ЯММТ: ташкилот тузилмасидаги ўзгаришлар қандай акс эттирилади

preview

Хўжалик юритувчи субъектлар ўз ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиши мумкин. Бунда айрим бўлинмаларни тугатиш ёки қайта номлаш, янги бўлинмаларни тузиш мумкин бўлади. buxgalter.uz илтимосига биноан «ЯММТ» ИДАК бошқаруви Дирекцияси бўлими бошлиғи Зарнигор АБДУРАҲМОНОВА бундай ўзгартиришларни Ягона миллий меҳнат тизимида қандай акс эттиришни тушунтириб берди:   

– ЯММТда ҳозирча ташкилотдаги бўлинмалар номини ўзгартиришга имкон берувчи махсус функционал мавжуд эмас. Бинобарин, ташкилот тузилмасида ўзгаришлар бўлганда кадрлар бўлими ходими қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

1. Штат жадвалига мувофиқ янги ном билан янги бўлинмани ташкил этиш.

2. Янги бўлинмада штат жадвалига мувофиқ иш ўринларини яратиш.

3. Ходимларни қўшимча битим тузиш орқали бошқа лавозимга ўтказиш функционалидан фойдаланган ҳолда янги бўлинмага ишга ўтказиш.

4. Нотўғри номланган аввалги бўлинмадаги иш ўринларини бекор қилиш.

5. Нотўғри номланган бўлинмани тугатиш.

Агар ташкилот тузилмасида янги бўлинмалар тузиладиган бўлса, қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

1. Янги бўлинма тузиш.

2. Янги бўлинмада иш ўринларини яратиш.

3. Янги бўлинмани ташкил этишда янги ходимларни ишга олиш назарда тутилган бўлса – улар билан меҳнат муносабатларини ЯММТда рўйхатдан ўтказиш. Ходимлар бошқа бўлинмалардан ўтказиладиган бўлса – бошқа ишга ўтказишни қўшимча битим билан расмийлаштириш.

Ташкилот тузилмасида бўлинмалар тугатилаётган бўлса, қуйидагиларни амалга ошириш керак:

1. Бўлинмани тугатишда ходимларни ишдан бўшатиш назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномалари бекор қилинишини расмийлаштириш. Ходимлар бошқа бўлинмаларга ишга ўтказиладиган бўлса – улар билан қўшимча битимни расмийлаштириш.

2. Кераксиз иш ўринларини ўчириб ташлаш.

3. Кераксиз бўлинмани ўчириб ташлаш.

Бўлинмаларни ташкил этиш ва тугатиш, кераксиз иш ўринларини яратиш ва бекор қилиш, ЯММТда қўшимча битимларни расмийлаштириш бўйича скриншотлари билан берилган йўриқномаларни бу ерда топиш мумкин.

 
Ташкилот бўлинмаси қайта номланаётганда қўшимча битим тузилиши зарурми?

«Norma» МЧЖнинг кадрлар масалалари бўйича эксперти Валерия ЛЯНДРЕС:

– Биринчи навбатда, функционал Меҳнат кодекси ва қонунчилиги нормаларига мувофиқ бўлиши лозим. Тузилмавий бўлинмани қайта номлашда ходимнинг аввалги функциялари ва лавозими сақланиб қоладиган бўлса, қонун бўйича бундай ҳолатда қўшимча битим тузилиши талаб этилмайди.

Фақат бўлинмалар қайта номланади, меҳнат дафтарчасига эса бошқа ишга ўтказилганлиги тўғрисида ёзув киритилмайди, балки «А» бўлинма «Б» бўлинма этиб қайта номланди деб ёзиб қўйилади холос.

Иккинчидан, замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бўлинмаларни қайта номлаш бўйича махсус функционал назарда тутилиши мумкин, бу эса кадрлар бўлими ходимларининг янги бўлинмаларни ташкил этиш билан боғлиқ ишларини енгиллаштиради. Ҳозирда эса ЯММТдаги ушбу жараён нафақат қонун нормаларига мувофиқ келмайди, балки кўп вақт талаб этади.

Учинчидан, қўшимча битимда бир нечта асос назарда тутилган ҳолатларда ЯММТдаги қўшимча битимларни рўйхатдан ўтказиш бўйича мавжуд функционал ноқулайлик туғдиради. Ҳозирги кунда барча маълумотларни тизимга киритиш учун ҳар бир асос бўйича алоҳида қўшимча битим тузишга тўғри келади. Бу анча ноқулайдир.

Бир нечта асос бўйича тузиладиган қўшимча битимларни бир вақтнинг ўзида расмийлаштиришнинг техник имконияти назарда тутилиши орқали муаммони ҳал этиш мумкин. Аслида, бундай ўзгартиришларни умумлаштирган мақбул деб ўйлайман, қўшимча битимлар ҳақидаги маълумотларни киритишда эса нималар ўзгариши ва қайсилари аввалгидек қолдирилиши маълум бўлади.


Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

My.mehnat.uz My.mehnat.uz My.mehnat.uz /ul/publish/doc/text168385_yammt_tashkilot_tuzilmasidagi_uzgarishlar_qanday_aks_ettiriladi