Полезное для бухгалтера в декабре:
My3.soliq.uzдаги янги функционалдан қандай фойдаланилади
My3.soliq.uzдаги солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларида янги “Кассалар рўйхати ва ТХКМни алмаштириш” функционали пайдо бўлди. У қандай ишлаши ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан “Yangi texnologiyalar” ИАМ “Фискал маълумотлар оператори” филиали етакчи мутахассиси Отабек АЛИМОВ гапириб берди:
Cизнинг номингизга рўйхатдан ўтказилган кассаларни қандай текшириш мумкин
– Янги “Кассалар рўйхати ва ТХКМни алмаштириш” функционалидан фойдаланиш учун my3.soliq.uzдаги шахсий кабинетда “Назорат-касса техникасига доир ахборот” интерактив хизматини танлаш ва “Чеклар тўғрисида ахборот” сатрининг чиқиб келадиган тавсиясидан тегишли функционални танлаш лозим.
Шундан сўнг компьютер экранида иккита ёнма-ён турувчи “Кассалар рўйхати” ва “ТХКМни алмаштириш учун аризалар” тугмалари акс эттирилади.
“Кассалар рўйхати” тугмасига босган ҳолда солиқ тўловчи унинг номига рўйхатдан ўтказилган онлайн-НКМ (онлайн-НКМ ва виртуал кассалар) рўйхатини олади.Мазкур маълумотлар рўйхатдан ўтказилган кассаларнинг фискал модуллари рақами бўйича тақдим этилган.
“Маълумотнома” устунида сизга керакли касса қаршисида турган “Юклаш” тугмасига босган ҳолда нафақат онлайн-НКМнинг (виртуал кассанинг) фискал модули, балки унинг номи кўрсатилган ҳолда кенгайтирилган ахборотни олиш мумкин. Ушбу маълумотномани қоғозга босиб чиқариш мумкин, у QR-код тарзидаги электрон ҳужжатга ҳаволага эга.
ТХКМни қандай алмаштириш мумкин
Агар сиз ТХКМни алмаштирмоқчи бўлсангиз ва бу борада ариза билан янги ТХКМга мурожаат қилган бўлсангиз (шу жумладан сизда мавжуд онлайн-НКМ ёки виртуал кассани янгисига алмаштиришда), сизга “ТХКМни алмаштириш учун аризалар” тугмаси талаб қилинади. Бу ерда сизнинг ТХКМни алмаштириш бўйича барча аризаларингиз акс эттирилади. Янги аризалар сиз томонингиздан тасдиқланиши кутилмоқда. Сўнгра улар бу ерда қандай пайдо бўлиши, аризани қандай тасдиқлаш ва қайси пайтдан эътиборан сизга аризада кўрсатилган ТХКМ хизмат кўрсатаётгани ҳисобланиши ҳақида сўзлаб бераман.
Агар сиз ТХКМни алмаштиришга қарор қилсангиз (шу жумладан касса аппарати ёки виртуал касса моделини янгисига алмаштирсангиз), сиз дарҳол ўзингиз танлаган ТХКМга мурожаат қилишингиз ва ариза беришингиз керак. Ариза белгиланган шаклга эга бўлиб, уни ТХКМ ходими сизга тўлдириш учун қоғозга босиб чиқариб беради. Сиз бланкани тўлдиришингиз, раҳбарга имзо қўйдиришингиз ва хизмат кўрсатилиши учун мазкур ТХКМга ўтказилаётган фискал модул унинг номига рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектининг муҳрини қўйишингиз керак бўлади. Расмийлаштирилган ариза сиз хизмат кўрсатишини хоҳлаётган ТХКМ ходимига берилади. ТХКМ ходими reestr.ofd.uz сайтида барча зарур ахборотни киритганидан сўнг, солиқ тўловчи ушбу аризани тасдиқлаши лозим. Бунинг учун:
1. My3.soliq.uzда солиқ тўловчининг шахсий кабинетига киринг, “Назорат-касса техникасига доир ахборот” интерактив хизматини танланг;
2. “Чеклар тўғрисида ахборот” сатрининг чиқиб келадиган тавсиясидан “Кассалар рўйхати ва ТХКМни алмаштириш” функционалини танланг;
3. Очилган саҳифада “ТХКМни алмаштириш учун аризалар” қўшимча саҳифасини танланг. Бу ерда сизга хизмат кўрсатилишини хоҳлаётган ТХКМга мурожаат қилиб, берган янги аризаларингиз жадвал шаклида акс эттирилади;
4. Сиз кўриб чиқмоқчи бўлган аризанинг рўпарасидаги жадвалнинг сўнгги устунида жойлашган “Кўриш” ҳаволасига босинг. Чиқиб келадиган дарчада сизнинг савдо шохобчангиз ва ҳозирги вақтда фойдаланилаётган онлайн-НКМ тўғрисидаги ахборот тақдим этилади.
Чиқиб келадиган дарчанинг қуйи қисмида иккита ТХКМ тақдим этилади: сизга ҳозир хизмат кўрсатилаётган ва сизга ариза тасдиқланганидан сўнг хизмат кўрсатиладиган ТХКМ.
5. Агар сиз янги ТХКМга ўтишингизни тасдиқласангиз, чиқиб келадиган дарчанинг энг қуйи қисмида жойлашган “Тасдиқлайман” тугмасига босинг. Ушбу тугмага босган ҳолда, сиз ўз аризангизни солиқ инспектори кўриб чиқиши учун юборасиз. Унинг ёнида “Аризани рад этиш” тугмаси жойлашган – агар бирор-бир сабабга кўра фикрингиздан қайтсангиз ва ҳаммасини ўз ҳолича қолдиришга қарор қилсангиз, бундан фойдаланишингиз мумкин.
Сизнинг аризангиз солиқ инспектори томонидан тасдиқланганидан сўнг сизнинг янги ТХКМга ўтишингиз якунланади. Одатда солиқ инспекторлари бундай аризаларни бир сутка давомида кўриб чиқишади. Янги ТХКМга қўнғироқ қилган ҳолда кўриб чиқиш натижасини аниқлаштириб олишингиз мумкин.
Солиқ инспектори ўтишни тасдиқлаганидан сўнг илгариги ТХКМни бошқа марказга ўтишингиз ва шартнома бекор қилиниши ҳақида хабардор қилишингизни тавсия қиламиз. Бу ушбу ТХКМ билан якуний ҳисоб-китобни амалга ошириш, шунингдек сиз томондан эски ТХКМ билан шартнома мажбуриятларини бажармаслик ҳолати бўйича судга кутилмаган даъво аризаларини олиш имкониятини истисно қилади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади