Полезное для бухгалтера в декабре:
Активларни идентификация қилишнинг қандай тизимини қўллаш лозим
“Ташкилотда ҳар бир моддий қимматликга инвентарлаш рақами билан стикер ёпиштирилган. Бироқ инвентарлаш комиссияси аъзолари корхонада қўлланилаётган активларни идентификация қилиш тизими эскирган деб ҳисоблашмоқда ва янги технологияларни жорий қилишни таклиф қилишмоқда. Ўзбекистонда қандай идентификация қилиш тизимлари қўлланишга рухсат берилган”?
Buxgalter.uz илтимосига биноан ўқувчининг саволига «TRI-S-AUDIT» МЧЖ директори Светлана ГОЛОСОВА жавоб берди:
- Вариантлар – талай ва умуман, улардан ҳар қайсиси корхонада қўлланилиши мумкин. Танлов - раҳбарият ихтиёрида. Бунда корхонадаги аниқ вазиятдан келиб чиқиш зарур: бу ёки бошқа идентификация қилиш тизими қанчалик мақсадга мувофиқ ва қулай, бу қанчалик корхонанинг молиявий имкониятларига тўғри келади.
Ҳар бир активни аниқ идентификация қилиш мумкинлиги ҳисоб учун муҳимдир. Энг содда ва арзон вариант – ҳар бир активга қоғоз шаклда идентификация рақамини ёпиштириш. Рақамларни ҳар бир моддий жавобгар шахс бўйича бериш мумкин, рақамлаш узлуксиз ёки гуруҳлар бўйича ва ҳ.к. тарзда бўлиши мумкин. Агар корхона унча катта бўлмаса ва активлар, умуман, унчалик кўп бўлмаса, ушбу усул сизнинг вазифаларингизни ҳал қилади.
Автоматлаштирилган технологиялар техник жиҳозлаш ва ДТ учун харажатларни талаб этади. Уларнинг ишлаш принципи илгаригиларга ўхшаш, фақат инвентарлаш рақами, қоидага кўра, штрих коди ёки QR-коди шаклида чоп этилади ва худди шундай ҳисоб остидаги қимматликларга ёпиштирилади. Инвентарлаш жараёнида эса ушбу кодларни ўқийдиган махсус сканер қўлланилади. Текширувчилардан ўтиб, кодларни ўқиш талаб этилади, барча қолганини компьютер бажаради. Албатта, бу – тезроқ, аниқроқ ва осонроқ. Бундай тизим йирик корхоналарда ўзини оқлайди.
Идентификация қилишнинг ҳар қандай усули – рухсат этилган ва қўлланилиши мумкин, уларнинг долзарблиги ҳақида фақат технология ишлаб чиқилган вақт бўйича фикр юритиш, менинг фикримча, нотўғри.
Ташкилотда қўлланиладиган вариант корхонанинг ҳисоб сиёсатида ёзилган бўлиши керак. Ҳужжатда қўлланиладиган технологияни батафсил таърифланг, сабаби текширувчи, сизнинг ҳисобингиз маълумотларини текшириш зарурати бўлганда, айнан ушбу қоидаларга амал қилади. Бинобарин, ҳисобда ҳам ҳисоб сиёсатида ёзилганидан четга чиқиш мумкин эмас.
Агар сиз активларни идентификация қилиш тизимини ўзгартиришга қарор қилган бўлсангиз, барча тайёргарлик ишларини жорий йил давомида амалга оширинг, сабаби у вақт талаб этадиган етарлича серташвиш иш. Кейинги календарь йил учун ҳисоб сиёсатини тасдиқлашдан олдин эса – унга тегишли ўзгартиришлар киритинг. Ва 1 январдан бошлабоқ идентификация қилишнинг янги тизимидан фойдаланиш мумкин бўлади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади