Полезное для бухгалтера в декабре:
Давлатдан субсидия сифатида олинган пул учун ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш керакми
Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга бюджетдан тўланган суммалар учун ҳисобварақ-фактуралар тўғрисида хат йўллади. Давлат субсидияларини олганларда савол туғилди: бундай тушумларни ҳисобварақ-фактуралар билан расмийлаштириш керакмиди?
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг ҚҚС маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фирдавс МАҲМУДОВ ва ҚҚС маъмуриятчилиги бошқармаси бўлими катта инспектори Гулноза ҚАРШИЕВА тушунтиришди:
– Хатларни давлат бюджетидан пул тўланган солиқ тўловчилар олишди. Солиқ органларида мавжуд ахборотдан кўринадики, бундай тўловлар бўлган, бироқ бу қандай тўлов эканлиги охиригача тушунарли эмас. Бундай вазиятлар турли сабабларга кўра юзага келади. Энг кенг тарқалганлари: ҳисобварақ-фактураларда тўлов тафсилотлари етарлича аниқ ёзилмаган ёки ҳисобварақ-фактура тақдим этилиши лозим бўлган айланмаларга у тақдим этилмаган.
Хат солиқ тўловчи томонидан бюджетдан қандай пул олинганлигига аниқлик киритиш мақсадида юборилган. Хатга тўловларга бўлган ҳуқуқни ва уларни расмийлаштириш қоидаларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳаволалар билан асослаб жавоб бериш ва тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиш лозим.
Агар ташкилотингиз субсидиялар олган бўлса, ушбу пул учун ҳеч қандай ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштириш керак эмас. Хатга сизнинг субсидиялар олишга бўлган ҳуқуқингизни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинг.
Барча қолган ҳолатларда солиқ тўловчи Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-73-сон қарорининг 16-бандига амал қилиши керак, унда 2022 йил 1 январдан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган давлат харидлари (импорт шартномалари асосида амалга ошириладиган харидлардан ташқари) учун тўловлар фақат электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирган ҳолда амалга оширилади, дейилган.