Ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этиш сабаблари

preview

Шундай вазиятлар бўладики, фаолият кўрсатаётган корхонадан янги хўжалик юритувчи субъектни ажратиб чиқариш бизнес учун энг яхши йўл бўлади. Бундай стратегиянинг ижобий жиҳатлари ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан “Arkad Audit” консалтинг компанияси таъсисчиси Наталья ТУРАЛИНОВА сўзлаб берди:

 

– Ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этиш - бу фаолият кўрсатаётган корхонадан янги корхонани ажратиб чиқариш. Қайта ташкил этишдан кейин иккала корхона фаолият кўрсатади. Бунда янги корхона, қоидага кўра, эски корхонага нисбатан унинг солиқ мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланмайди .

Ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этиш турли сабабларга кўра амалга оширилади. Баъзан мулкдорларни “ажратиш” учун, баъзан - ўзидан қандайдир фаолият турини “ажратиб чиқарадиган” бизнесни бўлиш учун энг яхши ечим. Сабаби умуман оддий бўлиши ҳам мумкин: “ясалган” активлардан халос бўлиш, тасдиқланган қолдиқлари билан “тоза” компанияда фаолиятни бошлаш, бошқарув самарадоригини ошириш ва ҳоказо.

Ажратиб чиқариш мол-мулкни топширишнинг одатдаги схемаларидан қандай фарқ қилади? Янги компания очиб, унга устав фондига ҳисса киритиш орқали активларни киритиш каби эски ва тушунарли усулда бизнесни ажратиш мумкин бўлганда бухгалтерларни тушунарсиз қайта ташкил этишлар билан қийнаш нима учун зарур? Ёки шунчаки эски корхонани ёпиб, янгисини очиш мумкин эмасми? Ажратиб чиқаришга устуворлик берилишининг бир нечта сабаблари бор. Асосийларини белгилаймиз:

    а) солиқларда тежаш. Қоидага кўра, улар шунчаки мавжуд эмас. Кам учрайдиган истисно - СКнинг 92-моддаси 12-қисми.

    b) янги компанияга нафақат активлар, балки мажбуриятлар ҳам топширилади. Бу - банкротлик ҳолатида бутун бизнесни тугатишдан қочиш учун ажойиб имконият. Айнан нимани топширишни мулкдорларнинг ўзи аниқлайди;

    c) қайта ташкил этишда, тугатишда бўлгани каби, солиқ текшируви мавжуд эмас;

    d) янги компания солиқ солишнинг исталган режимини танлаши мумкин.

 

Ажратиб чиқариш учун асосларни батафсил кўриб чиқамиз

1. Мулкдорларни “ажратиш”

Агар таъсисчилар алоҳида ишлашга қарор қилишса, иштирокчини улушини тўлаб чиқариб юбориш умуман шарт эмас. Ҳатто чиқиб кетган иштирокчига улуш мол-мулк билан эмас, балки пул билан, демакки, ҚҚСсиз тўланган тақдирда ҳам, бу манфаатсиз ва қиммат бўлиши мумкин.

 

Мисол:

Чиқиб кетган иштирокчи улушининг ҳақиқий қисми - 600 млн сўм, номинал қисми (УФга ҳисса) - 10 млн сўм. Улуш пул (110,5 млн сўм) ва мол-мулк (460 млн сўм ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда) билан тўланади.

Солиқларнинг умумий суммаси 89,5 млн сўмни ташкил этади. Шундан: дивиденддан олинадиган солиқ - 29,5 млн сўм (5% х 590 млн) ва ҚҚС - 60 млн сўм . Бунда, агар мулкдор - жисмоний шахс худди шу мол-мулкни янги компанияга киритадиган бўлса, янги компанияда улушни тўлашда ҳисобланган ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқи бўлмайди, сабаби унда (асоссиз ҳолда ҚҚС тўловчиси бўлмаган) занжир узилади.

Мол-мулкни ажратиб чиқариш орқали янги фирмага чиқаришда мазкур ҳолда солиқлар бўлмайди .

 

2. Балансни “тозалаш”

Ҳисоб юритиш “тарихи”да муаммолари бўлган ва энди улар фаолиятини бошидан бошлашни хоҳлаётган корхоналарга асқотиши мумкин. Ажратиб чиқариш – “ясалган” активлар ва мажбуриятларни эски балансда қолдиришнинг яхши усули.

 

Мисол.

Бизга савдо корхонаси ҳисобининг ҳолатини текширишни сўраб мурожаат қилишди. 2020 йилдан буён корхонада ҳисоб деярли юритилмаганлиги маълум бўлди. Бунда 50 млрд сўмдан ортиқ айланмага эга корхона асосий солиқ ҳисоб-китоблари солиқлар ортиқча тўланган ҳолда ЭҲА маълумотлари бўйича топширилганлиги сабабли солиқ текширувларидан мувафффақиятли қутилиб қолган. Маслаҳатчилар бухгалтер томонидан фирибгарлик натижасида кўрилган зарарнинг аниқ суммасини аниқлашди. Бироқ масала  бошқача - компания кейинчалик қандай фаолият кўрсатади?

Корхонанинг жорий фаол фаолиятида ҳисобни тиклаш - қимматга тушади. Тугатиш пайтида ўтказиладиган солиқ текширувига корхона тайёр эмас. Кейинчалик тартибсизликни келтириб чиқармаслик учун қандай йўл тутиш лозим?

Биз мижозга ТМЗ, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини инвентаризациядан ўтказиш, тасдиқланган актив ва мажбуриятларни ажратиб чиқариш орқали янги юридик шахсга чиқаришни тавсия қилдик. Янги компанияда ҳисобни профессионалларга ишониб топшириш ва шу пайтдан бошлаб корхона фаолияти мутлақо шаффоф бўлишига ишонч ҳосил қилиш зарур.

Эски компанияда ҳисобни шошмасдан тиклаш анча осон ва арзонга тушади, буни билим ва кўникмага эга битта бухгалтер уддалайди.

 

3. Солиқ режимини сақлаб қолиш

Корхона юқори рентабеллик билан ишламоқда. Унга айланмадан олинадиган солиқни тўлаш фойдалироқ. Бу ҳолда товар захирасининг бир қисмини ажратиб чиқариш орқали бир нечта янги хўжалик юритувчи субъектларга чиқариш мумкин, агар корхона уларни солиқлар камайиши билан асослантирмай, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослаб берса. Масалан, қуйидагилар бунинг мақсади бўлиши мумкин:

  • бизнес жараёнларини мақбуллаштириш;
  • бизнеснинг турли йўналишларини ажратиш ёрдамида молиявий натижаларни яхшилаш;
  • кейинги ўсиш учун рақобатдош устунликка эга бўлиш ва ҳоказо.

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик топшириладиган активларни мустақил тарзда баҳолаш имконини беради , товарлар баланс қиймати бўйича чиқарилади. Яъни, моҳиятига кўра, асосий компания фақатгина топшириладиган товарга нисбатан ҳисобга олиш имкониятини йўқотади. Ушбу харажатлар айланмадан олинадиган солиқни тўлашда ортиғи билан компенсация қилинади. Ажратиб чиқариш асосий компанияга ҳам 1 млрд сўм миқдоридаги чегарадан ошиш кутилаётганда айланмадан олинадиган солиқ тўлаш ҳуқуқини йўқотмасликка ёрдам беради.

Эътибор беринг

Яна бир бор эслатиб ўтамиз: ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этиш инструментидан фақат солиқ режими билан боғлиқ бўлмаган ҳолда сизнинг хўжалик фаолиятингиз натижалари учун унинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослаб бера олишингиз шарти билан фойдаланиш мумкин.

Агар қайта ташкил этишнинг асосий мақсади - солиқларни минималлаштириш бўлса, у ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилиши мумкин .

 

Хулоса:

Ажратиб чиқариш тарзидаги қайта ташкил этиш ҳақиқатан кўплаб муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Техник масалалар қолмоқда:

  • Тақсимлаш баланси қандай расмийлаштирилади:
  • Мол-мулкни баҳолашнинг қандай усулини қўллаш зарур?
  • Бир ва бошқа компанияларда ажратиб чиқариш қандай ўтказмалар билан акс эттирилади?

Биз буларнинг барчасини “Бухгалтер бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этиш ҳақида нималарни билиши муҳим” вебинарида муҳокама қиламиз.

Ўтказиш санаси – 2022 йил 5 июль.

Бошланиши – 15:30 да.

 

 

Қайта ташкил этиш Қайта ташкил этиш Қайта ташкил этиш /ul/publish/doc/text182639_ajratib_chiqarish_shaklida_qayta_tashkil_etish_sabablari