Полезное для бухгалтера в декабре:
Маркетинг хизматлари экспорти ҚҚСга тортиладими
Ўзбекистон корхонаси хорижий компанияларга Ўзбекистон бозорини таҳлил қилиш, салоҳиятли харидорларни қидириш, битимларга кўмаклашиш, шу жумладан музокаралар ўтказиш ва шартномалар тузиш бўйича хизматлар кўрсатади. Яъни, маркетинг ва реклама кўмаги бўйича хизматлар экспорт қилинмоқда.
Агар ушбу хизматлар буюртмачилари хорижда бўлиб турган ва рўйхатдан ўтган бўлса, хизматлар экспорти ҚҚСга тортиладими? Бу саволга Молия вазирлиги Билвосита солиқлар методологияси бўлими бошлиғи Баходир БОЙКАБИЛОВ жавоб беради:
– ҚҚСга тортиш объекти - реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланади . Умумий қоидага кўра, агар хизмат харидори республикамиз ҳудудида бўлиб турса ёки фаолиятини амалга ошираётган бўлса, хизматни реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланади. . Бироқ, агар кўрсатилаётган хизматлар СК 241- моддаси 3 қисмининг 1–10 бандларида санаб ўтилган бўлса, унда уларни реализация қилиш жойи алоҳида қоидаларга кўра аниқланади.
Маркетинг хизматлари СК 241-моддасининг 3-қисмида кўрсатилмаган, хизматлар харидорлари Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритмаслиги ва бўлиб турмаслиги боис, бундай хизматлар ҚҚСга тортилмайди.
Агар телевидение ёки радиода, оммавий ахборот воситаларида ва бошқа шаклларда рекламани жойлаштириш бўйича хизматлар Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилса, унда уларни кўрсатиш ва сотиш жойи деб республикамиз тан олинади .
Солиққа тортиш мақсадларида солиқ тўловчининг барча битимлари юридик расмийлаштирилиши усулидан ёки шартнома номидан қатъи назар уларнинг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиқиб ҳисобга олиниши керак. Агар битим ёки иқтисодий муносабатларнинг юридик расмийлаштирилиши уларнинг ҳақиқий иқтисодий мазмунига мос келмаса, солиқ органлари солиққа тортиш мақсадида битимнинг юридик таснифини ўзгартиришга ҳақли .
Шу боисдан фақат хорижий ҳамкор билан тузилган шартноманинг номидангина келиб чиқиш керак эмас, балки кўрсатилаётган хизматларнинг иқтисодий моҳиятини тўғри аниқлаш жуда муҳим.