Полезное для бухгалтера в декабре:
Кимга МҲХС бўйича ўқиш ва имтиҳонлар топшириш харажатлари қопланади
Вазирлар Маҳкамасининг 26.01.2021 йилдаги 38-сон қарори билан бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида ўқитиш ва имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартибини регламентловчи вақтинчалик низом тасдиқланди. У 2025 йил 31 декабрга қадар амал қилади. Батафсил - «Норма» эксперти Шоҳиста ЁҚУБОВАнинг шарҳида:
– Низом қуйидагиларни белгилайди:
- МҲХС бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатлари таркиби;
- ушбу харажатлар қоплаб берилувчи шахслар тоифаси;
- МҲХС бўйича ўқитиш харажатларини қоплаш тартиби;
- бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби;
- МҲХС бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини молиялаштириш манбалари.
Молия вазирлиги ўқитиш ва имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб бериладиган бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар ва халқаро бухгалтер сертификатлари рўйхатини белгилайди.
Ким ва қандай харажатлар қопланади
Давлат ўқитиш ва имтиҳон топшириш харажатларини қуйидагилар учун қоплаб беради:
1) олий таълим муассасаларининг "Бухгалтерия ҳисоби" ва "Аудит" фанлари бўйича педагог кадрлари;
2) олий таълим муассасаларининг талабалари ва битирувчилари (тугатгандан сўнг 6 ой давомида);
3) давлат органлари ходимлари.
Ўқитиш харажатларини қоплаш халқаро бухгалтер сертификатлари доирасидаги фанлар ва (ёки) курслар - "МҲХС бўйича молиявий ҳисобот" ёки "Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)" бўйича амалга оширилади. Бунда ўқитиш фақат бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотнинг аккредитациясидан ўтган ўқув марказларида амалга оширилиши керак.
Имтиҳонлар топшириш жараёнидаги қуйидаги харажатлар қоплаб берилади:
- бухгалтерларнинг халқаро сертификатини берувчи халқаро ташкилотга жисмоний шахснинг аъзо (талаба) бўлиши учун Ўзбекистонда дастлабки рўйхатдан ўтиш бўйича;
- Ўзбекистонда имтиҳон топшириш учун биринчи ва иккинчи марта рўйхатдан ўтиш бўйича.
Қарорнинг аслини бу ерда ўқинг.