ННТ аъзолик бадаллари учун ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш керакми

preview

«СКнинг 239-моддасига мувофиқ ННТ аъзоларининг мақсадли бадаллари товар ва хизматларни реализация қилиш айланмасига кирмайди. Демак, ҚҚС солинмаслиги керак. Янги ННТ аъзолик бадаллари учун МХИК 11199008018000000 билан ҳисобварақ-фактура расмийлаштирди. Натижада аъзолик бадалларининг бутун суммасига ҚҚС солинди. Бунда балки МХИК нотўғри танланган бўлиши мумкин? Қаерда хатога йўл қўйилган? ННТ аъзолик бадалларини солиққа қандай тўғри тортиш керак?»

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

Мутахассисларнинг зарур тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Бу вазиятда гап умуман МХИК ҳақида эмас.

СКнинг 48-моддасига мувофиқ нотижорат ташкилотларни таъминлаш ва уларнинг устав фаолиятини юритишга йўналтирилган мақсадли тушумларга қонун ҳужжатларига мувофиқ таъсисчилар, иштирокчилар ва аъзоларнинг бадаллари киради. Бу ҳолда “устав фаолияти” тушунчаси асосий ҳисобланади. Бу ташкилот уставида унинг аъзолари бадаллари сарфланадиган мақсад ва вазифалар аниқ кўрсатилиши лозимлигини англатади.

Агар ушбу аъзолик бадаллари қонунчилик ва нотижорат ташкилотининг уставида берилган таърифларга тўғри келса, бу маблағлар солиққа тортилмайди. Солиқ солишда муаммолар юзага келмаслиги учун бадалларни тўғри расмийлаштиришни таъминлаш керак.

Эътибор беринг: СКнинг 47-моддасига мувофиқ юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар уларнинг товар ва хизматларини харид қилувчиларга ҳисобварақ-фактуралар ёзиб берадилар. Хусусан: ҳисобварақ-фактуралар товар ва хизматларга расмийлаштирилади. Ташкилот уставига мувофиқ киритилган аъзолик бадаллари товар ёки хизматлар учун тўлов ҳисобланмайди. Бинобарин, уларга умуман ҳисобварақ-фактуралар, онлайн-НКТ чеклари ва солиқ базасини шакллантиришнинг бошқа бирламчи ҳужжатларини расмийлаштириш керак эмас.

Қонунчилик ва нотижорат ташкилотларининг уставида белгиланган аъзолик бадалларини ўз ичига олган мақсадли маблағлардан ташқари барча бошқа даромадлар тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар – ҚҚС солинадиган айланмалар сифатида кўриб чиқилади. Бинобарин, уларга ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш мумкин ва бу айланмага ҚҚС солиниши мумкин.

ННТ бир вақтнинг ўзида ҳам аъзолик бадаллари, ҳам тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар ҳисобига мавжуд бўлганда, тўғри ҳисоб ва солиққа тортиш учун тушумлар ва харажатларни алоҳида ҳисобга олиш тавсия этилади.

МХИК 11199008018000000 “Бадаллар” эса умуман электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш учун мўлжалланмаган. У электрон тўлов тизимлари ёрдамида тўланадиган солиқлар, божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўғри ҳисобга олиш ва солиққа тортиш мақсадида жорий этилган.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


ННТ ННТ ННТ /ul/publish/doc/text203952_nnt_azolik_badallari_uchun_hisobvaraq-faktura_rasmiylashtirish_kerakmi