Агар ходим имтиёзга ҳужжатни кечиктириб тақдим этган бўлса

preview

Ходим СКнинг 380-моддасида назарда тутилган ЖШДС бўйича имтиёзга ҳужжатларни катта кечикиш билан тақдим этди. Иш берувчи бу ҳолда солиқни қайта ҳисоб-китоб қилиши шартми?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Юнусобод туман ДСИ бош солиқ инспектори Низомиддин СУЛТОНОВ жавоб берди:

- Иш берувчи СКнинг 385-386-моддаларига мувофиқ ходим имтиёз ҳуқуқига эга бўлган барча ойлар учун ЖШДС бўйича қайта ҳисоб-китоб қилиши ва ҳисоботни қайта топшириши шарт. СКнинг 380-моддасида солиқ имтиёзига бўлган ҳуқуқ календарь йил давомида вужудга келган тақдирда, солиқ имтиёзи унга бўлган ҳуқуқлар вужудга келган пайтдан эътиборан қўлланилиши айтилган.

Даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун МҲЭКМнинг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича қисман солиқ солишдан озод этиш тарзидаги имтиёз ходим тегишли ҳужжатлар тақдим этгандан кейин қўлланилишига эътибор беринг.

Солиқ тўловчилар тоифалари

Имтиёзга бўлган ҳуқуқни берувчи ҳужжат

"Ўзбекистон Қаҳрамони", Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган шахслар, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган шахслар

"Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг маълумотномаси

Уруш ногиронлари ва иштирокчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган ва доираси қонун ҳужжатларида белгиланадиган шахслар

Уруш ногиронининг (иштирокчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (иштирокчиларга) ногироннинг (иштирокчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома

Болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар

Пенсия гувоҳномаси ёки ТМЭКнинг маълумотномаси

собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ва бева хотинлари (бева эрлари)

"Ҳалок бўлган аскарнинг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)" ёки "Ички ишлар органлари ҳалок бўлган ходимининг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)" штампи қўйилган ёхуд пенсия гувоҳномасини берган муассаса раҳбарининг имзоси ва ушбу муассаса муҳри билан тасдиқланган тегишли ёзувли пенсия гувоҳномаси

Агар мазкур шахслар пенсионер бўлмаса, имтиёз уларга собиқ СССР Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик қўмитаси ёки Ички ишлар вазирлигининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Президент Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа ҳарбий хизмат назарда тутилган идораларнинг тегишли органлари томонидан берилган ҳарбий хизматчининг ёки ички ишлар органлари ходимининг ҳалок бўлганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида берилади. Собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида ёки фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ёхуд ички ишлар органлари ходимларининг бева хотинларига (бева эрларига) имтиёз фақат улар янги никоҳдан ўтмаган тақдирда берилади

Икки ва ундан ортиқ 16 ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз оналар

Ҳар бир бола учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотнома

Икки ва ундан ортиқ 16 ёшга тўлмаган болалари бор ҳамда боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олмайдиган бева аёл ва бева эркаклар

Эрнинг (хотиннинг) вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, янги никоҳдан ўтмаганлик ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олинмаслиги ҳақидаги маълумотномаси

Болалигидан ногиронлиги бўлган шахс, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота ёки она

Пенсия гувоҳномаси ёки соғлиқни сақлаш муассасасининг доимий парвариш зарурлигини тасдиқловчи тиббий маълумотномаси 

Қоидага кўра, СКнинг 380-моддасига биноан имтиёз олувчи шахслар камдан-кам ҳолда илгариги иш жойида қоладилар, юзага келган ҳаётий ҳолатларни инобатга олган ҳолда кўпроқ тўғри келадиган ишни топадилар. Агар ходим ишдан бўшаган бўлса ва ҳужжатни ҳисобот давридан (календарь йил) кейин тақдим этган бўлса, бу ҳолда қайта ҳисоб-китобни жисмоний шахснинг доимий яшаш жойидаги солиқ органи – даромадлар тўғрисидаги декларация асосида амалга оширади .

Бу ҳолда қайтарилиши лозим бўлган суммалар ариза берувчига қайтарилиши ёки солиқларни тўлаш ҳисобига ҳисобга олиниши мумкин.

Ходим имтиёзга бўлган ҳуқуқни йўқотган пайтдан эътиборан 15 кун ичида иш берувчини хабардор қилиши шарт. Иш берувчиларга бу ҳақда СКнинг 380-моддаси асосида имтиёз олувчиларни огоҳлантиришларини тавсия қиламан.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Ижтимоий таъминот Ижтимоий таъминот Ижтимоий таъминот /ul/publish/doc/text164873_agar_hodim_imtiezga_hujjatni_kechiktirib_taqdim_etgan_bulsa