Полезное для бухгалтера в декабре:
Халқ банки ШЖБПҲ бўйича муҳим саволларга жавоб берди
Агар корхонада бир нечта ходимларда ШЖБПҲда хатолар аниқланган бўлса, корхона уларни ишдан безовта қилмасдан ёрдам бериши мумкинми? Ходимга Халқ банкида амалдаги паспортга мувофиқ ШЖБПҲга тузатиш киритишди, бироқ янги счётга эскисидан жамғарма қанчалик тез ўтказилади? ШЖБПҲ сўровномасидаги кириллдаги маълумотлар қандай лотин ёзувига ўтказилади? Агар бухгалтернинг компьютерида ШЖБПҲ сайти очилмаса, нима қилиш керак?
Ушбу ва бошқа саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан Халқ банки ШЖБПҲ бўлими етакчи мутахассиси Лазизбек РАВШАНОВ жавоб берди:
- ДСҚ йўллаган хабарномадан келиб чиқадики, корхонанинг бир нечта ходимларида эски ШЖБПҲ амалдаги паспорт ёки ID-картадаги ЖШШИРга тўғри келмайди. Улардан кўпчилиги - ҳудудлардан келган. Маълумотларга тузатиш киритиш учун ҳамма шахсан Халқ банкига мурожаат қилиши шартми? Буни бухгалтерия инсонларни ишдан безовта қилмаслик учун марказлашган тартибда амалга ошириши мумкинми?
- Ҳа, мумкин. Халқ банкига ҳам маълумотларида тафовут аниқланган ходим, ҳам ташкилот вакили - барча ходимларда тафовутларни дарҳол тузатиш учун мурожаат қилиши мумкин.
Агар ходим муаммони мустақил равишда ҳал қилса, у яшаш жойидаги Халқ банки бўлимига мурожаат қилиши зарур. Агарда ташкилот вакили дарҳол бир нечта ходимларнинг (рўйхат бўйича) маълумотларидаги тафовутларни бартараф қилса, у ташкилот рўйхатдан ўтказилган жой бўйича Халқ банки бўлимига мурожаат қилади. Асосийси - мурожаат қилувчининг қўлида маълумотларига тузатиш киритилиши лозим бўлган фуқаронинг амалдаги паспорти (ID-картаси) нусхаси бўлиши керак. Амалдаги паспортдаги (ID-картадаги) ЖШШИР янги ШЖБПҲ бўлади.
Барча жамғарилган суммаларни банк янги ШЖБПҲнинг (амалдаги паспортдаги (ID-картадаги) ЖШШИР) янги рақамига ўтказади.
Ташкилот ходимларнинг ШЖБПҲдаги маълумотларидаги тафовутларни бартараф этишга кўмаклашиши керак.
- Агар корхонада маълумотларига тузатиш киришга тўғри келган ходимлар мавжуд бўлса, бухгалтер ШЖБПҲ ҳисоб-китобини қайта топшириши зарурми? Июль учун ҳисоб-китобларда қандай ШЖБПҲларни кўрсатиш зарур?
- Олдинги ҳисобот даврлари учун ҳисоб-китобларни қайта топшириш шарт эмас. Июль учун ҳисоботларда эса янги ШЖБПҲларни (паспортлар ва ID-карталардаги тегишли ЖШШИРлар) кўрсатинг.
- Ўзгартиришлар киритиш ва барча жамғармаларни янги ШЖБПҲга олиб ўтиш учун Халқ банкига қанча вақт керак бўлади?
- Барча асосланган мурожаатлар бўйича тузатишлар реал вақт режимида киритилади.
- Қанча вақт ичида my.gov.uz сайтида ШЖБПҲ суммалари эски рақамдан янгисига ўтганини кўриш мумкин? ШЖБПҲ аллақачон ўзгартирилган, my.gov.uz да эса ҳануз ҳаммаси “ноль”?
- my.gov.uz даги тегишли сервис вақтинча ишламаяпти. Техник ишлар ниҳоясига етгач, маълумотлардан фойдаланиш мумкин бўлади.
Жисмоний шахс яқин орадаги Халқ банки бўлимига мурожаат қилиб, ШЖБПҲ счётидаги ўз жамғармалари тўғрисидаги маълумотларни олиши мумкин. Халқ банки карталари эгалари барчасини Xalq mobile мобиль иловаси ёрдамида текширишлари мумкин.
Шунингдек, бухгалтер ҳам ахборот олишда кўмаклашиши мумкин. Бунинг учун у иш берувчи номидан ШЖБПҲ электрон реестрларини қабул қилиш ва ишлов бериш ахборот тизимига кириши ва тегишли ходимнинг сўровномасини чоп этиши зарур.
Агар тақдим этилган маълумотлар бўйича саволлар юзага келса, Халқ банкининг яқин орадаги бўлимига мурожаат қилинг.
- Халқ банки сайтида ШЖБПҲ реестрларида ходимларнинг барча фамилиялари лотин ёзувида акс эттирилади. Сайтдаги сўровномаларда эса баъзи ходимларнинг фамилиялари кириллча ёзилган. Қандай йўл тутиш лозим?
- Халқ банкига сўровномада фамилиялари кириллчада ёзилган ходимларнинг биометрик паспортлари (ID-карталари) нусхаларини тақдим этиш зарур. Ушбу ҳужжатлар асосида ходимлар маълумотларга тузатиш киритишади.
Биометрик паспорт (ID-карта) эгаси масалани ҳал қилиш учун яшаш жойи бўйича Халқ банки бўлимига шахсан мурожаат қилиши мумкин. Ташкилот вакили тузатиш киритиш талаб этиладиган ходимларнинг рўйхати билан ташкилот рўйхатдан ўтказилган жой бўйича мурожаат қилади.
- Сўнгги вақтларда компьютер ШЖБПҲ электрон реестрларини қабул қилиш ва ишлов бериш ахборот тизимини блокировка қилишни бошлади. Нима қилиш керак?
- Компьютерингизда улар учун фильтр ўчирилган манзиллар рўйхатига nps.xb.uz ни киритинг. Бу “Антивирус” менюсида - “Қўшимча созлашлар”да амалга оширилади.
Сизнинг компьютерингиз хавфсизлиги учун ушбу рўйхатга фақат сиз учун зарур бўлган текширилган расмий сайтларни қўшишни унутманг.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади