Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Солиқ маъмуриятчилиги тартиб-таомиллари соддалаштирилиши керак
СКнинг 266-1-моддаси бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш учун контрагентга тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этишини илтимос қилиш керак. Айланмадан олинадиган солиқнинг пастроқ қатъий белгиланган ставкасига ўтиш учун дастлаб ушбу режимдан воз кечиш ва сўнгра пастроқ ставкада ушбу режимга ўтиш тўғрисида ариза бериш лозим. Нима учундир битта тугмага “киритиш” мумкин бўлган нарса шунчалик мураккаблаштирилган ва ҳеч қаерда ёзилмаган.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди. Шунингдек, у солиқ маъмуриятчилиги тартиб-таомилларини қандай соддалаштириш мумкинлиги юзасидан ўз фикрини баён этди.
– СКнинг 266-1-моддасига мувофиқ ҚҚС-гувоҳномаси қайта тикланганидан кейин солиқ тўловчи Гувоҳнома тўхтатиб турилган даврда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли. Норма мавжуд, уни амалга ошириш услубияти эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ёзилмаган. Бу ҳолда контрагент тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этиши лозимлиги ҳақида биз солиқчиларнинг тушунтиришларидан биламиз.
Солиқ тўловчилар ушбу вазиятларда солиқчилар тушунтираётган тарзда йўл тутишлари керак. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Яъни, СКнинг 266-1-моддаси бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш учун солиқ тўловчининг яна контрагентга мурожаат қилиб, унинг ҳолатини тушунишини – тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этишни сўрашдан бошқа йўли йўқ.
СКнинг 266-1-моддаси бўйича ҳисобга олиш борасида солиқчиларнинг тушунтиришича, тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этишни қўллаш керак. Тузатилган ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш ҳисобварақ-фактурада йўл қўйилган хатоларни тузатишни кўзда тутади . СКнинг 266-1-моддаси нормасини қўллашда қандай хатога йўл қўйилган? Ахир, моҳиятига кўра, солиқ органларининг ахборот тизимларига келиб тушаётган барча маълумотлар тузатишлар киритилишига қарамай, илгари тақдим этилаётган ҳисобварақ-фактурада қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда.
СКнинг 266-1-моддаси нормасини амалга ошириш учун харидор сотувчисиз фойдаланиши мумкин бўлган махсус тугмани киритиш мумкин. Ахир, тартиб-таомил пайтида солиқ органларининг ахборот тизимларига барча маълумотлар киритилган бўлиб, улар фақат қўшимча операцияни – ҳисобга олишни амалга оширишлари лозим бўлади.
❖
Харидор ҚҚСни ҳисобга олиш учун тузатилган ЭҲФ тақдим этишни сўрамоқда, бу сотувчи учун бирор бир оқибатга сабаб бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида ўқинг.
Бу солиқ тўловчи учун осон соддалаштирилиши мумкин тартиб-таомилга ягона мисол эмас. Яқинда солиқчиларнинг айланмадан олинадиган солиқнинг пастроқ қатъий белгиланган ставкасига ўтиш борасида тушунтиришини олдик. Дастлаб қатъий белгиланган солиқдан воз кечиш, сўнгра эса солиқнинг пастроқ ставкасига ўтиш тўғрисида қайта ариза бериш лозим. Тартиб-таомил ҳам ҳеч қаерда ёзилмаган. Нима учун Солиқ кодексида қатъий белгиланган суммадаги айланмадан олинадиган солиқнинг оширилган ставкасига ўтиш ҳақида анча яхши ёзилган норма бор ва солиқ тўловчи бунгача тўлаган ставкадан пастроқ ставкага ўтадиган тақдирда норма мавжуд эмас?
Қатъий белгиланган солиқнинг пастроқ ставкасига ўтиш билан боғлиқ вазият ҚҚСни ҳисобга олиш билан боғлиқ вазиятга ўхшаш: барча зарур маълумотлар солиқ органларининг ахборот тизимларида мавжуд. Ва солиқ тўловчи қатъий белгиланган айланмадан олинадиган солиқни пастроқ ставка бўйича тўлаши ҳақида хабардор қилиши учун ҳам битта тугмани яратиш мумкин. Шунда дастлаб қатъий белгиланган солиқдан воз кечиб, сўнгра қайтадан янги ариза беришга тўғри келмайди.
Шунга ўхшаш масалалар нормалар жорий этилгунга қадар ишлаб чиқилиши керак. Қарорлар эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқ ёзилиши лозим. Масалаларни пухта таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш ахборот тизимлари салоҳиятидан тўлиқ ҳажмда фойдаланган ҳолда тадбиркорлар учун анча мақбул ва содда ечимлар яратиш имконини беради.
❖
Сизга 2024 йилда айланмадан олинадиган солиқ тўлашни хоҳловчилар учун учта йўриқнома асқотиши мумкин.