Полезное для бухгалтера в декабре:
Қачон ходим рози бўлсада, уни таътилдан чақириб олиш мумкин эмас
Чақириб олиш - йиллик ҳақ тўланадиган меҳнат таътилида бўлган ходим меҳнатига зудлик билан зарурат туғилганда учрайдиган, жуда кенг тарқалган вазият. МКга асосан ходимни таътилдан фақат унинг розилиги билан чақириб олиш мумкин. Бироқ ҳатто таътилга чиққаннинг розилигига эга бўлган тақдирда ҳам иш берувчи ҳар доим ҳам ушбу кадрларга доир тартиб-таомилни қўллай олмайди. Нима учун?
“Норма” эксперти Ленара ХИКМАТОВА меҳнат ҳуқуқи нормаларини buxgalter.uz учун махсус тушунтирди:
- Яна бир бор эслатиб ўтамиз: ходимнинг розилигисиз таътилдан чақириб олиш меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади . Айбдор мансабдор шахс жавобгарликка тортилиши мумкин.
Агар ходим ишга муддатидан олдин чиқишни рад этса, бу меҳнат интизомини бузиш сифатида ҳисобланиши мумкин эмас. Ходим ушбу вазиятда иш берувчига бўйсунмасликка тўлиқ ҳуқуқи бор.
Хусусан, ходимнинг меҳнат тўғрисидаги қонун ва бошқа норматив ҳужжатларга кўра, фақат ходимнинг розилигига биноан ҳал қилинадиган масала бўйича иш берувчининг фармойишини бажаришни рад этиши меҳнат мажбуриятларини бузишлик деб ҳисобланмайди ва интизомий жазо қўлланиши учун асос бўлиши мумкин эмас. Шу жумладан - ходимнинг иш берувчининг меҳнат таътилидан чақириб олиш ёки таътилни бошқа муддатга ўтказиш тўғрисидаги талабларини бажаришни рад этиши .
Ўз навбатида таътилда бўлганнинг ўзи ҳам унга берилган таътилни тўхтатиш ва иш берувчидан уни чақириб олишни талаб қилишга ҳақли эмас.
Қандай ҳолларда чақириб олишга ҳатто ходимнинг розилиги билан ҳам йўл қўйилмайди
Агар таътилни бўлиш ва чақириб олиш муносабати билан таътилни бошқа муддатга ўтказишга тааллуқли талабни бажариш мумкин бўлмаса, чақириб олишга йўл қўйилмайди.
Шу муносабат билан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда берилади ёки кейинги иш йилининг таътилига қўшиб қўйилади. Бунда таътилни бўлиш ва бошқа муддатга ўтказиш қоидаларига риоя қилиш зарур .
Агар чақириб олиш муносабати билан таътил кейинги иш йилига ўтказилса, таътилнинг 12 иш кунидан ходим барибир жорий иш йилида фойдаланиши керак. Ушбу 12 иш кунидан ошадиган бошқа қисмини кейинги иш йилига ўтказиш мумкин. Яъни, камида, таътилнинг 12 иш куни ходим таътил бериладиган иш йилида дам олиши керак.
Ходим 18 иш куни давомийлигидаги таътилга чиқди. Таътилнинг 3 куни ўтгач, ходимни унинг розилиги билан таътилдан чақириб олишди.
- Жорий иш йилининг якунига қадар унга яна таътилнинг 12 кунини бериш зарур (сабаби таътилнинг ушбу қисми бўлинмаслиги керак). У 3 кун дам олган, таътилнинг қолган 3 кунини эса кейинги иш йилига ўтказиш мумкин.
Шунингдек, мажбурий равишда жорий иш йилида - кейинги йилга ўтказмасдан бериш зарур бўлган меҳнат таътилларининг айрим турлари мувжуд . Агар иш йили якунига қадар ходимга бундай таътилни тақдим этишнинг имконияти бўлмаса - чақириб олишга йўл қўйиб бўлмайди. Бу:
- 18 ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътиллар ;
- меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таътил .
Ходимга асосий (15 иш куни) ва иш жойларини аттестациядан ўтказиш асосида меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таътилдан ( 6 кун) иборат йиллик меҳнат таътили берилиши лозим. Таътилнинг умумий давомийлиги - 21 иш куни.
- Фақат ходим жорий иш йилида асосий таътилнинг 15 кунидан 12 кунини ва қўшимча таътилнинг тўлиқ барча 6 кунини олган тақдирда мазкур ҳолда чақириб олишга йўл қўйилади. Яъни иш йили якунига қадар ходимга, камида, 18 кун таътил (12 + 6) берилиши зарур. Асосий таътилнинг қолган 3 кунини (15 - 12) кейинги иш йилига ўтказиш мумкин.
Чақириб олиш қандай расмийлаштирилади?
1. Ходимнинг ёзма розилигини олинг
Гарчи МКнинг 147-моддасида бундай розилик айнан қандай шаклда олинган бўлиши кераклиги кўрсатилмаган бўлсада, меҳнатга доир низонинг олдини олиш учун уни ёзма шаклда олиш тавсия қилинади.
Алоҳида ҳужжатни (ариза) расмийлаштириш мумкин, унда ходим уни таътилдан чақириб олишни сўрайди ёки чақириб олишга розилигини билдиради (“таътилдан чақириб олишга қарши эмасман...”). Агар розилик дастлаб ходимдан оғзаки равишда олинган бўлса, пировардида уни чақириб олиш тўғрисидаги буйруқда ходим томонидан унинг имзоси билан тасдиқланган тегишли ёзув киритилиши йўли билан акс эттирилиши мумкин.
2. Ходимнинг розилиги асосида буйруқ чиқаринг ва у билан ходимни таништиринг. Буйруқда чақириб олиш учун асосни кўрсатинг.
Агар томонлар таътилнинг бир қисмини жорий йилда бериш тўғрисида келишувга келишган бўлса, буйруқда ундан фойдаланиладиган ойни ёки аниқ календарь даврни кўрсатиш мумкин. Агар таътилдан фойдаланишнинг келгуси даврини дарҳол кўрсатишнинг имконияти бўлмаса, буйруқда таътилнинг фойдаланилмаган қисми жорий иш йилида ходимнинг аризасига асосан берилишини кўрсатинг.
Агарда томонлар таътилнинг бир қисмини кейинги иш йилига ўтказиш тўғрисида келишиб олишган бўлса, буйруқда ушбу шартни кўрсатиш етарли бўлади (“таътилнинг фойдаланилмаган кунлари кейинги иш йилига ўтказилсин ва таътиллар жадвалига асосан кейинги иш йили учун навбатдаги таътил билан бир вақтда берилсин”).
3. Таътиллар жадвалига маълумотларни киритинг: ходим таътилдан чақириб олинганлигини кўрсатинг, чақириб олиш санасини қўйинг, чақириб олиш тўғрисидаги буйруқ реквизитларини ва таътилнинг қолган қисмидан фойдаланишнинг бошланиш вақтини акс эттиринг.
4. Шунга ўхшаш маълумотларни Т-2 шакл бўйича шахсий варақанинг III бўлимига “Тайинланган муддатга таътил берилиши”га киритинг.