Нима учун ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш қоидалари ўзгартирилмоқда

preview

Президентнинг 2021 йил 6 октябрдаги “Геология-қидирув ишларини янада рағбатлантириш ва ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6319-сон Фармони ва СКга киритиладиган ўзгартиришлар лойиҳаси ушбу гуруҳ компанияларига солиқ солиш қоидаларини жиддий ўзгартиради. Бу нима учун қилинаётганлигини молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ гапириб берди:

 

- Ислоҳотнинг мақсади - ҳам миллий, ҳам чет эл инвесторларини жалб қилиш. Айни пайтга қадар амалда бўлган тизим инвестиция циклининг дастлабки босқичида катта солиқ юки қўлланилгани туфайли инвестиция  киритишни  бошқа мамлакатлардаги сингари самарали рағбатлантирмаган.

 

Нима ўзгартирилади

2022 йил 1 январдан бошлаб:

  • имзоли бонус;
  • тижоратбоп топилма бонуси;
  • геология-қидирув, изланиш ишлари ўтказиш қисмида ер солиғи бекор қилинади.

Бунинг ўрнига геологик ўрганишлар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун ҳар йиллик лицензия тўлови жорий қилинади. У ажратилган майдон ва фойдали қазилма турларидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқилади ва нисбатан катта бўлмайди.

Ўрганилмаган ҳудудлар бўйича фойдали қазилмаларни аниқлаш ва разведка қилиш ҳуқуқи учун лицензия 2022 йил 1 январдан бошлаб “биринчи келган - биринчи олади” тамойили бўйича берилади.

Истиқболли конлар бўйича аукцион, ўрганилган майдонлар бўйича - танлов савдолари ўтказилади.

Танлов савдоларига нафақат геологик ўрганиш учун участкалардан фойдаланиш ҳуқуқини, балки тижорий салоҳиятга эга бўлган углеводородлар, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металлар ва бошқа турдаги рудали фойдали қазилмалар бўйича аввал ўрганилган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳам қўйиш режалаштирилмоқда.

Танлов савдолари ташкилотчилари ёки иштирокчилари рента даромади солиғи бўйича ставкаларнинг оширилган миқдорини таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Участкалардан фойдаланиш ҳуқуқлари қиймати ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун бонус сифатида қаралади ва бюджетга ўтказилади. Бу - тўлов қийматини давлат эмас, балки истиқболли конларнинг даромадлилигига боғлиқ ҳолда ўзаро рақобатлашадиган инвесторлар белгилайдиган бозор механизми.

Божхона имтиёзлари ҳам конларни аниқлаш, разведка қилиш ва ишлатишга чиқимларни камайтиришга ёрдам беради:

  • конларни қидириш, аниқлаш ва ишлатиш даврида - геологик қидирувни амалга ошириш учун зарур бўлган махсус техникаларни вақтинча олиб киришда даврий божхона тўловлари тўланмаслиги белгиланади;
  • геология-қидирув ишларини амалга оширишда фойдаланиладиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, моддий-техника ресурслари ва махсус техникаларни импорт қилишда божхона божидан  озод қилинади.

Нефть ва газ конларини аниқлаш ва қидириш ишлари бўйича ПФ-2598-сон Фармонда назарда тутилган божхона имтиёзлари маҳаллий корхоналарга ҳам татбиқ қилинади.

Импорт қилишда тўланган ҚҚСни қайтариш муддати 30 кунга қадар (илгари - 60) қисқартирилади.

 

Фойдали қазилмаларни қазиб олиш даврида компанияларнинг солиқ солиш режими қандай ўзгаради

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ сақланиб қолади, бироқ Фармон ва СКга киритиладиган ўзгартиришлар лойиҳаси энг кўп инвестициялар талаб қиладиган фойдали қазилмалар турлари бўйича  ставкаларни жиддий камайтиради.

Масалан, газ бўйича улар 3 баравар (30%дан 10%гача), нефть бўйича - 2 баравар (20%дан 10%гача), олтин ва мис бўйича - 30%га, уран бўйича - 20%га камайтирилди. Бу ер қаъридан фойдаланувчининг оширилган чиқимларни талаб қиладиган фойдали қазилмаларни қазиб олиш имкониятига эга бўлиши учун амалга оширилди. Юқори солиқ ставкаларида у ўз харажатларини оқлаш учун табиий ресурсларни фақат таркибида юқори даражада фойдали қазилмалар бўлганда ишлатишга ҳаракат қилади. Ставкаларнинг камайтирилиши самараси камроқ бўлган конларнинг рентабеллигини оширади. Бунда ставкалар бошқа мамлакатларда белгиланган ставкалар билан рақобатлашиши мумкин.

Хорижий мамлакатларда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (роялти) ставкалари*  

Фойдали қазилмалар турлари 

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг (роялти) базавий ставкалари, %да 

Россия

Канада

Мексика

Аргентина

Лаос

Вьетнам

Танзания

Мис

8,0

15 (max)

7,5

13,0

7,0

13,0

6,0

Олтин

6,0

15 (max)

7,5

8,0

8,0

15,0

7,0

 

Россия

Қозоғистон

Монголия, Гана

Колумбия

Китай

Замбия

Кения

Вольфрам

8,0

6,0

5,0

4,6

6,5

5,0

8,0

 

Россия

Қозоғистон

Канада

Аргентина

Колумбия

Вьетнам

Кения

Уран

5,5

18,5

15 (max)

8,0

10,0

10,0

10,0

*Халқаро валюта жамғармаси маълумотлари асосида.

 

Бунда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари бошқа мамлакатларда амалда бўлган солиқ солиш тизимини, хусусан - фойда солиғи ва дивидендлар тарзидаги даромадлардан олинадиган солиқни ҳисобга олган ҳолда таклиф қилинган. Жумладан, фойда солиғи ставкаси Россия ва Қозоғистонда 20%ни, дивидендлар тарзидаги даромадлардан олинадиган солиқ эса - тегишинча 13% ва 5%ни ташкил қилади. Бу вақтда Ўзбекистонда  фойда солиғи ва дивидендлар тарзидаги даромадлардан олинадиган солиқ ставкаси тегишинча 15% ва 5%ни ташкил қилади.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича  ташиш ва қайта ишлаш билан боғлиқ харажатларни солиқ базасидан чиқариб ташлаш назарда тутилмоқда. Халқаро амалиётда “Netback” механизми кенг қўлланилади, у нархнинг етказиб бериш занжирининг аниқ нуқтасида ташиш ва қайта ишлаш чиқимларини айирган ҳолда маҳсулотнинг якуний қийматидан “тескари ҳисоблаш” асосида аниқланишидан иборатдир.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкасини камайтириш билан бир қаторда янги конларда нефть, табиий газ, газ конденсати, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни қазиб олишни амалга оширувчи ер қаъридан фойдаланувчилар учун рента даромади солиғи жорий этилади. У инвесторларга капитал харажатларни қоплаш ва инвестициялар бўйича талаб қилинган даромадларни олиш имконини беради. Роялтининг паст ставкалари ва инвестицияларни қоплаш учун  олинадиган даромадларнинг етарлилиги таркибида фойдали қазилмалар юқори бўлмаган конларни ишлашга рағбатлантиради. Нархларнинг ошиши, даромадларнинг ошишидан олинган қўшимча даромадлар давлат ва инвесторлар ўртасида тақсимланади.

Шунингдек, янги нефть ва газ қудуқлари учун юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича имтиёзлар жорий қилинади. Улар қудуқ фойдаланишга киритилган ойдан бошлаб дастлабки 2 йилда солиқдан озод қилишни назарда тутади. Кейинги 3 йилда солиқ 2 карра камайтирилган ставка бўйича тўланади.

Яна бир муҳим ўзгартириш - газ билан экспорт-импорт операциялари акциз солиғи ва божхона божидан озод қилинади. Бугун газни экспорт қилишда акциз, импорт қилишда эса - божхона божи мавжуд. Улар ноль фоизда белгилангандан кейин инвесторлар ўзларининг иқтисодий манфаатларидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилишади ва қазиб олинган табиий газни эркин тасарруф қилишлари мумкин.

Юқоридаги ўзгартиришлар Давлат бюджетига қандай таъсир кўрсатади

Бюджет ҳеч нарса йўқотмайди. ПФ-2598-сон Фармон ва СКга киритиладиган ўзгартиришлар лойиҳаси геология-қидирув ишлари ва фойдали қазилмалар қазиб олиш соҳасида хусусий инвесторлар учун шароитлар яратади. Бунда давлат корхоналари учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг амалдаги ставкаларини сақлаб қолиш назарда тутилмоқда.

Солиқ солишнинг янги тизими давлат ва инвестор манфаатларининг мувозанатини таъминлайди. Жорий қилинаётган рента солиғи ўрта муддатли истиқболда бюджетга яхши тушумлар беради. Бунда у ер қаъридан фойдаланувчилар учун юк бўлмайди, сабаби улар томонидан фақат барча капитал чиқимлар қоплангандан кейин тўланади. Масалан, инвестор геология-қидирувга $100 млн киритди. У фойда ҳисобидан уларни қопламагунча, рента солиғи тўланмайди.

Рента даромади солиғи ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг паст ставкалари, геология-қидирувда бюджетга тўловларни минималлаштириш билан биргаликда инвесторларга капитал харажатларни қоплаш ва қўйилмалар бўйича талаб қилинган даромадларни олиш имконини беради. Бу янги конларни ишлаш ва ўзлаштиришга ўнлаб чет эл инвесторларини жалб қилади, киритилган сармоялар асосида кўплаб янги иш ўринлари яратилиши мумкин. Бюджет ҳам бундан ютади - биз келгусида ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ўтказиладиган барқарор тушумлар сабабли  бюджетга даромадларнинг ўсишини кутмоқдамиз.

 

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ /ul/publish/doc/text174522_nima_uchun_er_qaridan_foydalanuvchilarga_soliq_solish_qoidalari_uzgartirilmoqda