Ходим зарарни тўлиқ қопламасдан ишдан бўшаганда

preview

Ташкилотга моддий зарар етказган ходим уни тўлаш муддатини кечиктириб ихтиёрий равишда қоплаш мажбуриятини зиммасига олди. Аммо кейинчалик ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзди. Ходим зарарни тўлиқ тўламасдан «кетишга» ҳақлими? Директор у ишдан бўшагандан сўнг тўловлар келиб тушишида қийинчиликлар юзага келишидан хавфсирамоқда.

Buxgalter.uz маслаҳат сўраб меҳнат ҳуқуқи бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВАга мурожаат қилди:


– Дарҳақиқат, МКнинг 206-моддасига мувофиқ, иш берувчига зарар етказишда айбдор бўлган ходим уни ихтиёрий равишда қисман ёки тўлиқ тўлашга ҳақли. Буни компаниянинг кассасига нақд пул қўйиш ёки иш берувчининг банк ҳисобрақамига ўтказиш, шу жумладан пластик карта орқали амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари, иш берувчининг розилиги билан ходим етказилган зарарни қоплаш учун унга баҳоси тенг мол-мулк бериши ёки бузилган мол-мулкни тузатиб бериши мумкин.

Шунингдек ходим ва иш берувчининг келишувига биноан зарарни тўлаш муддати кечиктириб қопланишига йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим иш берувчига тўлов муддатларини аниқ кўрсатиб зарарни қоплаш ҳақида ёзма мажбурият беради .

– Ходим иш берувчига етказилган зарарни тўлиқ қопламасдан туриб, «ўз хоҳиши билан» ишдан бўшатишларини талаб қилишга ҳақлими?

– Ушбу саволга жавоб МКнинг 99-моддаси ва ОС Пленумининг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарорининг 15-бандида келтирилган. Ходим МКнинг 99-моддасига мувофиқ ўз ташаббуси билан ишдан бўшаш ҳақида ариза берган бўлса, огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга – меҳнат дафтарчаси, ишдан бўшатилгани тўғрисида ариза нусхасини беришга ва у билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур.

Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинишини кечиктиришга ҳақли эмас, шу жумладан – бошлаган ишини тугатмагани, қарзи йўқлиги варақаси имзоланмагани, ходимнинг жавобгарлиги остидаги моддий бойликларни топширмагани муносабати билан ҳам.

– Ходим ишдан бўшатилгандан сўнг тўловларни тўлашни давом эттиришдан бўйин товласа, иш берувчи қандай чора кўриши мумкин?

– Агар зарарни ихтиёрий равишда тўлаш ҳақида ёзма мажбурият берган ходим меҳнатга оид муносабатларни бекор қилса ва зарарни тўлашдан бўйин товласа, қарзнинг узилмай қолган қисми нотариал идораларнинг ижро ҳужжатлари асосида ундирилади .

Нотариус қарздордан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш учун қарздорликни белгиловчи ҳужжатларга ижро хатларини ёзади . Ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхати 18.01.2002 йилдаги 26-сон ВМҚ билан тасдиқланган. Ушбу рўйхатда ходимнинг ихтиёрий равишда зарарни тўлаш муддатини кечиктириб қоплаш тўғрисидаги ёзма мажбурияти ҳам мавжуд.


Ижро хатлари қуйидаги ҳолларда ёзилади:

  • тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа;
  • даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб ўтган вақт 3 йилдан ортиқ бўлмаса. Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.


Ижро хатида қуйидагилар кўрсатилади:

  • ижро хатини ёзаётган нотариуснинг Ф.И.О. ва лавозими;
  • ундириб олувчининг, шунингдек қарздорнинг номи ва манзили;
  • ундириб олиш амалга ошириладиган муддат;
  • ундириб олиниши керак бўлган суммалар ёки талаб қилиб олиниши керак бўлган нарсалар, шу жумладан тўланиши керак бўлган пеня, фоизлар;
  • ундириб олувчи тўлаган ёки қарздордан ундирилиши керак бўлган давлат божи ёки тариф суммалари; 
  • ижро хати ёзилган сана (йил, ой, кун) ва реестрда қайд этилган тартиб рақами; 
  • ижро хатини ёзган нотариуснинг имзоси ва муҳри. 

Ижро хати, агар қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у ёзилган кундан бошлаб 3 йил муддат ичида мажбурий ижро учун тақдим этилиши мумкин.

Ижро хати олиш учун нотариусга қуйидагиларни тақдим этинг:

а) ходимнинг тўловнинг аниқ муддатлари кўрсатилган зарарни ихтиёрий қоплаш тўғрисидаги ёзма мажбуриятининг асл нусхаси;

б) етказилган зарарнинг тўланмаган қисми миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар;

в) ўзи етказган зарарни қоплашдан бош тортган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси;

г) қарздорнинг огоҳлантиришни олганлиги тўғрисидаги тилхати билан бирга қарзни тўлаш ҳақида қарздорга берилган огоҳлантириш хатининг нусхаси.

Иш берувчи ижро хатини олгач Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) органларининг давлат ижрочиларига мурожаат қилиши лозим . Давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатлари қарздорнинг яшаш жойида, иш жойида ёки унинг мол-мулки турган жойда амалга оширилади.

Диққат!
Агар ходим томонидан етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаш бўйича ёзма мажбурият бўлмаса, ундан етказилган зарарни суд орқали ундириш мумкин. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга даъво аризасини беринг.
Диққат!
Ходимдан иш берувчига етказилган зарарни ундириш тартиби, ходимнинг моддий жавобгарлиги чегаралари, унинг юзага келиши ҳоллари ҳақида батафсил бу ерда ўқинг.

 

Моддий жавобгарлик Моддий жавобгарлик Моддий жавобгарлик /ul/publish/doc/text168411_hodim_zararni_tuliq_qoplamasdan_ishdan_bushaganda