Полезное для бухгалтера в декабре:
ҚҚС гувоҳномаси тўхтатиб турилганда ЭҲФ қандай расмийлаштирилади
«Корхонанинг ҚҚС тўловчи гувоҳномаси 2023 йил июль-сентябрь ойларида тўхтатиб турилган эди. Кейин гувоҳнома бир ойга тикланди, октябрь ойидан ҳозирги кунга қадар яна тўхтатиб қўйилди.
Июль ойидан декабрь ойигача ҚҚС гувоҳномасининг тўхтатиб турилиши туфайли контрагентлар корхонага ҳисобварақ-фактураларни тақдим қилишмади. Солиқ базасини яширмаслик учун ЭҲФ жисмоний шахс – корхона директори номига расмийлаштирилди. Бироқ бу ҳолда корхона ушбу товарларни (хизматларни) ҳисобга олиш, шунингдек улар бўйича ҚҚСни киритишга ҳақли эмас.
Қандай қилиб корхона ҚҚС гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилган даврда контрагентлар томонидан корхона раҳбарига тақдим қилинган ЭҲФ бўйича товар ва хизматларни ҳисобга олиши мумкин? Ушбу ЭҲФ бўйича ҚҚСни қандай ҳисобга олиш мумкин?»
Саволга buxgalter.uz илтимосига кўра «Нормa» эксперти Иринa Ахметова жавоб берди:
– ҚҚС тўловчи гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш – етказиб берувчида ҳам, харидорда ҳам – улар ўртасида хўжалик операциялари тўхтатиб турилишини ва ЭҲФ тақдим қилиш имконияти йўқлигини англатмайди.
ҚҚС гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилган ҚҚС тўловчилари одатдаги тартибда солиқ солинадиган реализация қилинадиган айланма бўйича ҚҚС ҳисоблаш билан ЭҲФ тақдим қилишади, аммо бунда улар сотиб олинадиган товарлар (хизматлар) бўйича «кирувчи» солиқни ҳисобга олишга ҳақли эмас.
Шунга ўхшаш ҳисобга олиш тартиби гувоҳномаси фаол бўлган ҚҚС тўловчиларига нисбатан ҳам татбиқ қилинади – улар «кирувчи» ҚҚСни фақат ҚҚС гувоҳномаси фаол бўлган етказиб берувчилар томонидан тақдим этилган ЭҲФ бўйича ҳисобга олишга ҳақли .
Гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги муносабати билан ҳисобга олиш учун қабул қилинмаган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммаси гувоҳноманинг амал қилиши қайта тикланган тақдирда ҳисобга олинади. Гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилган санадан эътиборан етказиб берувчида ҳам, харидорда ҳам ҳисобга олишга тузатиш киритиш амалга оширилади .
2023 йил 5 сентябрдан бошлаб солиқ органлари ҚҚС тўловчи гувоҳномасининг амал қилишини фақат битта ҳолатда – амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига номувофиқ бўлган ҳолатда тўхтатиб туришга ҳақли .
Гувоҳноманинг амал қилиши кўпи билан 30 кун муддатга тўхтатиб турилади. Агар ушбу муддатда камерал ҳамда сайёр солиқ текширувлари натижасига кўра корхона томонидан амалга оширилаётган битимлар, операциялар харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар, хизматлар номенклатурасига мос келмаганлиги ҳолатлари ўз тасдиғини топмаса, гувоҳноманинг амал қилиши автоматик тарзда қайта тикланади .
Солиқ органи корхонанинг ҚҚС тўловчи гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатди.
Гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилган даврида корхона 112 000 минг сўмлик товарларни, шу жумладан 12% ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда реализация қилди, шунингдек ҚҚСни ҳисобга олганда 89 600 минг сўмлик товар ва хизматларни сотиб олди.
Корхона 9 600 минг сўм суммадаги (89,600: 112 х 12) «кирувчи» ҚҚСни гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги сабабли ҳисобга олишга ҳақли эмас.
Корхона томонидан реализация бўйича ҳисобланган 12 000 минг сўм (112,000: 112 х 12) суммадаги ҚҚС ҳам унинг харидорлари томонидан ҳисобга олинмайди.
Солиқ органлари ўтказилган текширув натижаларига кўра корхона томонидан амалга оширилган битимлар унинг фаолияти профилига мос келмаслиги тасдиғини топмади. Шунинг учун бир ойдан кейин корхонанинг ҚҚС гувоҳномаси тикланди.
Корхона етказиб берувчиларга ҚҚС гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилган даврда тақдим қилинган 9 600 минг сўм суммадаги ҚҚСни ҳисобга олиши учун гувоҳноманинг амал қилиши тиклангандан кейин етказиб берувчилар унга ушбу давр учун тузатилган ЭҲФни тақдим қилишлари керак – ўша кўрсаткичлар билан.
Харидорлар корхона томонидан ҚҚС гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилган даврда тақдим қилинган 12 000 минг сўм суммадаги ҚҚСни ҳисобга олиши учун гувоҳноманинг амал қилиши тиклангандан кейин корхона уларга ушбу давр учун тузатилган ЭҲФни тақдим қилиши керак – ўша кўрсаткичлар билан.
Гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилган давр учун ҚҚС бўйича ҳисоботни қайта топширишда тузатилган ЭҲФ сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисоб-фактуралар Реестрида (ҚҚС Ҳисоб-китобига 4-илова 1-жадвал) ҳисобга олинадиган ҚҚС бўйича ЭҲФ сифатида акс эттирилади.
Шундай қилиб, ҚҚС гувоҳномангизнинг амал қилиши тўхтатилганда контрагентлар сизга ЭҲФни одатдаги тартибда тақдим қилишлари керак. Бунда ушбу ЭҲФ бўйича товарлар ва хизматлар ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқисиз ҳисобга қабул қилинади. ҚҚС гувоҳномаси тиклангандан кейин улар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин бўлади.
Шунингдек эътиборга олишингиз керак: агар сизнинг ҚҚС гувоҳномангиз амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмаганлиги сабабисиз тўхтатилган бўлса ва бугунги кунда унинг амал қилиши тикланмаган бўлса, солиқ органларининг қарори устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилишингиз мумкин .
ҚҚС гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш даврида контрагентлар томонидан жисмоний шахс – корхона раҳбарига товарлар ва хизматлар учун тақдим қилинган ЭҲФни ҳисобга олиб бўлмайди.