Полезное для бухгалтера в декабре:
Сентябрдаги дам олиш кунлари ҳисобидан таътил қандай ҳисобланади
Президентнинг ПФ-6122-сон Фармони билан 2021 йилдаги барча байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунлар белгилаб берилди. Сўнгра мазкур ҳужжат Президентнинг ПФ-6122-сон Фармони билан тўлдирилди, бироқ фақат Рўза ҳайити, Қурбон ҳайити ҳамда 2021 йил 31 декабрдаги қўшимча дам олиш кунига тегишли қисмида тўлдирилди. Мустақиллик куни муносабати билан дам олиш кунларидан фойдаланиш қисмида ҳеч қандай янгиликлар киритилмади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган иш вақти календари мазкур икки фармон асосида тасдиқланди ва ўзгартирилди, таътилларни режалаштиришда, дам олиш кунлари ва иш кунлари ҳисоб-китобида уларга амал қилиниши лозим.
Шу тариқа, Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан берилган дам олиш кунларидан фойдаланиш тартиби ўтган йилнинг декабрь ойида маълум қилинган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари қўшимча ишлаб бериш ёки кўчиришларсиз 1 дан 5 сентябрга қадар узлуксиз дам оладилар.
Агар улар таътил даврига тўғри келса, сентябрдаги дам олиш кунлари қандай ҳисобга олинади
1 сентябрь (чоршанба) – ишланмайдиган байрам куни . Таътиллар муддатини белгилашда у ҳисобга олмаймиз .
2 ва 3 сентябрь (пайшанба, жума) – иш ҳафтаси туридан қатъий назар барча ходимлар учун қўшимча ишланмайдиган кунлар. Бюджет ташкилотларида мазкур кунлар, агар таътил муддати 15 иш кунидан ошса, йиллик меҳнат таътилининг умумий муддати икки иш кунига қисқариши ҳисобидан компенсация қилинади. Яъни, бюджет ташкилотлари ходимларининг таътиллари муддатларини аниқлашда 2 ва 3 сентябрь ҳисобга олинади.
Бошқа мулкчилик шаклларидаги ташкилотлар (нобюджет) мазкур қўшимча дам олиш кунларини бериш ҳамда уларни таътил кунлари ҳисоб-китобига қўшиш масаласини ўз молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, мустақил равишда ҳал қиладилар.
4 сентябрь (шанба) – 5 кунлик иш ҳафтаси учун – дам олиш куни, 6 кунлик иш ҳафтаси учун қўшимча ишланмайдиган кун деб эълон қилинган. Бироқ, таътил муддати 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб ҳисобланиши боис, 4 сентябрь барча ташкилотлар ва барча иш режимлари учун таътил кунлари ҳисоб-китобига қўшилади .
5 сентябрь (якшанба) - барча мулкчилик турларидаги ва иш режимларидаги ташкилотлар ходимлари учун умумий дам олиш куни. Таътиллар муддатини белгилашда у ҳисобга олинмайди.
Мисоллар:
1. Бюджет ташкилоти ходимига 2021 йил 16 августдан 24 иш кунидан иборат меҳнат таътили берилади. Таътил 13 сентябрда тугайди, сабаби таътил кунлари ҳисоб-китобига 2,3 сентябрь (ПФ-6122) ҳамда 4 сентябрь киради. Ишга чиқиш - 14 сентябрда.
2. Агар бюджет ташкилотининг ходимига таътил бошқа пайт (ўша даврга 2-4 сентябрь тўғри келмайди) тақдим этилса, у 22 иш кунига расмийлаштирилади, 2 ва 3 сентябрь айириб ташланади. Бундай ҳолатда 2 ва 3 сентябрь меҳнат таътилининг қолган қисми ҳисобланади.
3. Таътил кунларини қисқартириш қисмида ПФ-6122-сон Фармон тавсиясига риоя қилмайдиган нобюджет ташкилоти ходимига 2021 йил 16 августдан 24 иш кунидан иборат меҳнат таътили берилади. Мазкур ҳолатда таътилнинг сўнгги куни 15 сентябрь бўлади, сабаби 2 ва 3 сентябрь таътил ҳисоб-китобига кирмайди (ПФ-6122), фақат 4 сентябрь киради . Яъни меҳнат таътили 2, 3 сентябрь ҳисобидан икки кунга узаяди. Ишга чиқиш - 16 сентябрда.
Таътиллар жадвалини тузишда ходимларнинг розилиги билан шундай ҳисоб-китоб бўйича меҳнат таътили бериш мумкинки, унга кўра таътил байрам муносабати билан берилган дам олиш кунларидан сўнг бошлансин ёки байрамлар арафасида якунлансин. Шу тариқа, ходимлар учун умумий дам олиш кунлари (таътил эмас) сони оширилади.
Масалан, ходимга 6 сентябрдан (душанба) таътил белгиланган бўлса, у ҳақиқатда кўпроқ дам олади, чунки, 1 дан 5 сентябрга қадар дам олиш кунлари бўлади. Ёки, аксинча, шундай ҳисоб-китоб қилиш керакки, ходимнинг таътили 31 август куни якунлансин. Бундай вазиятда ҳам ходим ҳақиқатда кўпроқ дам олади ва ишга 6 сентябрда чиқади.
Валерия ЛЯНДРЕС,
«Норма» эксперти