Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Агар мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишга улгурмаган бўлсангиз, нима қилиш керак
Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиладиган ташкилотлар 15 майга қадар 2020 йилги молиявий фаолият натижалари тўғрисидаги аудиторлик хулосасининг нусхаларини солиқ органларига топширишлари керак эди. Buxgalter.uz илтимосига биноан, қандайдир сабабларга кўра ўз вақтида мажбуриятларини бажармаганларга нима қилиш кераклиги хақида солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтириш берди:
– Агар ташкилот мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатига киритилган бўлса, ҳар қандай ҳолатда жараённи якунлаши ва солиқ органларига тегишли хулоса тақдим этиши керак. Уни солиқ тўловчининг шахсий кабинетининг "Аудиторлик хулосаларини жўнатиш " махсус функционали орқали юбориш мумкин.
Эслатиб ўтаман, 2020 якунлари бўйича ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан қуйидагилар ўтиши керак:
- акциядорлик жамиятлари;
- активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан кўп бўлган масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар;
- банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;
- суғурта ташкилотлари;
- инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамлаб турувчи бошқа фондлар ҳамда уларнинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар;
- манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари бўлмиш хайрия фондлари ва бошқа ижтимоий фондлар;
- маблағларининг ҳосил бўлиш манбалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган, юридик ва жисмоний шахслар томонидан қилинадиган мажбурий ажратмалар бўлмиш бюджетдан ташқари фондлар;
- устав фондида давлатга тегишли улуш бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналари.
- фонд ва товар биржалари.
Аудиторлик хулосаси нусхаси солиқ органига у ёки бошқа сабабларга кўра белгиланган муддатда -15 майгача тақдим этилмаган тақдирда хўжалик юритувчи субъект солиқ органига аудиторлик хулосаси мавжуд эмаслигининг сабабини акс эттирувчи тушунтиришни ёзма шаклда тақдим этиши керак. Шу билан бирга, аудиторлик текширувини имкон қадар тезроқ якунлаш керак – ҳар ҳолда, 2021 йил охиридан кечиктирмасдан.
Мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан бош тортиш - жазоланилади:
- мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади
- Хўжалик субъектининг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жазо қўллангандан кейин календарь йил охиригача мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаш хўжалик субъектидан жарима ташкилотга солинади. Жарима ставкалари хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисобот йили охирида маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан олинган ялпи тушуми миқдорига қараб белгиланган :
Бир йилда маҳсулот (ишлар, хизматлар) сотишдан олинган ялпи тушум миқдори |
Жарима миқдори |
БҲМнинг 500 бараваригача |
БҲМнинг 50 баравари |
БҲМнинг 500 бараваридан 15 минг бараваригача |
БҲМнинг 75 баравари |
БҲМнинг 15 минг бараваридан ортиқ |
БҲМнинг 100 баравари |
Хўжалик субъектига жарима суд тартибида солинади, у содир этилган ҳуқуқбузарликда айбини тан олган ҳамда жаримани ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда эса — жарима солиқ органи томонидан солинади .
Хўжалик субъектининг охирги ҳисобот санасидаги жорий активларининг 20 фоизидан ортиқ бўлган ялпи жарима жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 6 ой мобайнида ҳар ойда бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилган ҳолда ундириб олинади
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади