонидан ҳал қилинади .
Ходимнинг қўпол эҳтиётсизлиги зарарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган тақдирда, зарарни тўлаш суммаси унинг айбдорлиги даражасига қараб, бироқ 50%дан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилиши мумкин . Жабрланувчининг айбдорлиги даражаси корхонанинг касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи қарори билан, мазкур масала бўйича низо юзага келганда эса суд томонидан белгиланади.
Етказилган зарар учун қандай тўловлар тўланади
Меҳнат жароҳати натижасида ходимнинг соғлиғига етказилган зарар учун қуйидаги тўловлар тўланади :
- у йўқотган иш ҳақининг (у олган ёхуд олиши аниқ бўлган даромадларнинг) ҳар ойлик тўлови;
- соғлиғига шикаст етиши билан боғлиқ қўшимча харажатларнинг компенсацияси;
- бир йўла бериладиган нафақа тўлови.
Бундан ташқари, ходимга етказилган маънавий зарар қопланиши мумкин . Бундай қоплам шакли (пул ёки бошқа моддий) ва миқдори ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда (низо келиб чиққан тақдирда – суд томонидан) белгиланади.
Йўқотилган иш ҳақи жабрланувчининг меҳнатда майиб бўлишига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ белгиланадиган ҳар ойлик тўловлар тарзида қопланади .
Меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасини тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) соғлиққа шикаст етказилиши оқибатларига қараб 5%дан 100%гача бўлган чегарада белгилайди .
Йўқотилган иш ҳақи таркибига нималар киради?
Ходимнинг солиқлар ушлаб қолинмасдан олдин ҳисобланган суммалардаги йўқотилган иш ҳақи таркибига қуйидагилар киритилади :
- ҳам асосий иш жойидан, ҳам ўриндошлик бўйича ишлайдиган жойидан меҳнат шартномаси бўйича тўланадиган, ЖШДС солинадиган барча турдаги меҳнат ҳақи (шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш ва байрам кунларидаги ишлар ҳамда бир неча лавозимда ишлаганлик учун тўланадиган ҳақ);
- фуқаровий-ҳуқуқий шартнома бўйича тўланадиган, ЖШДС солинадиган даромадлар;
- тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромад (солиқ инспекциясининг маълумотлари асосида);
- муаллифлик гонорари;
- вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун тўланган нафақалар.
Бир йўла бериладиган тўловлар – фойдаланилмаган таътил учун тўланадиган пул, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинмайди.
Жабрланувчига майиб бўлиши сабабли тайинланган ногиронлик пенсияси, худди шунингдек соғлиғига зарар етказилмасидан олдинги ва ундан кейинги бошқа турдаги пенсиялар, нафақалар ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар эътиборга олинмайди ва зарарни қоплаш миқдорини камайтиришга сабаб бўлмайди (зарарни қоплаш ҳисобига киритилмайди).
Зарарни қоплаш ҳисобига шунингдек жабрланувчи соғлиғига шикаст етказилганидан кейин оладиган иш ҳақи (даромади) ҳам киритилмайди .
Ўртача ойлик иш ҳақи (даромад) соғлиққа шикаст етказилишидан олдинги ишланган 12 ой ичидаги иш ҳақининг умумий суммасини 12 га бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқилади.
Зарар етказилган пайтгача жабрланувчи 12 ойдан кам ишлаган ҳолларда ўртача иш ҳақи соғлиққа шикаст етказилишидан олдинги амалда ишланган ойлардаги иш ҳақининг умумий суммасини ана шу ойлар сонига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқилади .
Жабрланувчи тўлиқ ишламаган ойлар унинг хоҳишига кўра бундан олдинги тўлиқ ишланган ойларга алмаштирилади ёки уларни алмаштириш имконияти бўлмаганда ҳисобдан чиқариб ташланади .
Иш берувчи жабрланувчининг қандай қўшимча харажатларини тўлайди?
Ҳар ой ўртача ойлик иш ҳақини тўлашдан ташқари, иш берувчи жабрланувчининг қуйидаги қўшимча харажатлари ўрнини ҳам қоплаши зарур:
- даволаниш, протез қўйдириш, қўшимча овқатланиш, дори-дармонлар сотиб олиш;
- санаторий-курортда даволаниш;
- махсус транспорт воситаларини сотиб олиш (уларнинг қиймати доирасида);
- бошқа турдаги ёрдамни олиш, агар ходим ТМЭК томонидан ёрдамнинг ушбу турларига муҳтож деб топилган бўлса ва уларни тегишли ташкилотлардан бепул олиш ҳуқуқига эга бўлмаса;
- жабрланувчи билан иш берувчи ўртасида зарарни тўлаш бўйича низо юзага келганда, агар низо жабрланувчининг фойдасига ҳал қилинган бўлса, адвокат ёллаш харажатлари.
Махсус тиббий парваришга муҳтож бўлган жабрланувчи учун қўшимча харажатлар ҳар ойда МҲЭКМнинг 70,3%и даражасида, уй шароитида парвариш қилиш учун эса ойига МҲЭКМнинг 17,6%и даражасида этиб белгиланади .
Бошқа қўшимча харажатлар миқдори тегишли ташкилотларнинг счётлари ва бошқа ҳужжатлар асосида ёхуд жабрланувчи томонидан ушбу харажатлар қилинган вақтдаги нархларга мувофиқ аниқланади .
Бир йўла бериладиган нафақа қанча миқдорда тўланади?
Иш берувчи ўртача ойлик иш ҳақи ва қўшимча харажатларни тўлашдан ташқари тўлайдиган бир йўла бериладиган нафақа миқдори жабрланувчининг бир йиллик иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак . Нафақанинг аниқ миқдори корхонанинг жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, – иш берувчи билан ходимларнинг вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади . Яъни нафақа миқдорини локал тартибда, корхонанинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бир йиллик иш ҳақидан юқори миқдорда ҳам белгилаш мумкин.
Бир йиллик иш ҳақи ўртача ойлик иш ҳақини 12 га кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Меҳнат жароҳати сабабли етказилган зарар учун тўлов қанча вақт тўланади?
Йўқотилган иш ҳақи ТМЭК хулосаси билан меҳнат жароҳати сабабли касбга оид меҳнат қобилияти йўқотилганлиги белгиланган муддат давомида, қўшимча харажатлар эса уларга бўлган эҳтиёж белгиланган муддат давомида тўланади.
Меҳнат жароҳати олгандан кейин меҳнат муносабатларини тўхтатиш зарарни тўлашдан озод қилмайди .
ЖШДС ва ижтимоий солиқ
«Норма» эксперти Ольга БУСАРОВА:
– Жабрланувчига нормалар доирасида бериладиган юқорида кўрсатилган барча тўловларга ЖШДС солиш мақсадида даромад сифатида қаралмайди .
Агар тўланаётган бўлса, маънавий зарарни компенсация қилиш бўйича пуллик тўловлар тарзидаги бошқа даромад бундан мустасно .
Корхона меҳнат жароҳати олган ходимга кўрсатилган мажбурий тўловлардан ташқари:
- моддий ёрдам тўлаши мумкин . Бир йилда МҲЭКМнинг 4,22 бараваригача миқдорда тўланган бундай ёрдамга ЖШДС солинмайди ;
- қандайдир ТМҚни совға қилиши мумкин . Бир йилда МҲЭКМнинг 2,11 бараваригача бўлган қийматдаги совға тарзидаги даромадга ЖШДС солинмайди .
Жабрланувчи меҳнат қобилиятини қисман сақлаб қолган бўлса, унга тўланадиган иш ҳақидан ташқари барча тўловларга ижтимоий солиқ ҳисобланмайди.