Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Мукаррама Турғунбоева номидаги "Ўзбекрақс" миллий рақс бирлашмаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.02.1997 й. 101-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 21 февралдаги

101-сон қарорига

1-ИЛОВА



Мукаррама Турғунбоева номидаги "Ўзбекрақс"

миллий рақс бирлашмаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мукаррама Турғунбоева номидаги "Ўзбекрақс" миллий рақс бирлашмаси (бундан буён матнда "Ўзбекрақс" деб аталади) рақс жамоалари ва алоҳида ижрочиларни ихтиёрийлик асосида танлов йўли билан бирлаштирувчи Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги тизимидаги мустақил ижодий ишлаб чиқариш тузилмасидир.


2. "Ўзбекрақс" таркибига, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ижодий жамоалар ва алоҳида ижрочилар киришлари мумкин.


3. "Ўзбекрақс" ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


4. "Ўзбекрақс" юридик шахс ҳисобланади, банк муассасаларида ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётларига эга бўлади, алоҳида мулкка эгалик қилади, ўз номидан мамлакатимиздаги ва хориждаги ҳамкорлар билан турли шартнома, битимлар тузиши, мулкий ва шахсий, мулкий бўлмаган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар олиши, суд органларида даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.


5. "Ўзбекрақс" манзили: Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони, 5-уй, "Баҳор" концерт зали.



II. МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. "Ўзбекрақс" мамлакатда миллий рақс санъатини ривожлантириш, ижодий жамоалар ва алоҳида ижрочиларнинг ижодий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун куч ва маблағларни бирлаштириш мақсадида ташкил этилган.


7. Қуйидагилар "Ўзбекрақс"нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган ва авлоддан авлодга ноёб мерос сифатида ўтиб келаётган жозибали рақс намуналарини тўплаш, бойитиш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига бу бебаҳо бойликларга чуқур ҳурмат ва ҳавас туйғуларини сингдириш, уларда миллий маданиятимиз, қадриятларимизга ниcбатан эҳтиром ҳисларини юксалтириш;

мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги рақс йўналишларини асраш, авайлаш, шу асосда янги бадиий жамоалар тузиш, мустақиллик маънавиятини ва истиқлол ғояларини тараннум этувчи, халқимизга эстетик, завқ бағишловчи замонавий ўзбек рақс мактабини яратиш;

бирлашма таркибидаги ижодий жамоаларнинг ташкилий, молиявий, моддий-техник масалаларини ечиш, уларни мусиқа асбоблари, ранг-баранг рақс либослари, замонавий радиоэлектрон техника, зарур анжомлар билан таъминлаш;

рақс санъатини Ўзбекистон халқи, чет мамлакатлар жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш, ансамблларнинг кенг кўламли дастурларга асосланган самарали гастроль фаолиятини уюштириш, реклама-тижорат ишларини йўлга қўйиш;

ижодий жамоалар ва алоҳида ижрочилар томонидан аҳолига маданий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш;

рақс соҳасида гастроль-концерт фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳолининг эстетик талаб ва таклифларини ўрганиш;

хорижий фирмалар билан маданий, савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик қилиш юзасидан ўзаро манфаатли ташқи иқтисодий алоқаларнинг янги шаклларини йўлга қўйиш;

кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;

"Ўзбекрақс" таркибидаги жамоалар ҳамда алоҳида ижрочилар фаолиятига раҳбарлик қилишнинг самарали тизимини яратиш, ташаббускорликни рағбатлантиришнинг замонавий шакллари ва услубларини жорий этиш.



III. "ЎЗБЕКРАҚС"НИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


8. "Ўзбекрақс" ўз вазифаларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда:

мамлакатда ва хорижда гастроль-концерт фаолиятининг кенг кўламли дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, шоу-дастурлар, дам олиш кечалари, фестиваллар, кўриклар, танловлар ва бошқа тадбирларни ўтказади;

рақс, мусиқа санъатини ривожлантириш, ижодий жамоалар ва ижрочиларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдодларни излаб топиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида махсус Жамғарма ташкил этади;

маданий тадбирлар учун чипталар нархининг чекланган даражасини тегишли тартибда белгилайди;

маркетинг, менежмент ва реклама соҳасида хизматлар кўрсатади;

аудио дастурларни ёзиш, кўпайтириш, ижарага бериш ва сотиш шохобчаларини очади;

янги мусиқий ва шеърий асарларни сотиб олади, янги концерт дастурларини яратади;

маданият ва рақс санъати соҳасида ахборотлар базасини яратади, хорижий ташкилотлар, вакилликлар ва фирмаларни бу соҳадаги янгиликлар ҳақида хабардор қилади;

хорижий мамлакатлар ижодий жамоалари билан ҳамкорлик қилади.



IV. "ЎЗБЕКРАҚС"НИНГ МАБЛАҒЛАРИ


9. "Ўзбекрақс"нинг маблағлари:

бюджетдан ажратмалар ёки бошқа марказлаштирилган маблағлар;

ишлаб чиқариш, хўжалик ва молия фаолиятидан тушган даромадлар;

ўз таркибидаги давлат бюджетидан дотация олмайдиган ташкилот, корхона ва муассасаларнинг фойдасидан ажратмалар;

қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил топади.


10. "Ўзбекрақс" ўзига тегишли бўлган мол-мулк ва маблағлардан ўз қатнашчилари манфаатлари йўлида фойдаланади, ҳам мамлакат ҳудудида, ҳам унинг ташқарисида ҳар қандай кўчадиган ва кўчмас мулкни қуриши ва реконструкция қилиши, сотиб олиши, ажратиши, ижарага олиши ва ижарага бериши, уларга нисбатан қонунга хилоф бўлмаган бошқа ишларни амалга ошириши мумкин.


11. "Ўзбекрақс" мустақил ва йиғма балансларига эга бўлади. Бирлашманинг мол-мулки мустақил балансда акс эттирилади.


12. "Ўзбекрақс" давлат корхоналари учун белгиланган қоидалар бўйича бухгалтерлик ҳисобини ташкил этади.



V. "ЎЗБЕКРАҚС"НИНГ ҚАТНАШЧИЛАРИ,

УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


13. Юридик ёки жисмоний шахслар ҳисобланувчи, мазкур Низом, бошқа таъсис ҳужжатлари талабларини тан олувчи, бирлашма вазифаларига мувофиқ маданий, ишлаб чиқариш, хўжалик ҳамда фаолиятнинг бошқа турларини амалга оширувчи маданият ва санъат ташкилотлари, муассасалари, корхоналар ва бирлашмалар "Ўзбекрақс" қатнашчилари бўлишлари мумкин.


14. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида" 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарори билан белгиланган имтиёзлар Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабига, шунингдек "Ўзбекрақс" бирлашмасига ҳам жорий этилади.


15. Қатнашчи ташкилотлар:

бирлашма ва унинг тизимидаги корхоналар хизматларидан шартнома асосида фойдаланиш;

ўзининг ривожланиши йўлида бирлашманинг ижодий, илмий-техник ишланмаларидан ва маҳсулотларидан устувор даражада фойдаланиш;

бирлашманинг қўмита фаолият ҳужжатларида ва муҳрларида "Ўзбекрақс" рамзидан фойдаланиш;

тузилган шартномаларга мувофиқ белгиланган мажбуриятларни сақлаган ҳолда камида олти ой олдин бирлашма бошқарувини хабардор қилиб, бирлашмадан чиқиш ҳуқуқига эга.


16. "Ўзбекрақс" қатнашчиси:

мазкур Низомга риоя қилишга;

бирлашманинг бошқа қатнашчилари билан қўшма фаолият шартларини бажаришга;

қўшма фаолият дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этишга мажбурдир.


17. Қатнашчи ташкилот:

"Ўзбекрақс" ёки унинг ҳар қандай қатнашчиси билан тузилган шартномаларни бажармаганлиги учун ушбу шартномалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда жавоб беради;

"Ўзбекрақс" тўғрисидаги Низом қоидаларига риоя қилмаганлиги учун бирлашма таркибидан чиқарилиши мумкин.



VI. "ЎЗБЕКРАҚС"НИНГ БОШҚАРУВ ТИЗИМИ


18. "Ўзбекрақс" бирлашмасига Бош директор раҳбарлик қилади. Бош директор раҳбарлигидаги бошқарув унинг тасарруф этувчи органи ҳисобланади.

Бош директор ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади.

"Ўзбекрақс"нинг Бош директори Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ҳайъатининг аъзоси ҳисобланади.

Бошқарув "Ўзбекрақс"нинг Бош директори, унинг ўринбосарлари, бирлашма таркибидаги жамоалар бадиий раҳбарлари ва етакчи мутахассислардан ташкил топади. Бошқарув аъзолари сонини ва таркибини Маданият ишлари вазирлиги тасдиқлайди.

"Ўзбекрақс" бирлашмаси дирекцияси қошида етакчи бадиий жамоалар ва ҳудудий бўлинмаларнинг раҳбарларидан, мутахассислардан иборат бадиий кенгаш тузилади.


19. Бош директор ўз ваколати доирасида "Ўзбекрақс" бошқаруви ва унинг тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва бирлашма фаолиятига оид бошқа меъёрий ҳужжатларни чиқаради.


20. Бош директор ходимларни мустақил равишда ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади.



VII. "ЎЗБЕКРАҚС"НИ ТУГАТИШ


21. "Ўзбекрақс" бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда тугатилиши, қайта тузилиши ёки бошқа ижодий ташкилотлар билан бирлаштирилиши мумкин.