Полезное для бухгалтера в декабре:
Лизинг объектини суғурталаш бўйича харажатлар қандай ҳисобга олинади
Лизинг берувчи лизинг олувчига топширилган мол-мулкни суғурталаш учун тўловни амалга оширди. Лизинг шартномасига асосан ушбу харажатларни лизинг олувчи қоплаши керак.
У бухгалтерия ҳисобида суғурталаш харажатларини қоплаш бўйича қарздорликни қандай акс эттириши лозимлигини buxgalter.uz учун махсус Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти бўлими бошлиғи Асал ХАШИМОВА тушунтирди:
– Лизинг объектини суғурталаш – бу лизинг шартномасининг муҳим шарти. Суғурта билан боғлиқ хавфларга боғлиқ ҳолда лизинг берувчи ҳамда лизинг олувчи суғурта қилдирувчи бўлиши мумкин. Одатда суғурта шартномаси бўйича лизинг олувчи суғурта қилдирувчи ва наф олувчи бўлади, сабаби айнан у лизинг объектидан тадбиркорлик мақсаларида фойдаланади.
Лизинг объектини ҳар қандай етказилиши мумкин бўлган зарар турларидан (нобуд бўлиш, йўқолиш, ўғирлаш, шикастланиш, бузилиш ва барвақт эскириш) суғурталаш тарафларнинг келишувига биноан амалга оширилади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда, лизинг олувчи лизинг объекти суғуртаси учун жавобгар бўлади .
Агар лизинг шартномасида лизинг олувчи лизинг объектини суғурталаш учун тўловни амалга ошириши шартлиги назарда тутилган бўлса, у бундай суғурталаш суммасини қоплайди. Бунда, агар суғурта шартномаси бўйича лизинг берувчи суғурта қилдирувчи бўлса, бундай харажатларни лизинг олувчида ҳисобга олиш мумкин эмас.
Агар лизинг олувчи мол-мулкни суғурталаш бўйича харажатларни амалга оширса, улар суғуртанинг амал қилиш муддатига боғлиқ ҳолда давр харажатларини ҳисобга олувчи счётларга (9400) ёки келгуси давр харажатларини ҳисобга олувчи счётларга (3100) олиб борилади. Бундай операцияларни ҳисобга олиш лизинг олувчининг ҳисоб сиёсатида мустаҳкамланган бўлиши керак.
Бухгалтерия ўтказмалари:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Дебет |
Кредит |
Мол-мулкни суғурталаш харажати эътироф этилди |
9400 “Давр харажатлари” ёки 3190 “Бошқа келгуси давр харажатлари” |
6990 “Бошқа мажбуриятлар” (бошқа кредиторлар қарзи, лизинг компанияси) |
Лизинг берувчига харажатларни қоплаш |
6990 “Бошқа мажбуриятлар” (бошқа кредиторлар қарзи, лизинг компанияси) |
5110 “Ҳисоб-китоб счёти” |