Ўзбекистон Республикаси давлат нотариал идораларида стажировка ўташ тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 08.11.2006 й. 1638-сон билан рўйхатга олинган Адлия вазирлиги ҳайъатининг 08.11.2006 й. 29-сон қарори билан тасдиқланган)
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлигида
2006 йил 8 ноябрда 1638-сон
билан рўйхатга олинган
Адлия вазирлигининг
2006 йил 8 ноябрь 29-сон
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси давлат
нотариал идораларида стажировка
ўташ тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом "Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ, давлат нотариал идораларида стажировка ўташ тартибини белгилайди.
1. Давлат нотариал идорасида олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажировка ўташга тайинланиши мумкин.
2. Давлат нотариал идораларида стажёрлар сони ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади. Бунга иш ҳажми, келгусида қўшимча нотариусларга бўлган талаб ва ишдан бўшаб ёки бошқа ишга ўтиб кетаётган нотариуслар сони асос қилиб олинади.
Давлат нотариал идораларида стажёрлар захирасини Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда матнда адлия бошқармаси деб юритилади) тузади.
3. Стажировка ўтаганлар тегишли адлия бошқармаси томонидан алоҳида китобда рўйхатга олиб борилади.
4. Стажёрга раҳбар этиб нотариуслик лавозимида камида уч йил ишлаган ва нотариал фаолият бўйича етарли тажрибага эга бўлган нотариус тайинланади.
5. Стажёр раҳбари стажёрнинг стажировка даврида нотариал фаолиятга доир масалаларни ўзлаштириб боришида масъул ҳисобланади.
6. Стажёрга раҳбар этиб яқин қариндошлар (ота-она ва болалар, эр-хотинлар) тайинланиши мумкин эмас.
7. Стажировкага раҳбарлик қилаётган давлат нотариал идораси нотариусининг ойлик маошига адлия бошқармаси томонидан қўшимча тўловлар белгиланиши мумкин.
8. Стажировка ўталишини адлия бошқармаси ўз ваколати доирасида ўрганади, умумлаштиради ва назорат қилади.
ЎТАШИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ
9. Давлат нотариал идорасида стажёрни ишга қабул қилиш адлия бошқармаси томонидан меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади.
11. Меҳнат шартномаси тарафлар келишуви бўйича меҳнат тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ тузилади.
12. Стажёрни ишга қабул қилиш вақтида қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
а) ариза;
б) белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа;
в) паспорт нусхаси;
г) олий юридик маълумоти тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
д) меҳнат дафтарчаси (биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно);
е) охирги иш жойидан меҳнат фаолияти ҳақида тавсифнома (биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно).
13. Давлат нотариал идораларида стажёрни ишга қабул қилиш адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун стажёр билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади.
14. Ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ тузилган меҳнат шартномасининг мазмунига тўла мувофиқ равишда чиқарилиши ва стажёрга маълум қилиниши лозим.
15. Стажировка ўташ муддати, ишдан ажралган ҳолда камида бир йил бўлиши лозим. Стажировка ўриндошлик асосида ўталишига йўл қўйилмайди.
16. Юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган шахслар учун стажировка муддати тегишинча адлия бошқармасининг буйруғи билан камайтирилиши мумкин. Бундай ҳолларда стажировка муддати олти ойдан кам бўлмаслиги керак.
17. Нотариус ёрдамчиси, шунингдек Адлия вазирлигида ёки адлия бошқармасида бевосита нотариатга раҳбарлик қилиш вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ лавозимларда (раҳбарлар, мутахассислар) ишлаган шахсларнинг узлуксиз иш стажи бир йилдан кам бўлмаган тақдирда улар стажировка ўтаган ҳисобланиб, имтиҳон топширишларига йўл қўйилади.
18. Стажёрнинг ёхуд стажировкага раҳбар нотариуснинг узоқ муддат касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга (бола туғиш, тарбиялаш, таътилда бўлиши, ишдан ажралган ҳолда малака ошириш кабилар) кўра стажировканинг маълум муддати ўтолмай қолган тақдирда, тегишли адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғига кўра ана шу даврга узайтирилиши ёки бошқа нотариус ҳузурида стажировка ўташ учун бириктирилиши мумкин.
ТАШКИЛ ЭТИШ
19. Давлат нотариал идораларида стажёрлар меҳнатига белгиланган тартибда адлия бошқармаси томонидан ҳақ тўланади.
20. Стажёр меҳнат шароити, иш стажи, иш вақти, меҳнат таътили, ижтимоий суғурта ва бошқа меҳнат қонунчилигига оид масалаларда нотариуслар учун белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланади. Стажёрларга нисбатан ички меҳнат интизоми қоидалари татбиқ қилинади.
21. Адлия бошқармаси бошлиғи ёки ўринбосари томонидан стажировка даврида ўзлаштирилиши лозим бўлган ва нотариал фаолиятга тааллуқли бошқа масалаларни ўзида мужассамлаштирган стажировка ўташ режаси тасдиқланади. Ушбу режа асосида стажёрлар ўз вазифаларини давлат нотариал идораларида амалга оширадилар.
22. Стажёрнинг нотариал фаолиятни мукаммал ўрганишини таъминлаш мақсадида адлия бошқармаси томонидан, иши намунали бўлган ва айрим мураккаб нотариал ҳаракатларни расмийлаштирадиган бошқа давлат нотариал идораларида бир ойдан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида стажировка ўташи ташкил қилинади. Бошқа давлат нотариал идорасида стажировка ўталганлиги тўғрисида нотариус томонидан тегишли маълумотнома тузилиб стажёрнинг раҳбарига юборилади.
23. Стажёрнинг вазифасига қуйидагилар киради:
нотариал идорада иш юритиш;
нотариал ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш;
статистик ҳисоботларни тузиш ва таҳлил қилишда қатнашиш;
нотариал амалиётни умумлаштиришда иштирок этиш;
архив ишларини юритишни ўрганиш.
24. Стажировка даврида стажёр қуйидагиларни ўзлаштириши лозим:
Ўзбекистон Республикасининг нотариатга тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини;
нотариал амалиёт ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш қоидаларини;
меҳнат жамоаси ва фуқаролар билан ўзаро муносабатларда мавжуд бўлган ахлоқий нормаларни.
25. Стажёр хизмат вазифасини бажариш вақтида нотариал идорада амалга оширилган нотариал ҳаракатлардан унга маълум бўлган ахборотларни ошкор қилмаслиги лозим. Бу ҳақда стажёрдан тегишли тилхат олинади.
БЎЙИЧА ХУЛОСА
26. Стажёр стажировка якуни бўйича стажировка режасининг ижроси ҳамда ўзлаштирилиши ва касбий малакасини ошириш борасида амалга оширган бошқа ишлари ҳақида ёзма ҳисобот тузади.
27. Стажёр раҳбари ушбу ёзма ҳисобот асосида стажёрга тавсифнома тайёрлайди ва стажировка якуни бўйича хулоса тузади. Ушбу ҳужжатларга нотариуснинг имзоси ҳамда муҳри қўйилади.
28. Стажёр раҳбарининг хулосасида қуйидагилар баён этилиши лозим:
стажировка ўталган давр;
стажировка режаси бажарилганлиги ҳақидаги маълумот;
стажёрнинг стажировка ўташ даврида олган амалий кўникмалари ва касбий билим даражаси;
стажёрнинг унга юклатилган вазифаларни бажаришдаги маҳорати;
стажёрнинг кейинчалик мустақил равишда нотариус бўлиб ишлашга умумий тайёргарлик даражаси;
стажёрнинг стажировка ўталган даврига умумий ҳисоботи.
29. Хулоса уч нусхада тузилиб адлия бошқармасига ва стажировка ўтаган шахсга берилади. Учинчи нусхаси стажировка ўталган нотариал идорада сақлаш учун қолдирилади.
30. Стажировка натижалари бўйича стажёр адлия бошқармаси қошидаги нотариат бўйича малака комиссиясига ҳисобот беради ва комиссия қарорига асосан малака имтиҳонига қўйилади.
31. Стажировка ўташ натижаси тўғрисидаги хулоса ва тавсифнома стажёрнинг малака имтиҳонини топшириш ҳақидаги аризасига қўшиб қўйилади.
32. Адлия бошқармаси ҳар йили стажёрлар тайёрлаш борасида амалга оширилган ишларни умумлаштириб боради ва бу ҳақдаги маълумотни кейинги йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборади.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 45-сон, 451-модда.