Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.09.1997 й. 449-сон "Тадбиркор" акциядорлик-тижорат банкининг молиявий аҳволини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

23.09.1997 й.

N 449



"ТАДБИРКОР" АКЦИЯДОРЛИК-ТИЖОРАТ

БАНКИНИНГ МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИНИ

МУСТАҲКАМЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Деҳқон хўжаликларига, кичик ва ўрта бизнесга хизмат кўрсатувчи "Тадбиркор" акциядорлик-тижорат банки ("Ўзтадбиркорбанк")нинг молиявий аҳволини мустаҳкамлаш, унинг ликвидлигини ошириш, шунингдек банкнинг зарур инфратузилмасини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, "Ўзтадбиркорбанк" раҳбарияти томонидан банкнинг молиявий аҳволини яхшилашга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тўлов муддати ўтиб кетган 295,1 млн. сўмлик ссуда қарзи ундирилди, банкнинг устав жамғармасига қўшимча равишда 34 млн. сўм жалб этилди, умуман эса унинг ўз сармояси 104,4 млн. сўмга кўпайтирилди. Паст рентабелли 10 та туман бўлимлари, уларнинг 67 млн. сўмлик асосий воситаларини сотган ҳолда, ёпилди.


2. "Ўзтадбиркорбанк" Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси билан биргаликда кредитлар ва улар бўйича фоиз тўловлари бўйича тўлов муддати ўтиб кетган қарзларни ундириш юзасидан 1997 йил охиригача қатъий чора-тадбирлар кўрсин.

Олий хўжалик судига "Ўзтадбиркорбанк"нинг тўлов муддати ўтиб кетган қарзлар бўйича қарздор корхоналарга нисбатан даъвосини, олдиндан давлат божи тўлатмасдан, кейинчалик уни айбдор томондан ундириб олган ҳолда, қабул қилиш тавсия этилсин.


3. "Ўзтадбиркорбанк" устав жамғармасини шакллантириш мақсадида "Пахта-банк", "Ўзсаноатқурилишбанк", Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Асака" банки, "Бизнес-фонд", "Мадад" суғурта агентлиги, Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасининг унинг устав жамғармасига қуйидаги улушларда 55 млн. сўм қўшиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

"Пахта-банк" 10 млн. сўм

"Ўзсаноатқурилишбанк" 5 млн. сўм

"Ўзмиллийбанк" 10 млн. сўм

"Асака" банки 10 млн. сўм

"Бизнес-фонд" 10 млн. сўм

"Мадад" суғурта агентлиги 5 млн. сўм

Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси 5 млн. сўм


4. Марказий банкка банкни малакали мутахассислар билан таъминлашга ёрдам бериш тавсия этилсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.А.Чжен зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                       И. Каримов