Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
ННТларда ўз ҳисоб стандарти пайдо бўлди – лекин уни 2028 йилдан қўллаш, ҳисоботларни эса ҳозирдан топшириш лозим
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олувчи биринчи миллий стандарт – 77-сонли МҲМС «Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот» тасдиқланди (04.08.2026 й. АВ рўйхат рақами 3917-сон).
Стандарт 2028 йил 1 январдан бошлаб кучга киради. Ушбу санагача ННТлар амалдаги қоидалар асосида ҳисобни юритадилар ва ҳисоботларни топширадилар.
Нималар ўзгаришини – Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби услубиёти ва аудиторлик фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асал ҲОШИМОВА билан биргаликда buxgalter.uz сайтида таҳлил қиламиз.
Янги МҲМСлар шарҳини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.
Нима учун алоҳида стандарт керак
Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларини ишлаб чиқиш, шу жумладан алоҳида фаолият соҳалари учун, Президентнинг 15.09.2025 йилдаги ПҚ-282-сон қарори доирасида давом эттирилмоқда.
Ҳозирги вақтда ННТлар – жамоат фондлари, хайрия ташкилотлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, диний ташкилотлар ва бошқа жамоат бирлашмалари – ҳисобни нотижорат фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олмайдиган, тижорат ташкилотлари учун ёзилган миллий стандартлар асосида юритмоқдалар.
77-сонли МҲМС – ННТлар учун бухгалтерия ҳисобининг миллий тизимини шакллантиришнинг бошланғич босқичидир.
Стандарт кимларга татбиқ этилади
Стандартни нафақат ННТларнинг ўзлари, балки уларнинг юридик шахс мақомига эга бўлган ваколатхоналари ва филиаллари, шунингдек бош ташкилоти Ўзбекистондан ташқарида жойлашган халқаро ва хорижий нотижорат ташкилотларининг ваколатхона ва филиаллари қўллайди. ННТ ва унинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмалари бир хил ҳисоб сиёсатини қўллайдилар (7-банд).
Асосий тушунчалар қонунчиликда белгиланган маънода қўлланилади. ННТ – жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир
.
Ҳисоб сиёсатида нималарни мустаҳкамлаб қўйиш керак
Стандарт турли ННТлар учун ҳисоб ва ҳисоботга нисбатан минимал бир хил талабларни белгилайди. Ҳар бир ННТ ҳисоб сиёсатини мустақил равишда – 2-сонли МҲМС «Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари»
асосида ҳамда ўз фаолиятининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда шакллантиради. Унда қуйидагилар акс эттирилиши лозим (6-банд):
- бухгалтерия ҳисобининг ишчи ҳисобварақлар режаси;
- бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг шакллари;
- бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар айланиши талаблари;
- нотижорат фаолият учун фойдаланиладиган активларнинг ҳисоби;
- мақсадли тушумларнинг ҳисоби, уларни тан олиш ва улардан фойдаланиш;
- харажатларни тақсимлаш;
- инвентаризация ўтказиш;
- молиявий ҳисоботни тақдим этиш.
Талаблар рўйхатини стандарт белгиласа-да, ҳисоб сиёсати тўғрисидаги буйруқ матнини ташкилотнинг ўзи ёзади.
Стандарт ҳисоб сиёсатига саккизта талабни белгилайди, бироқ таърифларни бермайди – ҳужжат матнини ННТнинг ўзи ёзади.
«Нотижорат ташкилотида бухгалтерия ҳисобини қандай юритиш керак» тавсиясида – 8800 мақсадли тушумлар билан ишчи ҳисобварақлар режаси, аъзолик бадаллари ҳисобига мисол, харажатлар сметаси ва нотижорат фаолият бўйича ҳисобот, ННТнинг тадбиркорлик фаолиятини алоҳида ҳисобга олиш тартиби келтирилган. НТТнинг ҳисоб сиёсати айнан шулардан иборат бўлади.
Муаллифлар – Шуҳрат Худойназаров ва Наталья Меметова, «Норма» экспертлари. 2027 йил учун ҳисоб сиёсати конструкторини 2026 йил декабрь ойида очамиз.
ННТнинг ишчи ҳисобварақлар режаси ва харажатлар сметасини олиш → кириш ҳуқуқини сўраш.
Бошқа МҲМСлар билан боғлиқлик
Стандартда алоҳида ҳисоб объектларини тан олишнинг батафсил қоидалари мавжуд эмас – улар бошқа МҲМСларга киритилган бўлиб, уларнинг бир қисми ҳали ишлаб чиқилмоқда. Муқаддимада аниқ айтилишича: 77-сонли МҲМС бошқа МҲМСлар билан биргаликда қўлланилади, ушбу стандарт билан бевосита тартибга солинмаган масалалар бўйича эса молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларининг умумий талаблари амал қилади. Нотижорат фаолиятга хос бўлган масалаларда эса стандарт аниқ.
Мақсадли тушумлар – даромад эмас
Амалиётда молиявий ҳисобот солиқ хавфларини баҳолаш учун ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади, шу сабабли 77-сонли МҲМСда мақсадли тушумлар алоҳида ҳисобга олинади ва даромад сифатида тан олинмайди. Бу ҳисобни ислоҳ қилиш даврида ННТларни асоссиз хавфлардан халос этади.
Механизм 2-бобда очиб берилган:
- мақсадли маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган нотижорат фаолият бўйича харажатлар ҳар бир мақсадли тадбир кесимида алоҳида акс эттирилади; агар тўғридан-тўғри тақсимлаш имкони бўлмаса – ҳисоб сиёсатида мустаҳкамланган ва изчил қўлланиладиган усул бўйича тақсимланади (11-банд);
- ой, чорак ёки йил охирида харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар тегишли мақсадли тушумларни ҳисобга олувчи ҳисобварақ билан боғланган ҳолда ёпилади (12-банд);
- нотижорат мақсадларда фойдаланиладиган асосий воситалар ва номоддий активларнинг эскириши уларга йўналтирилган мақсадли молиялаштириш маблағларининг камайиши сифатида ҳисобдан чиқарилади (13-банд);
- курс фарқлари, баҳолаш қийматларининг ўзгариши ва активлар ҳамда мажбуриятлар қийматининг бошқа шунга ўхшаш ўзгаришлари мақсадли маблағларнинг келиб тушиши ва сарфланишидан алоҳида ҳисобга олинади (10-банд).
Ишчи ҳисобварақлар режасида алоҳида ҳисобварақлар очиш мумкин бўлган мақсадли тушумлар рўйхати 8-бандда келтирилган – унга кириш ва аъзолик бадалларидан тортиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари ҳамда чет давлатлар, халқаро ва чет эл ташкилотлари маблағларигача киради.
Тадбиркорлик фаолияти – алоҳида юритилади
Агар ННТ уставида белгиланган мақсадлар доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланса, ушбу фаолият бўйича даромадлар ва харажатлар ҳисоби алоҳида юритилади, олинган даромадлар (фойда) эса ННТнинг молиялаштириш манбаларига ўтказилади ва фақат уставдаги мақсадлар учун йўналтирилади (5-банд).
Ҳисоб регистрлари
77-сонли МҲМС иккита намунавий шаклни жорий этади – Бухгалтерия операцияларини қайд этиш журнали ва Бухгалтерия операцияларини ҳисобга олиш китоби (1 ва 2-иловалар). Агар ҳисоб ички назорат учун зарур маълумотларни ўз ичига олган ва операция реквизитлари бўйича маълумотларни тўплайдиган автоматлаштирилган ахборот тизимида юритилса, алоҳида регистрлар тузилмаслиги мумкин (20-банд).
Мақсадли маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлиги
ННТлар фаолияти адлия органлари томонидан тартибга солинади. ННТларнинг ушбу органлар олдидаги ҳар йилги ҳисоботи
номолиявий ва молиявий кўрсаткичларни ҳамда лойиҳалар бўйича мақсадли маблағлардан фойдаланиш маълумотларини ўз ичига олади; режалаштирилаётган тадбирлар бўйича ҳисобот ва хабарномалар E-ngo.uz портали орқали юборилади. Мақсадли маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни ННТлар бошқа давлат органларига ҳам – қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этадилар.
ННТлар томонидан ташқи манбалардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини ҳамда ташқи манбалардан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга оширишни келишиб олиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 04.10.2023 йилдаги 527-сон қарори билан тасдиқланган.
Шу тариқа, ННТлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва мақсадли маблағлардан фойдаланиш бўйича ҳисобот тизими аллақачон йўлга қўйилган.
77-сонли МҲМСнинг 23-банди молиявий ҳисоботга изоҳларда мол-мулк ва пул маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан молиялаштириш манбалари ва мақсадлари тўғрисидаги ахборотни очиб беришни талаб қилади. Ташқи фойдаланувчи учун мақсадли молиялаштиришни ҳисобга олиш тартиб-таомиллари эмас, балки айнан мақсадли лойиҳаларнинг бориши ва якуни муҳим аҳамиятга эга.
Ҳисобот таркиби
ННТ ва уларнинг алоҳида бўлинмаларининг йиллик молиявий ҳисоботи камида молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботдан (бухгалтерия балансидан) иборат бўлади. Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот фақат ташкилот тадбиркорлик фаолиятини юритган тақдирда киритилади (22-банд).
Ҳисоботни тайёрлашнинг умумий тамойиллари Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос
билан, шакллар ва муддатлар эса Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари ҳамда уларнинг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги низом
билан белгиланган.
Жамоат фондлари учун алоҳида талаб мавжуд: улар ҳар йилги молиявий ҳисоботларини қонунчиликда белгиланган тартибда аудиторлик хулосаси билан бирга эълон қилади (77-сонли МҲМС 25-банди).
Тижорат фаолиятидан даромад олмайдиган ННТлар ҳисоботларининг таркиби юридик шахснинг одатий ҳисоботлар тўпламидан фарқ қилади.
«Нотижорат ташкилоти қандай ҳисоботларни тақдим этади» тавсиясида айнан шу вазият таҳлил қилинган: олтита солиқ бўйича солиқ ҳисоботлари, молиявий, статистика ҳисоботлари ва адлия органларига тақдим этиладиган ҳисоботлар.
Ҳаммуаллиф – Гулнора Низамутдинова, Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи.
ННТлар учун ҳисоботлар рўйхатини кўриш → кириш ҳуқуқини сўраш.
Халқаро контекст: INPAS
2025 йил октябрь ойида нотижорат ташкилотлари учун Халқаро стандарт (INPAS, International Non-Profit Accounting Standard) эълон қилинди. Бу МҲХС стандарти эмас, балки нотижорат сектори учун стандартдир, гарчи у кичик ва ўрта бизнес учун МҲХСга асосланган бўлса-да. У мақсадли тушумларни тан олиш (даромад ёки мажбурият сифатида), уларни фойдаланишда чекланган ва чекланмаган турларга ажратиш ҳамда лойиҳалар бўйича муҳим тадбирлар ва эришилган мақсадлар тўғрисида номолиявий ҳисобот тайёрлашнинг махсус қоидаларини ўз ичига олади. Стандартни INPRF мустақил фонди тарғиб қилмоқда, унинг мақсади – 2030 йилга келиб INPAS стандартини камида 10 та мамлакатда тан олинишига эришишдир.
Кейинги қадамлар
77-сонли МҲМС – бу ННТлар учун ҳисоб ва ҳисобот тизимини шакллантиришнинг биринчи босқичи бўлиб, уни тартибга солишнинг якуний модели эмас. 2028 йилгача бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботига оид амалдаги ҳужжатларни тўлдириш, янги МҲМСларни ишлаб чиқиш ва 77-сонли МҲМСнинг ўзини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Ўзгаришларни ҳужжатлар чиқишига қараб buxgalter.uz сайтида таҳлил қилиб борамиз (янги материалларни кузатиб бориш учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг).
2026 йил учун ҳисоб ва ҳисобот эса амалдаги қоидалар бўйича юритилади – уларнинг таҳлили Buxgalter Pro тавсиялар базасининг «Нотижорат ташкилотлари» бўлимида тўпланган: ННТ фаолиятининг ҳуқуқий асослари, бухгалтерия ҳисоби, солиқ ҳисоби, ҳисоботлар таркиби.
Барча тавсиялардан фойдаланиш учун уч кунлик кириш ҳуқуқи – бепул.
Ўз вазифангиз мисолида текшириб кўринг: мақсадли тушумлар бўйича ўтказмаларни очинг, ҳисоб сиёсатини шакллантиринг, ҳисоботлар рўйхатини солиштиринг. Агар фойдали бўлмаса – ҳеч нарса тўламайсиз.
3 кунлик кириш ҳуқуқини олиш → менежердан сўраш.
![]()