Жисмоний шахсларга электромобилларни зарядлаш харажатларининг бир қисми қопланадими?

preview

2026 йил 1 майдан 2030 йил 31 декабрга қадар жисмоний шахслар томонидан электромобилларни қувватлантириш станцияларида истеъмол қилинган 1 кВт/соат электр энергияси қийматининг 300 сўмдан ортиқ қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланиши мумкин.

«Электромобилларни зарядлаш инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги НҲҲ лойиҳаси 17 майга қадар ҚҲТБТда муҳокама қилинади. Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

 

Лойиҳага кўра:

  • электромобилларни қувватлантириш учун зарядлаш станцияларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларга субсидиялар ажратилади;
  • субсидия миқдори электромобиллар учун зарядлаш станцияларига сотиладиган 1 кВт/соат электр энергиясининг белгиланган нархи ва 300 сўм ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб ҳисобланади;
  • субсидия тўловлари жисмоний шахсларнинг жами даромадига киритилмайди;
  • субсидиялар солиқ органлари томонидан фуқароларнинг банк карталарига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар «Солиқ» мобил иловаси орқали ўтказиб берилади.

Бир вақтнинг ўзида қуйидагилар режалаштирилмоқда:

  • қувватлантириш станциялари фаолиятини кузатиш ва бошқариш учун ягона рақамли платформани (EV-Power) жорий этиш (платформанинг синов версиясини ишга тушириш – 2026 йил 1 августгача, оператор – «Ўзинфоком»);
  • хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш орқали инфратузилмани ривожлантиришга хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш.

Шаҳар марказлари ва республиканинг бошқа ҳудудларида энергия тизимига бир вақтнинг ўзида катта юклама тушмаслиги учун тез зарядлаш станциялари бир-бирига бевосита яқин жойлаштирилмайди.

Республика ҳудудларига олиб борувчи халқаро ва давлат автомагистраллари бўйидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари, газ-компрессор станциялари ва инфратузилма объектларида тез зарядлаш шохобчалари сони ҳудуд электр тармоғидаги юкламани ҳисобга олган ҳолда ҳар 20 км масофада жойлаштирилади. Бунда терминаллар сони 5 тагача етиши мумкин.

Амалдаги станцияларда ўлчашларнинг ишончлилиги ва аниқлигини ошириш учун республикадаги электромобилларни зарядлаш станцияларининг барча турлари аккредитациядан ўтган метрологик хизматлар томонидан белгиланган тартибга мувофиқ 2 йилда бир марта метрологик текширувдан ўтказилиши шарт.

Лойиҳа эксплуатацияда бўлган, аммо метрологик текширувдан ўтмаган ёки текширув муддати тугаган станциялардан фойдаланишни тақиқлайди.

Ушбу лойиҳа бўйича ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни 17 майга қадар ҳавола орқали қолдиришингиз мумкин > > >

Эслатиб ўтамиз

2028 йил 1 январгача электромобилларни зарядлаш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга қуйидаги имтиёзлар берилди  :

– мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича – зарядлаш станциялари ва улар эгаллаган ер участкалари учун ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида солиқ тўланади;

– фойда солиғи бўйича – зарядлаш хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлар бўйича солиқ тўлашдан озод этиш, башарти бу даромадлар ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 50 фоизини ташкил этса;

– айланмадан олинадиган солиқ бўйича – қувватлаш хизматларидан олинган даромад солиқ базасидан чегириб ташланади.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text215119_jismoniy_shahslarga_elektromobillarni_zaryadlash_harajatlarining_bir_qismi_qoplanadimi