Ўзбекистонда МҲХСга ўтишда қандай ўзгаришлар юз бермоқда

preview

Солиқ қўмитаси сайтида янги Йирик солиқ тўловчилар рўйхати эълон қилинди - у аввалгисидан икки баробар кам. Шу билан бирга, regulation.gov.uz порталида "Бухгалтерия ҳисоби тизимини янада такомиллаштириш ва уни Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори лойиҳаси (ID-101485) муҳокама қилинмоқда.

Buxgalter.uz илтимосига кўра вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

Солиқ маслаҳатчиларининг жавобларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– 24.02.2020 йилдаги ПҚ-4611-сонли қарорга мувофиқ МҲХСга ўтиши мажбурий бўлган йирик солиқ тўловчилар рўйхатининг қисқартирилишини ҳеч қандай ҳолатда МҲХСга ўтишдан воз кечиш деб талқин қилиш керак эмас. Солиқ қўмитаси раисининг 04.07.2024 йилдаги 209-сонли буйруғи Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мезонларини аниқлаш тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ солиқ хизмати бўлинмалари ишини қайта созлашга қаратилган. Бундай қарор қуйидагиларни қайта тақсимлаш зарурати туфайли қабул қилингани аён:

  • солиқ хизмати бўлинмалари ўртасида иш юкламаси;
  • марказ ва минтақалар ўртасида бюджет тушумлари.

Рўйхатнинг қисқариши ташкилотнинг йирик солиқ тўловчилар қаторига киритилиши асосида бўладиган соф тушум чегарасининг ошиши билан юз берди. Илгари бу 100 млрд сўм эди. Энди йирик солиқ тўловчиларга ўтган календарь йили якунлари бўйича ёки кетма-кет 12 ойлик давр якунлари бўйича маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) реализациясидан соф тушуми БҲМнинг 735 минг миқдоридан ошадиган, шунингдек ходимларининг ўртача йиллик сони камида 10 киши бўлган юридик шахслар ва Ўзбекистондаги хорижий юридик шахсларнинг доимий муассасалари (бўлинмалари) киради.

Қисқартириладиган йирик солиқ тўловчилар қаторига асосан 2023 йил октябрь ва 2024 йил 9 январда ушбу рўйхатга киритилган корхоналар кирди. Чунки уларнинг аксариятида соф тушум кўрсаткичи олдинги ва янги чегара орасида жойлашган. Ўйлайманки, улардан жуда камчилиги МҲХСга ўтишни кечиктиришни истамайдилар.

"Бухгалтерия ҳисоби тизимини янада такомиллаштириш ва уни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори лойиҳаси МҲХСни жорий этиш давом этаётганидан далолат беради. Муҳими, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу ҳужжатни қабул қилиш орқали бу жараённи янги босқичга олиб чиқмоқчи.

Менинг фикримча, бундай ҳужжат икки-уч йил олдин - 2020-2021 йилларда чиқиши керак эди, чунки у корхона ва ташкилотларни МҲХСга ўтишда қўллаб-қувватлаш, молиявий ҳисобот ва аудитнинг миллий ва халқаро стандартларини уйғунлаштириш билан боғлиқ кўплаб масалаларни тартибга солишга қаратилган. Ҳужжат сифатли ва имкон қадар фойдали бўлиши учун иложи борича кўпроқ мутахассислар ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини regulation.gov.uz сайтида қолдиришлари керак. Муҳокама 27 июлгача давом этади.

Амалиётда кўриб турганимиздек, МҲХСга ўтиш ва қайтиш кўпинча йил давомида юз бериши мумкин, шунингдек солиқ тўловчига боғлиқ бўлмаган сабаблар ва асослар туфайли. Кейинчалик бу ҳисоботда ва унинг текширувларида катта қийинчиликларга олиб келади. Шунинг учун лойиҳанинг ўтиш пайтини тартибга солувчи нормасини жуда муҳим деб ҳисоблайман. Лойиҳада барча корхоналар учун МҲХС бўйича ҳисоботларни тузиш санасини ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 январи этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Бундан МҲХСга ихтиёрий равишда ўтаётган ташкилотлар мустасно.

Ҳисобот йилида халқаро стандартларга ихтиёрий ўтиш тўғрисида қарор қабул қилган тадбиркорлик субъектлари ҳисобот йилининг 1 апрелигача МҲХСга ўтиш санасини кўрсатган ҳолда солиқ органларига тегишли хабарнома юборишлари керак бўлади.

МҲХС талаблари асосида консолидациялашган молиявий ҳисоботни шакллантирадиган хўжалик юритувчи субъектлар ўзларининг алоҳида молиявий ҳисоботини МҲХСга мувофиқ тайёрлашлари керак бўлади.

Кадрлар сиёсати ва кадрлар тайёрлаш масалаларида корхоналарни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. МҲХС бўйича ишлайдиган корхоналар учун ташкилотларнинг бухгалтерия ҳисоби хизматлари раҳбарларини мажбурий сертификатлаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда:

 1) ижтимоий аҳамиятга эга бўлган;

 2) бухгалтерия хизматларини кўрсатувчи.

Мажбурий аудит хизмати такомиллаштирилади. Электрон ҳужжатлар шакллари, хусусан, ЭҲФ МҲХСнинг талабларига мослаштирилади.

Жамоат ташкилотлари рўйхатига қуйидагиларни киритиш таклиф этилмоқда:

а) қимматли қоғозлар фонд биржаси листингига киритилган ташкилотлар;

б) тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари;

в) суғурта ташкилотлари;

ж) устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган, айни пайтда "к" банди талабларига жавоб берадиган хўжалик жамиятлари;

г) инвестиция фондлари;

д) фонд биржалари;

к) ҳисобот йили охирида активларининг баланс қиймати БҲМ суммасидан 200 минг баробардан кўп, сўнгги икки йил мобайнида товар ва хизматларни реализация қилишдан йиллик даромади 500 минг БҲМ ва ундан кўп, ходимларининг ўртача йиллик сони 1 кишидан кўп бўлган ташкилотлар.

Шу билан бирга, маълум бир гуруҳ йирик солиқ тўловчилар учун чораклик молиявий ҳисоботни жорий этиш таклиф этилмоқда. Ҳолбуки, Ўзбекистон яқиндагина бу амалиётдан воз кечиб, молиявий ҳисоботни топшириш даврийлигини йилликка ўтказган эди. Ўйлайманки, бу қарор камерал назорат билан боғлиқ. Уч ойлик рақамларни таҳлил қилиш бутун йиллик рақамларни таҳлил қилишдан осонроқ.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

МҲХС МҲХС МҲХС /ul/publish/doc/text201445_uzbekistonda_mhhsga_utishda_qanday_uzgarishlar_yuz_bermoqda