Полезное для бухгалтера в ноябре:
Узлуксиз меҳнат стажи аҳамиятга эгами?
Баъзи ходимлар бир ишдан бўшаш ва бошқасига жойлашиш ўртасидаги танаффуслардан, шу тариқа уларнинг узлуксиз стажлари узилиши ва бу қандайдир тарзда бўлғуси пенсия, касаллик таътили пули, устамалар миқдори ва ҳ.к.ларга таъсир кўрсатади деб қўрқишади. Аслида ҳам шундайми?
Buxgalter.uz тушунтиради:
“Узлуксиз иш стажи” атамаси тушунчаси ҳозирги вақтда қонунчиликда мавжуд эмас. У собиқ СССР вақтида аҳамиятга эга бўлган ва инсон мунтазам меҳнат қилган вақтни намоён қилган, ишдан бўшаш ва янги ишга жойлашиш ўртасидаги даврлар эса муайян муддатлардан ошмаган.
Бироқ ҳозирги вақтда ҳам у кадрлар бўлими ходимлари орасида ҳам тез-тез эслаб турилади. Гап шундаки, узлуксиз меҳнат стажи муайян касб соҳаларида устамаларни тайинлашда ҳисобга олинади. Масалан, давлат муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимларига узлуксиз иш стажи учун устамалар тайинлаш кафолатланади. Уларни тўлаш ва узлуксиз стажни ҳисоблаб чиқариш тартибини Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида низом тартибга солади.
Хусусий корхоналарда меҳнат стажи
Компаниялар ҳам локал тартибда мустақил равишда ўз ходимлари учун мазкур аниқ иш берувчида ёки аниқ тармоқда узлуксиз стаж учун қўшимча афзалликлар белгилашлари мумкин. Бундай кафолатларни тақдим этиш тартиби ташкилотнинг алоҳида локал норматив ҳужжатларида қайд этилади. Масалан – жамоа шартномасида, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низомларда ва ҳ.к.
Бу миқдори ишланган даврга мутаносиб равишда табақалаштириладиган иш ҳақига ҳар ойлик ёки йиллик қўшимча тўловлар бўлиши мумкин. Узлуксиз стаж учун пул тўловларидан ташқари ходимларга қўшимча ҳақ тўланадиган таътиллар, санаторийга йўлланмалар ва ҳ.кни тақдим этиш мумкин. Бунда ташкилот локал ҳужжатда “узлуксиз” юзасидан ўз талқинини мустаҳкамлаб қўйиши мумкин:
- битта компания ёки тармоқда узлуксиз иш;
- битта мутахассислик ёки бир хил меҳнат шароитларида узлуксиз иш.
Агар стажда узилишлар бўлса
Агар ходим ишдан бўшаш ёки фаолиятнинг касб соҳасини ўзгартиришга қарор қилса, у ҳатто кейин илгариги иш жойига қайтган тақдирда ҳам, ташкилот томонидан белгиланган имтиёзга бўлган ҳуқуқни йўқотиши мумкин. Бунда компанияга ходим муайян вақт миқдоридан кечикмай қайтган тақдирда унинг учун барча кафолатларни сақлаш юзасидан қоидани ёзиб қўйишига ҳеч нарса ҳалал бермайди. Масалан – агар ишдан бўшаш ва янги меҳнат шартномаси тузиш ўртасида 3 ойдан кўп вақт ўтмаган бўлса ва ҳ.к.
Шу тариқа, узлуксиз меҳнат стажи, агар ходим қонунчилик даражасида ёки корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан локал тартибда белгиланган узлуксиз меҳнат стажи учун устамалар олиши лозим бўлса, ходимнинг меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорига таъсир кўрсатади.
Пенсия ва касаллик таътили пулини ҳисоблаш учун узлуксиз меҳнат стажи зарурми?
Пенсия ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ҳисоблаш учун узлуксиз меҳнат стажи аҳамиятга эга эмас.
Пенсия тайинлаш учун меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда умумий қоидага биноан қуйидагидар ҳисобга олинади:
- 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса (яъни “суғурта” стажи ҳисобга олинади);
- 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, агар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса .
Бунда пенсия ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи ишдаги танаффуслардан қатъи назар охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги ҳар қандай кетма-кет 5 йил (пенсия учун мурожаат қилганнинг танловига кўра) олинади.
Узлуксиз стаж, масалан, компания локал тартибда “ўзининг” пенсионерларига, яъни у ерда ёки муайян соҳада муайян йиллар миқдорида узлуксиз ишлаган собиқ ходимлари учун ўз маблағларидан пенсияга устамалар ўрнатган тақдирда пенсия миқдорига таъсир кўрсатиши мумкин.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси миқдорини аниқлашда қуйидаги умумий меҳнат стажи ҳам ҳисоб-китобга қабул қилинади:
- умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга нафақа иш ҳақининг 80%и миқдорида тўланади;
- умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга - иш ҳақининг 60%и миқдорида . Истисно – нафақа тўлашнинг анча имтиёзли шартлари белгиланган ходимларнинг алоҳида тоифалари .
Ленара ХИКМАТОВА,
«Норма»нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти